
Ҳар гал уяни кўздан кечирар экансиз, сиз асалариларни хавотирга соласиз ва вақтинчалик оиланинг нормал турмушини бузасиз. Асаларилар уядаги ним қороғуликка ўрганган, сиз қопоқни очганингизда бутун уяга тўғри қуёш нурлари тушиб, уни ёритади. Бундай кескин аралашувдан асаларилар асабийлашади ва улар ўз вазифаларини бажармай қўяди: она асалари тухум қўйишни тўхтатади ва уя ичига кириб кетади, энага асаларилар ғумбакларга қарамай қўяди, кўзни қўриқлаш сусаяди. Айни пайтда ёнатрофга асал ҳиди таралиб кетади.
Агар бу пайтда атрофда ширали гуллар кўп бўлмаса, ёнидан учиб ўтаётган арилар дарҳол очиқ уя томон йўналади. Оила тартибсиз аҳволга тушиб қолгани сабабли ўғри асаларилар биронбир тўсиқсиз асалдан тўйиб олади ва ўз уяси томонга учади. Бир неча дақиқадан сўнг улар яна бошқа ариларни эргаштириб, қайтиб келади. Бу ҳол такрор ва такрор содир бўлади ва тобора кўпроқ асаларилар уяга кириб, асал ўғирлашга ҳаракат қилади. Соқчи асаларилар уяни ўзгалар ҳужумидан ҳимоялай олмаса, ҳужмкор асаларилар уя ичига кириши ва ҳатто она асаларини ўлдириши мумкин.
Бу ҳолда ушбу уяда яшаётган оила ҳалокатга учрайди. Ҳимояланаётган уя арилари чекинади, асалдан олиб, ўғри асаларилар уяси томон учиб кетади. Ҳужумга учраган уя талонтарож қилинади ва оила барбод бўлади. Бу ҳужум деб аталади.
Бошланган ўғриликни деярли тўхтатиб бўлмайди ва бу ҳақиқатдан ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли ўғриликнинг олдини олишга ёрдам берувчи оддий қоидаларга амал қилиш керак.
Биринчи қоида
Асал олишда унинг бир томчисини ҳам ерга томизманг, асалли мумкатакларни асаларилар кира олмайдиган жойга қўйинг.
Иккинчи қоида
Агарда оила унчалик мустаҳкам бўлмаса, уя кўзини тўлиқ очиб қўйманг.
Учинчи қоида
Асалариларга фақат тунда ёки улар уча олмайдидан обҳаволи кунларда қўшимча овқат беринг.
Манба: «Асаларичилик – бошловчи асаларичилар учун»





















