Хатирчи туманидаги «Назарбобо» кўп тармоқли фермер хўжалигининг умумий ер майдони 84 гектарни ташкил этади. Жорий йилда 26 гектар майдондаги ғалладан 187, шунча гектар ерда етиштирилган пахта ҳосилидан эса 237 миллион сўм даромад олинди. Шунингдек, 2 гектар ерда интенсив боғ яратилган. Қолган майдонда сабзавот ва полиз экинлари етиштирилиб ҳам ички, ҳам ташқи бозорга чиқарилмоқда.
— Ўтган йил Россия давлатига 3 минг тонна саримсоқпиёз экспорт қилдик, — дейди хўжалик раҳбари М. Назарова. — Даромад ҳисобидан балиқчиликни йўлга қўйдик. Жорий йилнинг март ойида сув ҳавзасига ташланган 200 килограмм балиқ чавоғи парвариш қилинди ва сотувга чиқарилди. Натижада 42 миллион сўм даромад олинди. Шундан соф фойда 23 миллион сўмни ташкил этади.
Хўжаликда чорвачиликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. Гўшт етиштириш мақсадида кўпайтирилаётган йирик шохли моллар сони 104 бошга етди. Бироқ фермер булар билан чекланиб қолмади. Сутни қайта ишлаш цехини ташкил этиш таклифи билан туман ҳокимлигига мурожаат қилди. Унинг ташаббуси билан туман инвестиция дастурига киритилган лойиҳа учун «Асака» акциядорлик тижорат банки туман филиалидан 600 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.
— Сутни етти йўналишда қайта ишлайдиган замонавий Хитой технологияларига буюртма бердик, — дейди фермер. — Шунингдек, Эстониядан 30 бош зотдор қорамол харид қилдик. Навоий шаҳрининг «Ишчилар» қўрғонидан ажратилган ерда цех биноси қурилиши якунланиб, ускуналар ўрнатишга ҳозирлаб қўйилди. 2018 йил бошидан янги тизим ишга тушириб, 15 та қўшимча иш ўрни яратмоқчимиз.
Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ишбилармон фермерларга катта имкониятлар эшигини очди. Бундан унумли фойдаланаётганлар ҳам ўзи, ҳам халқ манфаати учун хизмат қилмоқда.
Ҳилола ИСМАТОВА,
«Дўстлик байроғи» мухбири.
















