Давлатимиз раҳбари 2017 йил 10 декабрда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соҳада эришилган ютуқлар ва камчиликлар ҳақида батафсил тўхталди. Хусусан, Президентимиз истиқлол йилларида юртимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, қарийб 20 йўналишда самарали фаолият юритаётганини, 12 мингдан зиёд фермер хўжаликларини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 6 мингдан ортиғини хотин-қизларимиз бошқараётгани қувонарли ҳол эканини эътироф этди.
Тадбирда соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар борлиги тилга олиниб, уларни тезроқ ҳал этиб, ердан замонавий технологиялар асосида, янада самарали фойдаланишимиз, зарур агротехник тадбирларни вақтида ўтказишимиз талаб қилиниши қайд этилди.
Республикамиз Президентининг 2018 йил 4 январдаги «Қишлоқ хўжалигини техник жиҳозлашни янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида келтирилган маълумотга кўра, айни пайтда мамлакатимиз бўйича 16 минг 495 та қишлоқ хўжалиги техникаси етишмайди. Оқибатда белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг имкони бўлмаяпти, пировард натижада кутилган самарага эришилмаяпти.
Мазкур қарорга асосан Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун 5778 та замонавий ҳайдов ва чопиқ трактори, плуглар, сеялкалар, «Жон Диир», «Беларусь», «Т-7060», «Т-6070» русумли тракторлар, «CASE», «Вектор», «Dominator-130» ғалла ўриш комбайнларини сотиб олади.
— Вилоятимиз миришкорлари 2018 йил ҳосили учун 40600 гектар майдонга кузги ғалла экди, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси ғаллачилик ва дуккакли дон экинларини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Аббос Ризоқулов. — Шунингдек, жорий йилда 33800 гектар ерга чигит, 2800 гектарга сабзавот, 600 гектарга картошка, яна шунча майдонга полиз, 500 гектарга соя, 8300 гектарга эса озуқабоп экинлар экиш режалаштирилган. Fалладан бўшаган майдонларнинг қарийб 38 минг гектаридан унумли фойдаланишни мақсад қилганмиз. Мавсум давомида уларга ўз вақтида ишлов бериш учун қатор техника воситаларига эҳтиёж сезамиз.
Айни кунда кўплаб фермер ва деҳқон хўжаликлари замонавий воситалар билан тўлиқ таъминланмаган. Шу боис ҳам баъзи ҳудудлардан кутилган ҳосил олинмаяпти. Президентимизнинг ушбу қарори соҳанинг техник таъминотига ва самарадорликни оширишга катта ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
— Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига мувофиқ вилоятимиз бўйича жорий йилда агросервис машина-трактор парклари ва фермер хўжаликлари эҳтиёжи учун, кредит асосида 291 та турли русумдаги техника харид қилиниши режалаштирилган, — дейди вилоят давлат техника назорати бошлиғи ўринбосари Меҳриддин Саидов. — Улардан 57 тасини ҳайдов трактори, 56 тасини чопиқ ва боғдорчилик тракторлари ташкил этса, 10 таси ғалла ўриш комбайнидир. Бундан ташқари, 168 та трактор билан ишлатиладиган қишлоқ хўжалиги техника воситалари ҳам сотиб олинади. Бу билан деҳқонларимизга яратилаётган техник шароит янада яхшиланади. Таъминотдаги изланишлар келгусида ҳам давом эттирилади.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, «Режа ва дастурларни амалга ошириш учун бизда куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли. Гап фақат ишни фидойилик ва омилкорлик билан, тўғри ва самарали ташкил этишимизга боғлиқ».
Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, аввало халқимиз қалбидаги эзгу орзу-ниятларни амалга оширишга қаратилгандир. Унга эришиш учун фаолиятимизни пухта режалаштиришимиз, илғор технологиялардан унумли фойдаланишимиз лозим.
Олим ЖАЛИЛОВ,
«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.
















