Агробанк: қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда стратегик таянч, 2026 йилга катта режалар

2025 йил 3 февраль куни “Агробанк” АТБ бош офисида банк раҳбарияти, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир давомида банкнинг 2025 йилдаги фаолият натижалари ҳамда 2026 йил учун белгиланган устувор вазифалари тақдим этилди.

Матбуот анжуманида, айниқса, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш йўналишидаги йирик лойиҳалар ва янги ташаббуслар алоҳида эътибор марказида бўлди. Тадбир якунида тадбиркорлар томонидан берилган қатор саволларга банкнинг масъул ходимлари томонидан батафсил ва атрофлича жавоблар берилди.

Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш — устувор йўналиш

Агробанк 2025 йилда аграр соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича етакчи молия институтларидан бири сифатида фаолият юритди. Мамлакатда етиштирилган пахта хом ашёсининг 80 фоизи, бошоқли дон ҳосилининг 95 фоизи айнан Агробанк томонидан молиялаштирилди. Пахта ва ғалла етиштириш учун жами 15 трлн сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилди.

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масаласи банк фаолиятида стратегик йўналиш сифатида белгиланди. 2025 йилда сув тежовчи технологиялар учун 2,4 трлн сўм, фермер хўжаликларининг ички суғориш тизимларига қуёш панеллари ўрнатиш учун қарийб 1 трлн сўм молиялаштирилди.

Шунингдек, Хитойдан 1 400 тонна юқори сифатли пахта уруғи олиб келиниб, фермерларга етказиб берилди. Бу эса айрим ҳудудларда ҳосилдорликни 40–50 сентнергача оширишга хизмат қилди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида банк 1 759 та маҳаллада 5,3 трлн сўм кредит ажратиб, 501 минг нафардан ортиқ аҳоли бандлигини таъминлади. Бу лойиҳаларда ҳам қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш асосий мақсадлардан бири бўлди.

Агросаноат мажмуалари ва инновацион ёндашувлар

Президент қарорлари ижроси доирасида “Узун Агро Стар” ва “Бахмал Агро Стар” МЧЖлар ташкил этилди. Интенсив боғлар учун кўчатлар Agro In–vitro лабораториясида етиштирилиб, ҳудудларга босқичма-босқич етказиб берилмоқда.

Ижтимоий лойиҳалар доирасида Агробанк ташаббуси билан сувдан оқилона фойдаланишга бағишланган 30 та методик қўлланмадан иборат “Сув китоби” тўплами тайёрланиб, 5 минг нусхада чоп этилди ва фермерларга бепул тарқатилди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида рақамли ечимлар жорий этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилди. Ҳозирда космик суратлар ва дронлар орқали масофавий мониторинг тизими жорий этилмоқда. Банк 2026 йилда сунъий интеллект ва big–data технологиялари асосидаги янги аграр хизматларни устувор вазифа сифатида белгилади.

2026 йил: аграр сектор учун йирик молиявий кўмак

2026 йилда Агробанк томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун жами 56,2 трлн сўм кредит ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 23 трлн сўми микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилади.

Қишлоқ хўжалиги доирасида Узун туманида 50 гектар майдонда хурмо ва анжир, Бахмал туманида 123 гектар ҳудудда олма ва нок етиштириш, қайта ишлаш ва экспортгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олган агрокомплекслар ташкил этилади.

Сув тежовчи технологиялар учун 2,6 трлн сўм, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 141 та туманда 3,5 минг гектар тажриба майдонлари, 10 минг нафар фермер ва мутахассислар малакасини ошириш режалаштирилган.

Банк фаолияти ҳақида қисқача

2025 йил якунларига кўра, Агробанк активлари 103,6 трлн сўмга, мижозлар сони 7,4 миллион нафарга, депозитлар ҳажми 32,5 трлн сўмга етди.

Кредит ажратиш жараёнлари автоматлаштирилиб, жисмоний шахслар учун кредит расмийлаштириш муддати бир неча дақиқагача қисқартирилди.

Хулоса

Матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотлар Агробанкнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ва узоқ муддатли стратегияга эга эканини яна бир бор тасдиқлади. 2025 йилда эришилган натижалар ҳамда 2026 йил учун белгиланган кенг кўламли режалар банкнинг аграр тармоқни молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, фермер ва тадбиркорлар имкониятларини кенгайтириш, ҳудудларда бандликни ошириш ҳамда экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради.

Агробанк келгусида ҳам қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ ҳудудларининг иқтисодий тараққиётига салмоқли ҳисса қўшишни давом эттиради. Банк жамоасига ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларида келгусида ҳам юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.