“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Қишлоқ хўжалиги – Agro World Uzbekistan – 2018” халқаро кўргазмаси иш бошлади. У ўн учинчи бор ташкил этилмоқда.
16 мартга қадар давом этадиган нуфузли тадбир қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчиларини, деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар, ҳамкор тармоқлар мутахассисларини ўзига хос инновацион майдонда бирлаштирди.

Кўргазма очилишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

“Ўзэкспомарказ” павильонларида, шунингдек, очиқ майдонда намойишга қўйилган маҳаллий ва хориж мамлакатларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари, паррандачилик ва чорвачилик учун доривор воситалар, иссиқхоналар учун замонавий технологиялар, тезпишар ва ҳосилдор экинлар уруғлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этган Тошкентдаги “Uzbiogaz” масъулияти чекланган жамияти кўргазмада фермер ва аҳоли учун органик чиқиндилардан биогаз оладиган ускунани намойиш этмоқда. Тақдим этилаётган ускуна ёрдамида 1 тонна органик чиқиндидан 60-70 метр/куб газ олиш мумкин. Шунингдек, қолган ўғит ерга ташланса, 30-40 фоизгача ҳосилдорлик ошади. Аҳолига, тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида ускунани 10 йил муддатга ҳеч қандай кафилликсиз лизингга ўрнатиб бериш йўлга қўйилди.

– Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари табиий шароитда етиштирилгани, тотли таъми билан дунёга машҳур, – дейди Татаристон Республикаси Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази мутахассиси Ольга Грезнева. – Ўтган йили биз учун узоқ кутилган воқеа – Ўзбекистонда валютанинг либераллаштирилиши айни муддао бўлди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан истиқболли келишувларга эришишимизга ишончимиз комил.

















