Бу зот асаларилар Кавказ тоғининг юқори қисмидаги нектарга бой альп ўтлоқларидан асал йиғиш учун табиий танланиш орқали вужудга келган. Бу ердаги ўсимликлар гулкосасидаги тўпланадиган ширалар чуқурда жойлашганлиги билан ажралиб туради. Бу ернинг иқлим шароити бахорда ёмғирли кунларни кўплиги, ёзи қуруқ шамолли, кечалари аёз, қиши нам, узоқ давом этиши билан ажралиб туради. Мана шу шароитда бир неча асрлар давомида кулранг Кавказ асалари зоти вужудга келган.
Ҳозирги вақтга келиб бу зот ва унинг дурагайларини дунёнинг деярли хамма жойида учратиш мумкин. Бу зот асаларилари дунёдаги энг узун хартумли хисобланади. Хартумининг узунлиги 6,6 мм-7,25 мм.дан иборат. Бу асалариларнинг ранги кулранг, кумушсимон. Асаларилари бироз кичик, она асаларисининг тухум қуйиши 1 кунда 1100-1800 тагача. Камдан-кам ҳолларда кўч кўчириш ҳолатига келади. Табиатдан кунига 300-500 гр. Асал келса, кўч кўчириш холатидан қайтади. Бу зот асалари оилалари кўп ҳолларда онасини ўзлари тинч янгилайди. Янги ва эски оналар биргаликда бир неча кун оилада яшаши мумкин. Бу зот асалари оилалари ўзининг ватанида яхши қишлайди. Бошқа ўлкаларда сифатли, етарли асал бўлса, яхши қишлаб чиқади. Падь (қора асал) асал аралашган бўлса ичкетар бўлиб, нозематоз касалига тез чалинади. Бошка зот асалариларга нисбатан Европа чириш касаллиги билан тез касалланади. Бахорда ҳавони тез-тез совиб кетишида бола ариларни боқишни сезиларли даражада қискартиради. Кулранг Кавказ тоғ асаларилари жуда ювош бўлиб, уядаги ариларни кўраётганда асаларилар тинч ишлайверади. Уяларни кўп асалари елими билан елимлайди. Қишда уядаги қуви – (кириш тешиклари)ни кучли елимлаб кичкина кириб-чиқиш тешиги қолдиради. Ўғирликка жуда мойил. Ўз уяларини ўғирликдан яхши химоялайди. Асалли ўсимликларни топишда анча уддаброн. Бир асалли ўсимликдан иккинчи асалли ўсимликка, оз асалли ўсимликдан кўп асалли ўсимликка тез ўтади. Бошка зот асалариларга нисбатан паст ҳароратли туманли майин ёмгирли об-ҳавода ҳам ишлаш учун учиб чиқади. Етилган асални аввал уруғли қаватга, сўнг юқори қаватга йигади. Асални мум билан шуваб қўяди. Шувалган мум асалга тегиб тургани учун қорамтир кўринади. Хартуминингузунлиги сабабли беда, ёввойи қизил беда (себарга) ва дуккакли ўсимликларни яхши чанглатади.
Манба: » Асаларилар ва уларни бокиш усуллари» Сидиқов Зокиржон Мирзаакбарович




















