Шовотда ҳам энди кластер усулида пахта етиштирилади

Хоразм вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги “Энг асосийси, қишлоқ хўжалигида иқтисодий асосли ва адолатли тизим яратилиб, пахта-ғалланинг харид нархи харажатларни қоплайдиган ва фойдани таъминлайдиган қилиб белгилаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг “чигит экишга маблағ етмаяпти, ёқилғи йўқ” деган баҳонага ўрин қолмади, ажратилаётган маблағлар барча тадбирлар учун етади”, – деган сўзларидан ғайратланган хоразмлик деҳқонлар ҳозирданоқ пахта ҳосили учун чигит экишни бошлаб юбордилар. Бу каби саъй-ҳаракатлар вилоятнинг барча туманларида уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда.
Шовот тумани пахтакорлари жорий йил вилоятда биринчилардан бўлиб пахтани кластер усулида етиштирадилар. Бу эса пахта хомашёсини етиштириш учун ерларни тайёрлаш, экиш, етиштириш ва йиғиштириб олиш қайта ишлаб, бирламчи қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш йўли билан юқори қўшимча қийматга эга бўлган, жаҳон стантартларига мос келадиган маҳсулот ишлаб  чиқариш ва уларнинг реализацияси билан шуғулланувчи корхоналарни битта бош­қарув тизимида бирлаштирган ишлаб чиқаришни ташкил этиш услубида иш олиб боришади деганидир.
2018 йил туманда  356  та пахтачилик фермер хўжалигида 9630 гектар ерга чигит қадалади. Чигит экиш ишлари, аввало, туманнинг  Санжар Мискинов раҳбарлигидаги “Шовот янги давр” фермер хўжалиги далаларидан бошланди. Кўпни кўрган пиру бадавлат инсонларнинг дуоси билан ерга барака уруғи қадашга киришилди.
– Чигит экишни кўпи билан 15 апрелгача якунлаб, тўлиқ ниҳол олиш  чораларини кўришимиз керак, – дей­ди “Рўзмат ота” фермер хўжалиги раҳбари Рустам Жуманиёзов. – Бу йил хўжалигимизда кластер усулининг афзалликларинни синаб кўрамиз.
Пахтанинг харид нархи ошиши фермерлар учун кўнгилдагидек иш бўлди. Ўтган йили сидқидилдан ишлаган фермерларнинг соф фойдаси 100 миллион сўм атрофида, баъзиларида ундан ҳам кўп бўлди. Айни вақтда шовотлик фермерлар кластер усулида пахта етиштиришда бундан-да юқори марраларни кўзламоқда.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ, 
“Qishloq hayoti” мухбири.

qishloqhayoti.uz