Асалариларда учрайдиган акарапидоз касаллиги

Акарапидоз. Бу инвазион касаллик бўлиб, нафас олиш аъзоларини зарарлайди. Касалликни акарапис вуди канаси тарқатади. Акарапидоз билан, асосан, ҳали нектар йиғишга чиқмайдиган ёш асаларилар, шунингдек, эркак ва она арилар ҳам касалланиши мумкин.

Касалликнинг тарқалиши. Оила ичида акарапидоз касал асаларилар орқали тарқалади. Айниқса, қиш ва баҳорда асаларилар арихона ичида ғуж бўлиб яшаётган вақтда бу касаллик тез тарқалади, каналар бир асаларидан иккинчисига бемалол ўрмалаб ўтиб, касални тарқатаверади. Бир оиладан иккинчисига касаллик табиий ва сунъий ройланиш пайтида, оила кучлантирилган ва она арилар алмаштирилган вақтда тарқалади.

Касалликнинг кечиши. Оилада айрим асаларилар касалланганида касаллик сезилмайди. Оиланинг ярми зарарланганида бу касалликни аниқлаш мумкин. Каналар гемолимфаси билан озиқланганида асаларилар кучсизланиб, аста-секин ҳалок бўлади.

Касаллик белгилари. Акарапидоз касалининг энг асосий характерли белгиларидан бири бу касал арида учиш қобилиятининг йўқолишидир. Касал асаларилар уядан қўнадиган тахтага ўрмалаб чиқиб, учишга ҳаракат қилади, лекин уча олмайди, пастга тушиб кетади ва қанотларини ёйиб, арихона атрофида ўрмалаб юради. Арихона атрофида кўпгина асалариларнинг ўрмалаб юриши акарапидоз касаллигига хос белгидир. Бу, айниқса, қишлов давридан кейин жуда ҳам яққол кўринади.

Касаллик ташхиси. Касаллик ташқи белгилари ҳамда лаборатория текшируви асосида аниқланади. Даволаш. Акарапидоз касаллиги билан касалланган оилаларни даволаш кечқурун ҳамма асаларилар уяга қайтган вақтда амалга оширилади. Бундан олдин арихона ва уяларни тайёрлаш керак. Бунинг учун иккита четки ромлар олинади, бошқалари бир оз сурилиб, оралиғида бир оз бўш жой очилади. Арихонанинг устига қоп, клёнка ёки бир парча қоғоз қўйиш мумкин. Акарапидоз билан касалланган асалариларни даволашда ҳозирги вақтда фолбекс ва тедион препаратлари энг самарали ҳисобланади.

Кураш чоралари. Акарапидоз битта асалари оиласида аниқланиши биланоқ, радиуси 5 км атрофидаги майдонда карантин эълон қилинади. Арихона оилалари баҳорнинг бошидаёқ даволанади. Асалари канадан бутунлай озод бўлмагунча даволаш давом этади. Акарапидоз билан касалланган асаларилар турган арихоналар ва мум инлар 5 сутка мобайнида изолацияда сақланади, кейин улар тозаланиб ювилади.

Манба: «АСАЛАРИЧИЛИК ФEРМEР ХЎЖАЛИКЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЮРИТИШ» Р. Х. Пулатова