Ариларнинг қишдаги ҳаёти

Ари оилаларини етарли ва сифатли озиқ билан таъминлаш қишнинг муваффаққиятли ўтишини таъминловчи энг биринчи заминдир. Шунингдек асалари
уяларини ҳаво алмашиш тешикчалари билан жихозлаш зарур.
Арилар 0-2°С ҳароратда яхши қишлайдилар. Ҳарорат 4-6°С дан ошиб кетса, арилар тўдаларидан тарқалишиб, безовталана бошлайди. Натижада кўп овқат
истеъмол қилади, оқибатда уя ичида ахлат кўп чиқариши арилар ўлимига сабаб бўлади.
Очиқ ҳавода қишловчи ари уяларида ҳарорат +4°С дан пасайиб кетса, арилар тyдасининг зичлашиши 12% га ошади. Бундай ҳолатларда уяларда ҳаво
алмашиш тешикчалари ўз жойида бўлмаса ёки ари оиласининг ички хажми қишлашга нотўғри тўпланган бўлса, арилар таналаридан ажратган буғ
ҳолатидаги нам ҳаво уядан ташқарига чиқиб кета олмай, уя деворларида, мумкатак рамкаларда тўпланиб, қировга айланади. Бу қиров ҳаво иссиқ кунлари
эриши оқибатида, моғop замбуруғлари ривожланиб, мумкатак рамкаларни ишдан чиқаради ва келажакда фойдаланишга яроқсиз қилиб қўяди.
Ўзбекистон шароитида қиш мавсумида иссиқ ва офтобли кунлар тез-тез бўлиб туради. Уяда намлик ошиши натижасида моғор замбуруғлари
кўпайишидан ташқари асал озиғи суюлиб, ачий бошлайди. Бундай озиқни истеъмол қилган арилар ичкетар касалига учраб, қишдан жуда кучсизланиб
чиқади ёки қирилиб кетади. Арилар қишлаётган жойда намлик 85-88% бўлиши керак. Намлик психрометр аппаратининг ҳўлланган ва қуруқ
термометрларинииг кўрсатгичига қараб махсус жадвал ёрдамида аниқланади.
Қишлаётган ари оилаларининг уяларига сичқон кириб қолса, жуда катта зарар етказади.
Сичқонлар ари уясидаги мумкатак рамкаларнинг инчаларини кемириб майдалайди, иситкич ёстиқчаларни майдалаб, пахта орасига ин куяди ва ўша ерда
болалаб, қўланса хид тарқатади. Бундан қишлаётган арилар безовталанади ва кўпчилик ҳолларда ари оилалари қирилиб кетади.
Баҳор яқинлашган сари уларнинг opқa ичакларида тўпланган ахлатнинг миқдори кўпайиб, арилар безовталана бошлайдилар ва оқибатда йуғон ичагида
тўпланган ахлатни уя ичида чиқариб юборишга мажбур бўлади. Натижада арилар қишдан кучсизланиб, мадорсизланиб чиқади ва баҳорда уларнинг
ривожланиши қийин бўлади. Шунинг учун хам қишлаш вақтида ариларнинг тинчлигини таъминлаш керак.

Манба: «Асаларичиликни ривожлантириш асослари», А.И.Исамуҳаммедов, Ҳ.К.Никадамбаев

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!