Америка чириш касаллигининг келиб чиқиши қандай?

5

Асаларилар инфексион, инвазион ва юқумсиз касалликлар билан зарарланиши мумкин. Инфексион касалликларнинг қўзғатувчиси келиб чиқиши ўсимликда  бўлган бактерия, вирус ва замбуруғлардир. Инвазион касалликларнинг  қўзғатувчилари бир ҳужайрали ва кўп ҳужайрали ҳайвонлардир.

Юқумсиз касалликлар асалари оиласининг ҳаёти учун керак бўлган шароитларнинг бузилиши натижасида келиб чиқади. Агарда бу шароитлар тикланса касаллик йўқолиб кетади. Асалари оилаларини соғайтириш учун касалликларни ўз вақтида аниқлаб, унга қарши курашда даволаш, санитария ва профилактика тадбирларини тўлиқ комплексини қўллаш керак.

Юқумли касалликлар эса жуда ҳавфли бўлиб, асалари оилаларига катта зарар етказиши мумкин. Шундай касалликлардан бири бу – Америка чириш касаллигидир.

Америка чириш касаллиги ёпиқ наслнинг юқумли касаллиги ҳисобланиб, уни ларве батсилласи қўзғатади. Бу микроб жуда чидамли споралар ҳосил қилади. Улар асалда қуёш нури таъсирида 4-6 ҳафтагача, қайнаб турган сувда 13 дақиқа, 100˚C гача қизитилган мумда 5 кунгача сақланади. Қуёш нури қуриган спораларни 2-3 кундан кейингина ўлдириши мумкин. Ўлган ва қуриб қолган личинкалари бор мум инлардаги споралар кимёвий моддалар таъсирига юқори даражада чидамлилик кўрсатади.

Касалликнинг тарқалиши:

Касалликнинг манбайи бу – касалланган ва нобуд бўлган личинкалар, шунингдек зарарланган асал ва пергадир. Касалликнинг оила ичида ва касал оиладан соғлом оилага тарқалиши европа чириши касаллигидагидек юз беради.

Касалликнинг кечиши:

Америка чириши баҳорда пайдо бўлиб, ёзга келиб ўзининг юқори ривожланган даражасига етади. Аввало баъзи мум инлардаги айрим ва нобуд бўлган личинкалар касалланади. Ёпиқ катакларда касалланганларини соғломларидан ажратиш жуда қийин, шунинг учун касалликнинг дастлабки бошланиш даврини асаларичи пайқамай қолади. Касаллик кенгроқ тарқалгандан кейингина у кўзга кўринади.

Касал бўлган оилалар бундай вақтда кучсиз бўлиб, ўзининг уясини яхши қўриқлай олмайди, айниқса табиатдан олинадиган озиқ етарли бўлмай қолганда, ўзидан кучли оилалар қилган ҳужумни қайтаролмай қолади.

Касаллик белгилари:

Касаллик насли бор мум инларни текширганда аниқланади. Соғлом асалари оиласида  тухумдан чиққан насл бир ёшда бўлиб, инларнинг ҳамма  мум катакчаларида бўлади. Америка чириши билан зарарланган  оилада мум инларни бир хил участкаларида ҳар хил ёшдаги насл жойлашиб, айрим катакчалар бўш бўлади. Мум катакчаларининг қопқоқлари, агар ичида касалланган насл бўлса, қийшайиб ичига чўкиб кетган ва тешилган бўлади. Нобуд бўлган личинкалар очқўнғир ёки тимқора рангда бўлади.

Чириб ётган личинкалар эритилган дурадгорлик елимининг ҳидини беради. Ҳали яхши қуриб улгурмаган личинкаларнинг  танаси ёпишқоқ, чўзилувчан бўлиб, бир неча сантиметргача чўзилиши мумкин. Қуриган тана мум катакчанинг  деворига ёпишиб қолган қобиққа айланади ва ундан қийин ажралади. Касалликнинг характерли белгиларидан бири шуки, насли бор мум инлар ичидаги наслнинг ҳолатига  қараб ола-була рангда бўлиб қолади.

Касалликни аниқлаш:

Касаллик ташқи белгилари ва  патологик материални лабораторияда текшириш натижаларига қараб аниқланади. Лабараторияда текшириш учун касал насл топилган  мум уяни олиб борилади. Патологик материални ажратиб олиш, уни жойлаштириш ва ветеринария лабораториясига юбориш европа чириш касаллигидагидек бажарилади.

 

Манба: “Асалари – фойда бари” (Собиржон Мамасотиев, Неъматжон Ҳошимов, “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриёти, Тошкент-2012) қўлланмаси.

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!