Америка чириш касаллигига қарши курашиш ва даволаш ишлари

Касалликнинг тарқалиши:

Касалликнинг юқиш манбайи касалланган ва нобуд бўлган личинкалардир. Мум катакчаларни тозалаш билан шуғилланувчи ёш ишчи асаларилар ўзининг азоларини вирус уруғи билан ифлослаб касалликни тарқатувчи бўлиб қолади. Бундай асаларилар асал ва пергани мум инларга жойлаштириш вақтида касалликни арихоналарга ҳам юқтиради.

Кейинчалик таркибида қўзғатувчи вирус бўлган асал ва перга билан озиқланган личинкалар ҳам касал бўлади. Касал оиладан соғлом оилага касаллик арихона, ром ҳамда асаларичилик жиҳозлари, ўғри асалари ва охурлар орқали юқади.

Даволаш:

Асал йиғиш давом этаётган вақт бўлса касалланган ари оилалари тоза арихонага кўчирилади, ичига аввало сунъий мум инлар солиб, уларга даволаш шарбати берилади. Шарбатга европа чириш касаллигида қўлланиладиган препаратлар солинади. Фақат саназин препарати америка чириш касаллигига таъсир қилмайди. Оиланинг кучига қараб сунъий мум инлар солинган ромлар арихонанинг  ҳамма рамка оралиқлари асалари билан тўладиган қилиб жойлаштирилади.

Кўчириб ўтказиш учун жой ва арихона тайёрлаш усули европа чириш касаллигидагидек. Асалари оиласини кўчириб ўтказиш, тартиби қуйидагича:

Касалланган оиладан она арини топиб ажратилади. Даволанадиган оилага янги соғлом, ёш она ари қўйилади. Уни Титов катакчасига ўтказилиб янги уянинг ромлари ўртасига қўйилади. Касалланган оила асалариларини арихона эшиги олдидаги тахтачага қоқиб туширилади. Улар янги арихонага учиб кирганларидан кейин, арихона иситилиб эшиги ёпилади.

Кураш чоралари:

Лабораторияда америка чириш касаллиги тасдиқлангандан кейин аризорга ва унинг атрофидаги радиуси 5 км гача бўлган масофага карантин эълон қилинади. Бу ердаги касаллик йўқ қилингандан кейин бир йил ўтгач карантин бекор қилинади. Даволаш тадбирлари билан бир қаторда аризорда америка чириши касаллигини йўқотиш мақсадида касалланган  асаларилар солинган арихоналар, улар турган жой, ромлар ва бошқа асаларичилик жиҳозлари яхшилаб дезинфексия қилинади.

Арихоналар турган жойларни қайта кавлаб унга  10% ли янги сўндирилган оҳак (1 м2 ерга  1 литр ҳисобида) сепилади. Бунинг учун 1 кг сўндирилмаган оҳакни олиб 1 литр сувда эритилади. Кейин яна 9 литр сув қуйилади. Арихонани дезинфексия қилиш олдидан яхшилаб мум, прополисдан тозалаб, 3% ли кир содасида ювилади, қуритилади ва кавшарлаш лампасининг ўти билан текис қорамтир ранга киргунча куйдирилади ёки 20% ли каустик сода-поташ аралашмаси билан ҳар 2 соатда ишлов бериш керак.

Аралашма 1 м2 майдонга 0,5 литр ҳисобида сарфланади. Дезинфексия қилинган арихона 1 суткадан кейин тоза сув билан ювилиб, қуритилади. Арихонанинг устки тахтаси, ромлари, бўлувчи тўр ва бошқа қисмлари ўювчи натрийнинг 2% ли эритмасида 15 дақиқа ёки 4% каустификатсия қилинган сода-поташ аралашмасида қайнатилади.

Ишлатишга ярайдиган асалсиз ва пергасиз бўш мум инларни 1 сутка давомида 3% ли водород пероксидига ва сирка лислотанинг 3% ли эритмасига ботириб ёки инларга юқоридаги эритмаларни гидропулт ёрдамида юбориб суғориш йўли билан дезинфексия қилинади. Мум катакчалари бутунлай эритма билан тўлгунча инларни иккала томонидан суғориш керак. Шу аҳволда мум инлар 1 сутка давомида туради, кейин сувни тўкиб, тоза сув билан ювилади, қуритилади. Ишлатишга ярамайдиганлари 2,5 соат қайнатилиб, мум “чириш оилаларидан” деган белги билан топширилади.

Оловда бузилмайдиган асбоблар кавшарлаш лампасининг ўти билан дезинфексия қилинади. Майда темир асбоблар  эса 1 соат мобайнида  2% ли сода эритмасида қайнатилади, тоза сув билан ювилиб, кейин кавшарлаш лампасида куйдирилади.

Арихонанинг канопчалари, жилдлари, иситиладиган ёстиқчалар калтсийлаштирилган соданинг 3% ли эритмасида 30 дақиқа, ўювчи натрийнинг  1% ли эритмасида  15 дақиқа қайнатилади, тоза сувда эса 40 дақиқадан кейингина нобуд бўлади. Қуёшнинг тик тушган нурлари 4-7 соатдан кейин ўлдиради.

 

Манба: “Асалари – фойда бари” (Собиржон Мамасотиев, Неъматжон Ҳошимов, “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриёти, Тошкент-2012) қўлланмаси.

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.