Асалнинг таркиби ва фойдали хусусиятлари

Ўтмишдаги табиблар асални бежизга «узоқ умр кўриш малҳами», «ҳаёт шарбати», деб айтишмаган. Дарҳақиқат, унинг таркибида инсон организмига ўта зарур ва фойдали юздан ортиқ биологик модда бор. Айниқса ундаги рибоза моддаси фақат тирик организмларда учрайди. Бундан ташқари, унда тана фаолияти учун муҳим глюкоза, оқсил, фруктоза, органик кислоталар, Б-1, Б-2, Б-3, Б-6, Б-13, Б-14, С, К, Э дармондорилари, микро ва макроэлементлар бор. Асалдаги айрим дармондори ва шифобахш моддалар бошқа ҳеч бир озуқада учрамайди.

Асал таркибида жуда кўп витаминлар ва микроэлементлар борлиги унинг сифатини ва шифобахшлигини оширади. Асалнинг бу шифобахш хусусиятини сақлаш учун шиша, сопол ва сирланган идишларда қоронғи жойларда сақлаш лозим, асал сақланган жойни тез-тез шамоллатиб туриш, ҳароратни эса 10-15 даражадан оширмаслик керак. Уни темир ва алюминий идишларда асло сақлаб бўлмайди. Чунки унинг таркибидаги моддалар темир ва алюминий билан реакстияга киришиб, захарли моддалар ҳосил қилиши мумкин.

Асални ўпка, буйрак, жигар, юрак ва қон томирлар, ошқозон ва ичак касалликларини ва бошқа сурункали яра касалликларини даволашда кенг қўллаш мумкин.