Андижонда чувалчанг боқувчилар бирлашмаси тузилади

Андижон вилояти Хонобод шаҳрида Ўзбекистон сўлжон (чувалчанг) боқувчилар бирлашмасини тузиш бўйича таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экологик соф, табиий озиқ-овқат маҳсулотлар етиштириш, экинлар ҳосилдорлиги ва ернинг табиий унумдорлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бежиз эмас албатта, чунки органик ўғитлардан кенг фойдаланиш ҳосилдорликни, ернинг унумдорлигини ошириш билан бирга, асрлар давомида инсониятга ризқ-рўз бериб келаётган экин майдонларининг софлиги таъминланайди. Кимёвий ўғитлардан мунтазам фойдаланиш ернинг заҳарланиши, вақтлар ўтиб яроқсиз ҳолга келтириши мумкинлиги олимлар томонидан исботланган.

Ёмғир чувалчанглари ернииг мелиоратив ҳолатини, ҳосилдорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши қадимдан маълум. Чувалчангларнинг тупроқ унумдорлигини оширишдаги ролини дастлаб инглиз табиатшунос олими Гильберт Уайт аниқлаган ва бу борада қатор тадқиқотлар олиб борган. У ўз тадқиқотларидан келиб чиқиб, 1789 йилда “Ёмғир чувалчангларисиз тупроқ «совуқ» ва «тўйимсиз, унумсиз» бўларди” деган фикрни илгари сурган. Умуман, чувалчангларнинг ер унумдорлигини оширишдаги ижобий «фаолияти» тўғрисида европалик олимлар томонидан қатор илмий асарлар яратилган.

XX аср ўрталарига келиб одамлар бу толмас тупроқ фидойиларидан амалда фойдалана бошлаган. Ёмғир чувалчангларини сунъий кўпайтиришга ихтисослашган дастлабки хўжаликлар Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда АҚШда юзага келди. Бироқ бу хўжаликларда чувалчанглар гумус учун эмас, балки балиқ овлаш учун хўрак сифатида кўпайтирилар эди. Фақат орадан ўн йил ўтиб, 50-йилларнииг ўртасида АҚШда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида нитратлар миқдорининг ошиб кетиши муаммоси юзага келган бир вақтда олимлар биогумусни сунъий ишлаб чиқариш хусусида амалий ишларни бошлаган.

Мамкатимизда калифорния чувалчангларини боқиш, бу орқали ер учун энг фойдали табиий ўғит – гумус ишлаб чиқариш  ўтган асрнинг  саксонинчи йиллари охирида Андижон вилояти Хонобод шаҳридаги “Дўстлик” жамоа хўжалигида тадбиркор Рустамжон Усмонов томонидан бошланган.

Ҳозирда республикамизнинг турли ҳудудларида чувалчанг боқиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар бўлса-да, улар тарқоқ ҳамда ҳар ким ўз билганича иш юритиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги ривожига, ҳосилдорликни кўтаришда муҳим аҳамият касб этувчи биогумус ишлаб чиқаришни илмий асосда йўлга қўйиш, чувалчанг боқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга услубий ва амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тадбиркор Рустамжон Усмонов ташаббуси билан “Биогумус” Ўзбекистон сўлжон (чувалчанг) боқувчилар бирлашмасини ташкил этиш бўйича ўтказилган таъсис йиғилишида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида чувалчанг боқиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар иштирок этди.

– Мақсадимиз, чувалчанг боқувчиларга илмий, молиявий ва амалий ёрдам кўрсатиш, – дейди тадбиркор Р. Усмонов. – Илмий асосда  тоза ва соф биогумус маҳсулоти ҳамда  биомасса  етиштириш орқали экин майдонлари унумдорлигини ошириш, табиий соф қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ёрдам бериш. Қолаверса, биогумус маҳсулотини экспорт қилишни йўлга қўйишдир.

Йиғилишда чувалчанг боқиш орқали биогумус тайёрланиши, бу қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамият касб этиши, қолаверса, мазкур фаолият катта даромад манбаи эканлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда уюшма низоми тасдиқланди, кузатув кенгаши ва ижро органи раҳбар ва аъзолари сайланди, бирлашмани тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат),

ЎзА