Хитой, Аргентина, Мексика каби давлатлар бугунги кунда жаҳон бозорида асал экспорти бўйича етакчи саналади. Айни пайтда ушбу мамлакатлар нафақат асал, балки асалари сути, ҳатто заҳрини ҳам четга сотишда етакчилик қилмоқда.
Европада кишиларнинг йиллик асал истеъмол қилиши ўртача 2-4 килограммни ташкил этади. Юртимизда эса асал истеъмоли анча паст. Шуни инобатга олган ҳолда, аҳолини сифатли, арзон асал маҳсулоти билан таъминлаш долзарб масала саналади.
Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган «Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор асосида мазкур тармоқ юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Аввало, қарорга мувофиқ «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмаси ташкил этилди. Шунингдек, асаларичилик соҳасида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш мақсадида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида зоотехника факультетини ташкил этиш кўзда тутилган. Эндиликда асаларичилик хўжаликлари томонидан асал йиғиш мавсуми давомида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади. 2023 йилнинг 1 январигача юртимизга олиб кириладиган асаларичилик маҳсулотлари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди. Албатта, бу имтиёзлар соҳа ривожланиши билан бир қаторда юртимиз асаларичилик маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, иқтисодиётда ундан келадиган даромад ҳажмини оширишга эришилади. Бундан ташқари, юртимиз асаларичилиги олдида турган бир қатор долзарб масалалар — асаларичиликни ўрганиш учун ўзбек тилидаги адабиётларни кўпайтириш, соҳага оид асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, асалари касалликларини даволашда уларни дори-дармон билан таъминлаш, асаларичиларнинг малакасини ошириш, юртимиз фармацевтикасида асаларичилик маҳсулотларидан дори-дармон ишлаб чиқариш ишлари ҳам самарали йўлга қўйилади.
— Бу фойдали ҳашарот ёрдамида чанглатилган боғ ва экин майдонларида ҳосилдорлик 25-30 фоизгача ошиши исботланган, — дейди биз билан суҳбатда карманалик ушбу соҳа вакили Амина опа Орзиева. — Мутахассисларнинг таъкидлашича, битта асалари бир килограмм асални йиғиш учун ер шарини тўрт марта айланиб чиқишга тенг масофани босиб ўтиши керак экан. Сизга арзимасдек туюладиган бу митти ҳашаротнинг кишини ҳайратга соладиган ана шундай томонлари жуда кўп.
Юртимизнинг иқлим шароити, табиати асаларичиликни кенгайтиришда ўзига хос муҳим аҳамиятга эга. Аслида, 15-20 йиллар аввал қишлоқларимизда — ҳар бир хонадонда, ҳеч бўлмаганда ҳар бир кўчада асалари боқиларди. Кейинчалик ушбу соҳа кишилар эътиборидан четда қолиб кетди. Эндиликда бу борада амалга ошириладиган ишлар ҳудудларда аҳоли бандлиги масаласида ҳам самарали ечим бўлади, дейишимиз мумкин.
«Дўстлик байроғи» газетаси




















