Аграр соҳани техник жиҳозлаш янада такомиллашади

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 10 декабрда қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида соҳада эришилган ютуқлар ва камчиликлар ҳақида батафсил тўхталди. Хусусан, Президентимиз истиқлол йилларида юртимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, қарийб 20 йўналишда самарали фаолият юритаётганини, 12 мингдан зиёд фермер хўжаликларини 30 ёшгача бўлган ёшлар, 6 мингдан ортиғини хотин-қизларимиз бошқараётгани қувонарли ҳол эканини эътироф этди.

Тадбирда соҳада ҳали ишга солинмаган им­ко­ниятлар, ўз ечи­ми­ни кутаётган муаммо ва кам­чиликлар борлиги тилга олиниб, уларни тез­роқ ҳал этиб, ердан замонавий тех­но­логиялар асо­сида, янада самарали фой­да­ланишимиз, за­рур агротехник тадбир­ларни вақ­тида ўтка­зи­ши­миз талаб қилиниши қайд этилди.

Республикамиз Президентининг 2018 йил 4 январдаги “Қишлоқ хўжалигини техник жи­ҳозлашни янада такомиллаштиришга доир қў­­шимча чора-тадбирлар тўғри­сида”ги қарорида келтирилган маъ­лумотга кўра, айни пайтда мамлакатимиз бў­йича 16 минг 495 та қишлоқ хў­жалиги техни­ка­си етишмайди. Оқибатда бел­гиланган агро­техник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишнинг имкони бўл­маяпти, пи­ро­вард на­тижада кутилган са­марага эришил­маяпти.

Мазкур қарорга асосан Ўз­бе­кистон жорий йил­нинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги эҳ­тиёжлари учун 5778 та замонавий ҳайдов ва чопиқ трактори, плуг­лар, сеялкалар, “Жон Диир”, “Бе­ларусь”, “Т-7060”, “Т-6070” русумли трак­торлар, “CASE”, “Вектор”, “Dominator-130” ғалла ўриш комбайнларини сотиб олади.

— Вилоятимиз миришкорлари 2018 йил ҳо­сили учун 40600 гектар майдонга кузги ғалла экди, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хў­жа­лиги бош­қармаси ғалла­чилик ва дуккакли дон экин­ларини ривожлантириш бўлими бош му­тахассиси Аббос Ри­зоқулов. — Шунингдек, жорий йилда 33800 гектар ерга чигит, 2800 гектарга сабзавот, 600 гек­тарга кар­тошка, яна шунча май­донга полиз, 500 гектарга соя, 8300 гектарга эса озуқабоп экин­лар экиш режалаштирилган. Fалладан бўшаган майдон­лар­нинг қарийб 38 минг гектаридан унум­ли фойдаланишни мақ­сад қил­ганмиз. Мавсум давомида уларга ўз вақтида ишлов бериш учун қатор техника воситаларига эҳ­тиёж сезамиз.

Айни кунда кўп­лаб фер­мер ва деҳқон хўжа­ликлари замонавий воситалар билан тўлиқ таъ­мин­ланмаган. Шу боис ҳам баъзи ҳудудлардан кутилган ҳосил олин­маяпти. Президенти­миз­нинг ушбу қарори со­ҳанинг техник таъ­ми­нотига ва самара­дор­лик­ни оши­ришга катта ижо­бий таъ­сир кўрсатиши шубҳасиз.

— Давлатимиз раҳбарининг мазкур қаро­ри­га мувофиқ ви­лоятимиз бўйича жорий йилда агро­сервис машина-трактор парклари ва фермер хўжаликлари эҳтиёжи учун, кредит асосида 291 та турли русумдаги техника ха­рид қилиниши режалаштирилган, — дейди вилоят давлат техника назорати бошлиғи ўрин­босари Меҳриддин Саидов. — Улардан 57 тасини ҳайдов трактори, 56 тасини чопиқ ва боғ­дорчилик тракторлари ташкил этса, 10 та­си ғал­ла ўриш комбайнидир. Бундан таш­қари, 168 та трактор билан ишлатиладиган қиш­лоқ хў­жалиги техника воситалари ҳам сотиб оли­нади. Бу билан деҳ­қонларимизга яра­ти­лаётган тех­ник шароит янада яхшиланади. Таъ­­минот­даги изланишлар кел­гусида ҳам давом эт­тирилади.

Муҳтарам Президентимиз таъ­кидлаганидек, “Режа ва дас­турларни амалга ошириш учун бизда куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли. Гап фақат ишни фидойилик ва омил­кор­­лик билан, тўғри ва самарали ташкил эти­ши­мизга боғлиқ”.

Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оши­ри­лаётган изчил ис­лоҳотлардан кўз­ланган асосий мақсад, аввало халқимиз қал­бидаги эзгу орзу-ниятларни амал­га оширишга қаратилгандир. Унга эришиш учун фаолияти­мизни пухта ре­жалаш­тириши­миз, илғор техно­ло­гиялардан унум­ли фойдаланишимиз лозим.

Олим ЖАЛИЛОВ,

“Дўстлик байроғи” газетаси мухбири.