Аграр маҳсулотлар маркетингининг ривожланиш жараёнига таъсир этувчи омиллар

Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи корхоналар, хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маркетингининг шаклланиши ва ривожланишига кўплаб омиллар таъсир этади. Уларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш мумкин:

а) табиий-иқлим шароитлар;

б) моддий-техник ва илмий-технологик шароитлар;

в) ташкилий-иқтисодий шароитлар;

г) ижтимоий шароитлар.

Ҳар бир омил ўз функционал вазифаларида бир-бири билан узвий боғланиб кетадиган бир нечта белгилардан иборат.

Табиий-иқлим шароитлар аграр маҳсулотлар бозори фаолият кўрсатишининг энг муҳим омилларидан бири бўлиб, барча соҳаларда инсон фаолияти уларга боғлиқ. Муайян табиий-иқлим шароитлар йил давомидаги қуёшли кунлар сони, ёғадиган ёғинлар ва уларнинг даврийлиги, умумий ҳарорат, ер сифати, унинг жойлашуви ва рельефи, суғориш учун ишлатиладиган сувнинг мавжудлиги, тоза ҳаво ва ҳоказолар билан тавсифланади.

Ўзбекистон сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик учун қулай ҳудуд ҳисобланиб, мамлакатимизда жаҳон бозорида талаб юқори бўлган мева, узум ва сабзавотларнинг кўплаб турлари етиштириб келинади. Агар мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар бозорнинг тегишли сегментларида ҳаракат қилишса, уларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари рақобатбардошлиги ошади. Шундай қилиб, ташқи бозорларда сотиш тармоқларини бошқариш ўзига хос хусусиятларга эга. Бунда фақат ички бозорга ўрганган корхоналарда қўшимча қийинчиликлар пайдо бўлади. Демак, корхоналар ташқи бозорларга чиқиш стратегиясини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Кўп сонли рақобатчиларга нисбатан бозорда ўз мавқеини эгаллашда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни вақтида такомиллаштириб бориш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш муҳим ўрин тутади.

Таҳлилларимиз кўрсатишича, мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш вазифаларини ҳал этишда янги бозорларни топиш ва ўзлаштириш муаммоси йил сайин долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан ҳар қандай корхонада бу соҳадаги тадқиқот, таҳлилий ишларни олиб бориш жуда муҳим ҳисобланади. Янги бозорлар маҳсулот рақобатбардошлигини ва сотиш фаолиятининг рентабеллигини кескин ўзгартириши, шунингдек, маҳсулотни янги бозорга чиқариб, унинг ҳаёт циклини узайтириши мумкин.

Шуни инобатга олиш керакки, талабнинг мавсумий ўзгариб туриши туфайли бир маҳсулотни ҳар хил давлатларнинг турли нуқталарида муваффақиятли сотилишига эришса бўлади. Янги бозорларда сотувлар ҳажмининг ошишига эса, биринчи галда, арзон ишчи кучи, солиқлар ва божхона тўловларининг анча паст даражаси ҳамда янги бозорлардаги бир қатор бошқа омиллар ҳисобидан эришиш мумкин. Яна бир гап. Товарнинг рақобатбардошлигини янада ошириш учун, агар ички бозорда унинг рақобатбардошлиги кескин пасайган бўлса, янги бозорларга чиқишга уриниш жуда муҳим.

Табиий-иқлим шароитлар омилининг хусусиятларидан бири шундаки, инсон ҳали бу шароитларни ўз ҳоҳиш-истаклари бўйича ўзгартиришга қодир эмас, у табиат офатларининг зарбаларини юмшатиши мумкин, холос. Бундай шароитларда илм-фан ютуқларидан фойдаланиш, мева, узум ва сабзавот етиштириш технологияларини такомиллаштириш, аграр маҳсулотларнинг совуққа чидамли навларини яратиш, иссиқхона ва парник хўжаликларини ривожлантириш, сунъий суғориш тизимлари ва ҳоказолар ёрдамида табиий шароитларга мослашиб олишга тўғри келади. Шак-шубҳасиз, бу чоралар катта миқдорда ва сифатли агромаҳсулотлар олиш, энг асосийси, инсонларнинг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш ҳисобига қопланиши лозим бўлган қўшимча харажатларни талаб қилади.

Табиий-иқлим шароитлар сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликнинг ихтисослашувини шакллантиришга, турли мева, узум ва сабзавот экинларини уйғунлаштиришга таъсир этувчи асосий омиллардан бири сифатида намоён бўлади. Ўзбекистоннинг табиий-иқлим шароитлари бу экинларнинг турли навларини самарали уйғунлаштириш ва кенг ихтисослашган хўжаликларни шакллантириш, вегетация даври мобайнида моддий-техника ва меҳнат ресурслари билан бемалол ишлаш имконини беради. Қишлоқ хўжалигида, хусусан, сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликда ер, унинг сифати ва маҳсулдорлиги муҳим ўрин эгаллайди. Шунингдек, ер бир вақтнинг ўзида меҳнат қуроли ва предмети, асосий ишлаб чиқариш воситаси сифатида ҳам намоён бўлади.

Фикримизча, бу маҳсулотларга талаб турли омиллар таъсири остида динамик равишда ўзгариб боради. Масалан, реклама ва илмий тадқиқотлар тавсияси бўйича маълум бир навдаги шафтолига талаб ортади, мавжуд шафтоли дарахтлари эса айни пайтда талабнинг ўсишини қондириш имкониятидан маҳрум бўлади. Шафтолига талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, яъни бу меванинг тақчиллигини йўқ қилиш учун янги кўчатлар ҳосилга киргунга қадар бир неча йил талаб этилади. Мева ва узум маҳсулотлари бозори ўз фаолияти ҳамда бу жараённи ташкил этиш ва тартибга солишда ушбу хусусиятни ҳисобга олиши зарур.

Аграр сектор қуйи мажмуасининг ўзига хосликлари туфайли тармоқда, айниқса, мева, узум ва сабзавот экинларининг айрим турлари ҳосилини тўплаш унчалик механизациялашмаган. Шу боис бу борадаги амаллар учун катта меҳнат харажатларига эҳтиёж сезилади. Бу эса моддий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигига, айрим ишлаб чиқариш жараёнларининг мавсумийлик коэффициентини оширишга таъсир этади.

Сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликда унчалик механизациялашмаган технологик жараёнларнинг мавжудлиги конструкторлар ва олимларни биринчидан, осон механизациялаштириладиган навларни, иккинчидан, янги механизация воситаларини яратишга ундаши лозим. Бу муаммоларнинг муваффақиятли ҳал этилиши аграр секторнинг қуйи мажмуаси самарали фаолият кўрсатишида, бозорни истеъмолчилар талаби катта бўлган сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил ҳисобланади.

Ўзбекистонда сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик соҳасида чуқур илмий тадқиқотлар ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Республикада иккита ихтисослашган илмий тадқиқот институти ва қишлоқ хўжалик йўналишидаги олий ўқув юртларида бир нечта кафедралар мавжуд. Улар сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик олдида турган муаммоларнинг ҳал этилишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни саноат усулида қайта ишлаш ва истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш жуда муҳим. Кўплаб давлатлар, масалан, Голландия, Италия, Франция ва бошқа мамлакатларда энг янги илмий ютуқлар ва нанотехнологиялардан фойдаланиш асосида аграр маҳсулотлар бозорини ташкил этиш бўйича бой тажриба тўплаган. Республикамизга хос бўлган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда бу тажрибаларни амалиётга кенг жорий қилиш замонавий технологик асосларда аграр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда янгиланиш жараёнини тезлаштиради.

Ўз илмий ишланмалари ва илғор хорижий тажрибаларни уйғунлаштириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорининг кўплаб муаммоларини самарали ҳал қилишга ва шу тариқа инсонларнинг доимий ўсиб борадиган эҳтиёжларини, айниқса, ассортимент ва сифат жиҳатидан тўлароқ қондиришга имкон беради.

Аграр маҳсулотлар бозори фаолият кўрсатишининг самарадорлигига таъсир этувчи муҳим омил ҳисобланган ташкилий-иқтисодий шароитлар хўжалик юритиш ва мулкчилик шакллари, нархнинг шаклланиш тизимлари, бозор муносабатлари қатнашчиларини рағбатлантириш, солиққа тортиш, кредитлаш, моддий-техника ресурслари билан таъминлашни ташкил қилиш, тайёр маҳсулотни сотиш ва бошқалардан таркиб топган.

Аграр маҳсулотлар бозори фаолият кўрсатишининг ташкилий-иқтисодий омиллари тарихан умумий ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шарт-шароитлар билан боғлиқ ҳолда узоқ вақт давомида шаклланади. Хўжалик юритишнинг бозор тамойилларига ўтиш аграр маҳсулотлар бозори фаолият кўрсатишининг амалдаги ташкилий-иқтисодий шароитларига ўз таъсирини кўрсатди. Улар фаолият кўрсатувчи асосий шаклга айланган фермер хўжаликлари ширкат корхоналари ва нисбатан йирик якка тартибдаги деҳқон хўжаликларини ислоҳ қилиш асосида ташкил қилинган ва бу жараён жадал давом этмоқда.

Аграр секторнинг қуйи мажмуасида хўжалик юритишнинг фермерлик шакллари кенг тарқалганлиги кўплаб омиллар билан асосланади. Хусусан, улар шахсий ва жамият манфаатлари уйғунлашувини яхши таъминлайди, ходимлар меҳнати ва ишлаб чиқаришни оқилона ташкил қилиш, замонавий моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш учун қулай шароитлар яратади. Деҳқон хўжаликлари, қоидага кўра, фаолиятини оила аъзоларининг меҳнатидан фойдаланиш асосида амалга оширади ва аввало, ўз эҳтиёжларини қондириш учун маҳсулот етиштиради. Шахсий эҳтиёжлар қондирилгандан сўнг қолган ортиқча маҳсулот бозорга чиқади ва товар-пул муносабатлари объектларини ифодалайди. Қишлоқ жойларда меҳнатни қўллашнинг асосий соҳаси катта ҳудудий маконни қамраб оладиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги учун минитехникалар ишлаб чиқариш масалаларида тараққиёт мавжудлигига қарамай, якка тартибдаги кичик деҳқон хўжаликлари ҳали ўз аграр маҳсулотлари ишлаб чиқаришида замонавий механизация воситаларидан кенг фойдаланиш имкониятидан маҳрумлар. Якка тартибдаги кичик деҳқон хўжаликларида ишлаб чиқариш жараёнларининг асосий қисми қўл меҳнатида амалга оширилади. Бу агромаҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлиги, мазкур экинлар ҳосилдорлиги ва маҳсулотнинг бозор нархлари даражасига таъсир этади. Бундан ташқари, якка тартибдаги кичик деҳқон хўжаликлари шароитларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш, истеъмолчиларнинг сўровлари бўйича ассортимент ва навларга саралаш ва гуруҳлашни оқилона ташкил қилиш зарур. Аграр маҳсулотларнинг бир қисми йўқолиб қоладиган ва якунда истеъмолчиларга етиб бормайдиган ҳолатлар ҳам тез-тез учраб туради. Иқтисодиётнинг аграр секторида, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда хўжалик юритишнинг агросаноат бирлашмалар, агрофирмалар каби шакллари ва қишлоқ хўжалик ва қайта ишлаш саноати ишлаб чиқариши синтезининг ҳар хил турлари пайдо бўлди. Агромаҳсулотлар ишлаб чиқаришда хўжалик юритишнинг бу шакллари инфратузилмаси ривожланган минтақалар ва сабзавотчилик, боғдорчилик ҳамда узумчиликка ихтисослашган тоғолди ҳудудларида энг истиқболли ҳисобланади. Чунки улар ўзлари жойлашган ердан фойдаланиш ва тармоқларнинг оқилона уйғунлашувини таъминлайди. Улар қайта ишлаш корхоналарини ўз хом ашё базаси асосида ривожлантириш ва мавжуд меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шу тариқа аҳоли зич жойлашган минтақаларда муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал этишга имкон беради.

Шодиябону ХОДЖАЕВА,

Тошкент Молия институти ўқитувчиси.

Аннотация

Мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари бозорининг шаклланиши ва ривожланишига ишлаб чиқариш фондларидан ташкил топган моддий-техник ресурслар катта таъсир кўрсатади. Мақолада илм-фан ютуқларининг жорий қилиниши билан ушбу ресурсларнинг роли ва аҳамияти ўсиб бориши, сифат ва сон, таркиби кўп жиҳатдан сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчиликда такрор ишлаб чиқарилган маҳсулотлар маркетингининг ривожланиш жараёнига таъсир этиши ёритиб берилган.

Калит сўзлар: аграр бизнес, маркетинг, мева-сабзавот, аграр секторнинг қуйи мажмуаси.

Формирование и развитие рынка плодоовощной и виноградной продукции оказывает большое влияние на материально-технические ресурсы, созданные из производственных фондов. В статье освещена роль и значение этих ресурсов в устойчивом развитии за счет внедрения научных достижений, что влияет на процесс разработки, качества и количества, состав продукта в области овощеводства и виноградства.

The development of role and importance of these resources occurring simultaneously with implementations, development of scientific achievements, quality and number, impacting factors to the marketing of reproduced products development process that are highly connected with agriculture, horticulture, and grape culture are highlighted in this article.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Жўраев А.М. Аграр соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш муаммолари ва ечимлари. –Т.: Меҳнат, 2015. – 236 б.

2. Жўраев А.М., Ҳусанов Р.Х. Аграрная реформа: теория, практика, проблемы. –Т.: Узбекистан, 2002. – С.766.

3. Искусство торговать. Общая редакция. С.И. Кумок. Составление АОЗТ «Московское финансовое объединение», 2005. – С. 256.

4. Кадиров А.М. и др. Развитие продовольственного комплекса (на примере Ташкентской области). – Т.: Меҳнат, 2012. – С. 80.

5. Кадыров А.М. Эффективное совершенствования структуры региональных АПК. –Т.: Фан, 1990. – С. 151.

6. Кадыров А.М., Дусматов Ф.Д. Инновационные инвестиционные факторы развития агропромышленного комплекса. –Т.: ИЭАНРУз, 2009.

7. Каюмов Ф.К. Эффективность АПК в условиях перехода к рынку: общие региональные проблемы. –М.: ИПО Полигрен, 2012. – С 160.

8. Каюмов Ф.К. Ценообразование и эффективность в АПК: Проблемы современного этапа (обзор). –Т.: Узбекистан, 1989. – С. 40.

9. Котлер. Основы маркетинга. /Пер. санг. 1991. –М.: ИМАКРОСС. Плюс, 2005. – С.702.

Дўстларингизга ҳам улашинг!