Андижонда қишлоқ хўжалигидаги янги лойиҳалар ўрганилди

Жорий йилнинг 26 май куни Андижон вилоятида қишлоқ хўжалигининг бир қатор тармоқларида амалга оширилаётган ишлар бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Андижонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги лойиҳалар юзасидан ташкил этилиб, тадбирда тизим ташкилотлари раҳбарлари, вилоятлардаги туманлар ҳокимликлар вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирок этди.

Асосий эътибор сўнгги йилларда ҳудуднинг соҳада олиб борилаётган истиқболли лойиҳаларини ўрганиш, жорий йилнинг 21-22 май кунлари Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга қаратилди.

Дастлаб иштирокчилар Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти фаолияти билан танишишди.

Институт ташкил этилганидан буён селекционер олимлари томонидан кузги юмшоқ ва қаттиқ буғдойнинг 67 та нави яратилиб, Давлат комиссиясига топширилган. Синов натижаларига кўра 27 та юмшоқ ҳамда та қаттиқ буғдой навлари республика ҳудудида экишга тавсия этилган.

Бундан ташқари, дуккакли экинлари селекцияси бўйича соянинг 5 та нави, кузги хўраки нўхатнинг 4 та, кузги кўк нўхатнинг 1 та, кузги бурчоқнинг 1 та, мошнинг 2 та навлари суғориладиган тупроқлар учун яратилиб, республика ҳудудида экишга тавсия этилган.

Бу ерда илмий-тажриба майдони 175,6 гектар бўлиб, олимлар томонидан соҳага оид кўплаб лойиҳалар қилинмоқда. Семинар иштирокчилари институтда амалга оширилаётган ишлар хусусида соҳа мутахахассислари билан суҳбатлашишди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари Олтинкўл туманидаги асосий йўналиш чорвачилик-эчкичиликка ихтисослашган “Бахт имкон ривожи” фермер хўжалигини бориб кўришди.

Хўжалик раҳбари Фахриддин Исмоилов бу ерда амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берди. Айни пайтда тадбиркорнинг 1 минг 800 та қорамол, 1 минг 500 та майда шохли чорва ҳайвонлари мавжуд.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан яратилган шароит туфайли ва фермер хўжалигида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар туфайли 500 тонна қувватига эга сут қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди. Шу билан бирга биогаз қурилмаси ҳам ўрнатилди. Хўжаликнинг йиллик сут ишлаб чиқариш ҳажми 720 тоннага, гўшт ишлаб чиқариш 180 тоннага етказилган. Ҳудудда яшовчи 420 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланган.

“Умумий ер майдонимиз 1 минг 200 гектар бўлиб, шундан ғалла учун 700 гектар, пахта учун 500 гектар ажратилган. Пахтачиликда комбинациялашган агрегат ёрдамида тупроққа минимал ишлов бериш технологиясини жорий этганмиз. Хусусан, “Андижон-36”, “Андижон-37” пахта навлари парваришлаяпмиз. Аҳамиятлиси 83 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими жорий этилган”, – дейди “Бахт имкон ривожи” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов. –

Тадбир иштирокчилари фермер хўжалигининг келгуси фаолияти билан қизиқдилар. Амалга ошириладиган лойиҳалар хусусида атрофлича муҳокама ўтказилди.

Семинар давомида навбатдаги манзил Қўрғонтепа туманидаги «KHANTEX GROUP» пахта-тўқимачилик кластери бўлди. Ушбу кластерга 8 минг 136 гектар ер майдони ажратилган. Шундан 3 минг 150 гектарнинг ўзида ва 4 минг 986 гектар ер 200 нафар фермер хўжаликлари билан шартнома асосида ишни ташкил этилган.

Бу ерларга агротехник ишлов бериш учун 501 дона трактор ва агрегатлар сотиб олинган. Жумладан, юқори унумли ҳайдов тракторлари, чопиқ тракторлари, лазер текислагич, пахта терим машиналари ва бошқа турдаги тракторлар мавжуд.

Айни пайтда кластер таркибида 100 минг тонна қувватига эга пахта тозалаш заводи, 9,4 минг тонна қувватига эга ип йигирув фабрикаси фаолият юритмоқда. Шунингдек, 6,5 минг тонна қувватига эга мато ишлаб чиқарувчи фабрикаси ҳам мавжуд. Бунинг учун 834 та ишчи ўрин яратилган. Бўяш цехи ва кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикасида эса 1 минг150 та ишчи ўрни ҳам шакллантирилган.

Фаолиятни кенгайтириш мақсадида бу йил Исроил давлатининг “NETAFIN” компанияси билан 872 гектар ер майдонида замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий қилиш учун 1950 миллион доллар миқдорида шартнома имзоланди. Ҳозирда ушбу маблағлар эвазига махсус техникаларни ўрнатиш ишлари бошланган.

Кластер эгаларининг жорий йилги ҳосилдан умидлари катта. Жумладан, 2 минг 451 гектар ғалла майдонининг 600 гектарида Россиянинг Кроснадар илмий-тадкикот институтидан 120 тонна “Васса”, “Гром”, ва “Алексеевич” навларидан суперэлита уруғлик буғдойи олиб келиниб парваришланмокда.

Семинар иштирокчилари бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишишди. Суҳбат жараёнида ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар. Кун давомида вилоятдаги шу каби кўплаб қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати agro.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!