2026 йил 3–5 март кунлари Самарқанд вилояти Жомбой туманида жойлашган СОФ ЭХПО халқаро кўргазмалар марказида AGROPRO EXPO 2026 халқаро агросаноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг муҳим профессионал платформалардан бири сифатида фермерлар, ишлаб чиқарувчилар ва соҳа мутахассисларини бирлаштирди.
Аграр соҳа вакиллари бир майдонда
АГРОПРО ЭХПО 2026 кўргазмасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар, агротехнологик компаниялар, қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб берувчилари, молиявий институтлар ва аграр соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбир доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ қилиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон аграр соҳасининг имкониятлари
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғи йилига 25 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради. Мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 фоиздан ортиғи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келади. Бугунги кунда республикада 85 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритиб, улар 4 миллион гектардан зиёд қишлоқ хўжалиги ерларини қамраб олган.
Шунингдек, мамлакатда 468 та агрокластер ташкил этилган бўлиб, улар деҳқончилик, боғдорчилик, пахтачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларини ўз ичига олади.
Замонавий технологиялар намойиши
Кўргазма доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг сўнгги инновациялар ва илғор технологиялар намойиш этилди. Жумладан:
• замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва автоматлаштирилган бошқарув тизимлари;
• томчилатиб, айланувчи ва барабанли суғориш ускуналари;
• юқори сифатли уруғлик материаллари ва агрохимикатлар;
• лаборатория жиҳозлари;
• маҳсулотларни сақлаш ва логистика бўйича замонавий ечимлар;
• чорвачилик ва паррандачилик учун инновацион технологиялар.
Бу эса фермерлар ва аграр соҳа вакиллари учун янги имкониятлар яратиб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ишбилармонлик учрашувлари ва тажриба алмашинуви
AGROPRO EXPO 2026 доирасида тақдимот сессиялари, тематик муҳокамалар, B2B учрашувлар ҳамда аграр бозорларни ривожлантиришга бағишланган давра суҳбатлари ташкил этилди. Ушбу учрашувлар иштирокчиларга янги ҳамкорлар топиш, инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш ва халқаро тажриба алмашиш имконини берди.
Халқаро қизиқиш ортиб бормоқда
Маълум қилинишича, 2025 йилда кўргазмада 110 дан ортиқ компания иштирок этган ва 4 500 нафардан зиёд мутахассислар ташриф буюрган эди. 2026 йилги AGROPRO EXPO кўргазмасида 140 дан ортиқ компания иштирок этди ва 5 000 дан ортиқ мутахассислар ҳамда Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларидан келган иштирокчилар қатнашди.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай халқаро кўргазмалар аграр соҳада инновацияларни жорий этиш, илғор технологияларни оммалаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Самарқандда бўлиб ўтган AGROPRO EXPO 2026 ҳам фермерлар, тадбиркорлар ва инвесторлар учун янги имкониятлар эшигини очган муҳим майдонга айланди.
















