Агробанкнинг “Agro In Vitro” лойиҳаси доирасида пресс-тур ташкил этилди

Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида 2025 йил 28 июн куни AgroInVitro инновацион комплексида оммавий ахборот воситалари ва соҳа вакиллари учун press-тур ўтказилди. Тадбирда журналистлар, блогерлар ва агросоҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Ҳозирги кунда бутун дунёда ҳосилдорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада илғор ечимлар таклифи сифатида Агробанк томонидан бир нечта уникал лойиҳалар экотизими яратилган.

Хусусан, қишлоқ хўжалигида вируслардан ҳоли серҳосил ва экспортбоп мева кўчатларини етиштириш учун Агробанк “Agro In vitro” лойиҳасини тақдим этди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги ПҚ-260-сон қарори асосида Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманида ташкил этилган. 2024 йил май ойидан ўз фаолиятини йўлга қўйган.

Лойиҳанинг умумий майдони 20,4 гектарни ташкил этади. Унга лаборатория, иссиқхона, кўчатзор ва оналик боғи киради.

Жами 20 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилган лойиҳа доирасида 72 нафар маҳаллий  мутахассис учун янги иш ўринлари яратилди. Улар орасида 1 нафар PhD, 6 нафар магистр, 9 нафар биотехнолог-агроном ва 24 нафар лаборант бор.

Комплекс босқичма-босқич ишга туширилмоқда:

2026 йилда 2 млн, 2027 йилда 5 млн, 2030 йилда 10 млн дона кўчат ишлаб чиқариш режалаштирилган. AgroInVitro республикадаги умумий кўчат талабининг 5 фоизини қоплайди ва ҳосилдорликни 40 фоизгача ошириш имкониятига эга.

“Agro In Vitro” да дунёнинг илғор компаниялари технологиялари жорий қилинган. Жумладан, VISCON GROUP (Нидерландия) томонидан МДҲда ягона бўлган ин-витро лабораторияси, Gakon Netafim (Нидерландия) томонидан эса дунёда бешинчи ўринда турувчи юқори технологияли иссиқхона ишга туширилган.

Хорижий ҳамкорлар сифатида Battistini Vivai (Италия), Vitroplant (Италия), Viveros Proveda (Испания) ва Foundation Plant Services (АҚШ) компаниялари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Шу жумладан, данакли мевалар 35 хил, уруғлилар 25 хил нави, манзаралини
30 хил нави, узумни 11 хил, пайвандтагларни 30 хил ва резавор 18 хил навлари олиб келиниб, кафолатланган кўчатларни етиштириш йўлга қўйилди.

In-vitro кўчатининг афзалликлари:

– Вирус ва касалликлардан холи кўчатлар;

– Ҳосилдорлик 40 фоизгача юқори бўлади;

– Генетик жиҳатдан бир хил бўлади;

– Йил мобайнида кўчатни очиқ майдонга экиш имкониятини беради.

Хорижий ҳамкорлик

Италия давлати “Баттистини” компанияси билан “ноу-хау” билимларини ривожлантириш мақсадида 3 йиллик ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Компания 1949 йилда Чезена худудида ташкил этилган. Бир йиллик ишлаб чиқариш қуввати 12 млн дона кўчат.

Ҳамкорлик доирасида ходимларнинг малакасини ошириш, паявандлашнинг янги усулларини жорий этиш, шунингдек, Италия давлатидан эртапишар, кечпишар ва ўзини-ўзи чанглатадиган навларни олиб келиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, сувсизликка чидамли ва юқори ҳосилдорликка эга бўлган навларни кўпайтириш ишлари йўлга қўйилади.

 

“Agro In vitro” лабораториясининг устунлик томонлари:

–  Комплекс ишлаб чиқариш занжирининг тўлиқ циклини ўз ичига олади;

– Ўзбекистонда хандон писта, киви, манзарали дарахт кўчатларини кўпайтирувчи ягона ин витро лаборатория ҳисобланади;

-Италия ва Испаниядан келтирилган сертификатланган ин витро материаллардан клонлар кўпайтирилади;

– Ин витро шароитида материаллар илдизлари торф шароитида ўстирилади;

– Йил 12 ой кўчатлар ин витро лабораториясидан чиқарилади;

–  Замонавий иссиқхона ўсимликлар учун идеал ўғитлашни таъминлаб берувчи фильтрлаш тизими билан жиҳозланган (осмос, ультра бинафша);

–  Замонавий иссиқхона бир вақтнинг ўзида турли хил ўсимликлар билан ишлай олади (харорат, температура, намлик);

–   Узум ва мевали дарахтларнинг кўргазмали коллекцияси ташкил этилган;

–   Бир йилда 2 марта маҳаллий агроном, кўчатчилар бепул ўқитилади.

AgroInVitro лойиҳаси маҳаллий агросаноатни ривожлантириш, кўчатларни импорт қилишни қисқартириш ва юқори самарадорликка эга маҳаллий мевали дарахтлар ҳамда узум навларини кенг оммалаштиришда муҳим босқич ҳисобланади.