“Animal Keeping” профессионал ветеринария ва зоотехния форуми ташкил этилди

2018-йилнинг 12-13-март кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “NITA-FARM” компанияси, Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ҳамкорлигида ёш ва ташаббускор чорвадор фермерлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган “Animal Keeping” профессионал ветеринария ва зоотехния форуми ташкил этилди.
Унда Россия Федерацияси ветеринария фанлари номзоди –Владимир Зубарев, Россия Федерацияси бош ветеринар врачи–Олга Бондар, Ўзбекистон ёш фермерлар кенгаши раиси Соатмурод Қулмирзаев, Тошкент давлат аграр университети ветеринария бўйича мутахассиси – Акрам Собиров, тажрибали чорвадор фермерлар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Форумда иштирокчилар чорва ҳайвонлари касалланишини олдини олиш ва замонавий даволаш йўллари борасида амалий ва назарий тажриба алмашишди. Шунингдек, ёш фермерлар чорвадорликда учрайдиган инфекцион касалликлар ва уларни даволаш усуллари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.
Хусусан, эксперт Владимир Зубарев чорвадорликда туёқ қисмидаги касалликлар профилактикаси ва даволаш борасида ўз таклиф-тавсияларини берди.
Олга Бондар эса бузоқчалардаги ошқозон-ичак касалликлари диагностикаси, профилактика методлари ва даволаш йўллари тўгърисида бир қанча маълумотларни келтириб ўтди.
Бундан ташқари, ҳайвонлардаги нафас олиш йўлларининг асосий касалликлари, самарали даволаш методлари ва унинг кескин тарқалишини ўз вақтида олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга ҳам алоҳида тўхталди.

Тадбир давомида қатнашчилар соҳада дуч келган муаммолари юзасидан экспертларга мурожаат этиб, фойдали маслаҳатлар олишди.
Мулоқот давомида фермерларга чорва молларини ҳосилдорлигини ошириш, чет элдан олиб келинган чорва ҳайвонларини Республикамиз иқлим шароитига мослаштириш, уларда кўп учрайдиган касалликларга қарши курашиш акс эттирилган тақдимот намойиш этилди.
Асосий мурожаатлар туёқ ва ошқозон-ичак касалликларига қаратилган бўлиб, экспертлар бу касалликларга қарши курашишнинг даво усуллари, керакли дори-дармонларнинг қўлланилишини иштирокчиларга атрофлича тушунтиришди.
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!