Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” халқаро кўргазмалар мажмуасида 25,26,27-феврал кунлари агрономия соҳасидаги маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқариш корхоналарининг 4-халқаро кўргазмаси – «AGRO PRO EXPO-2025» бўлиб ўтди.
Мазкур йирик тадбирда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари билан бир қаторда, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Эрон ҳамда бошқа МДҲ давлатларининг 100 дан ортиқ етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирок этди. Улар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг янги технологиялар, замонавий ускуналар, уруғчилик ва кўчат етиштириш ҳамда аграр бизнесни ривожлантиришга оид илғор тажрибаларини тақдим этдилар.
Кўргазманинг очилиш маросимида қатор давлат ташкилотлари ва нуфузли компаниялар вакиллари иштирок этиб, қишлоқ хўжалиги саноатининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Жамшид Абдузухуров кириш сўзи билан қатнашди.
Ўз нутқида у мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳамда илғор технологияларнинг жорий этилиши ҳақида тўхталди. Шунингдек, халқаро даражадаги бундай йирик кўргазмалар қишлоқ хўжалигидаги инновацияларни оммалаштириш, илғор технологияларни жалб қилиш ва фермер хўжаликларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
«AGRO PRO EXPO-2025» кўргазмаси доирасида турли мавзуларга бағишланган семинарлар, тақдимотлар ва ишбилармонлик учрашувлари ўтказилди. Тадбир доирасида маҳаллий ва хорижий иштирокчилар ўз маҳсулотларини намойиш этиб, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур халқаро кўргазма Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғининг жадал ривожланишига хизмат қилиш баробарида, мамлакатимизнинг глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ролини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшди.
















