Асад суви: экинга мадор, хирмонга барака

Ғўза — меҳрталаб экин. Сабаби, у деҳқоннинг ҳар бир ниҳолга қалб қўри, кўз нурини бериб, қилган фидокорона меҳнати туфайли баравж ривожланади ва қимматбаҳо ҳосил тўплайди. Ғўза парваришининг нозик томони ҳам шундаки, мавсум давомида бир зум бўлса-да, хотиржамликка берилиб бўлмайди.

Жорий йилда самарқандлик деҳқонлар 75 минг 580 гектар ер майдонида чигитнинг Султон, Бухоро-102, Омад, С-8286, Порлоқ-1 навларидан 215 минг 500 тонна пахта хом ашёси ишлаб чиқариш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

Ғўза парваришида суғориш ишлари муҳим аҳамиятга эга. Азалдан асад ҳосил тақдирини ҳал этувчи муҳим палла саналади. Буни дилдан ҳис этган пахтакорлар қуёшли кунларнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланган холда кунни-тунга улаб меҳнат қилишмоқда. Тажрибали деҳқонлар таъбири билан айтганда ғўзани тунда суғориш ҳосилга ҳосил қўшиб, унинг сифати ва салмоғининг ошишига хизмат қилади.

«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан пахтадан мўл ҳосил етиштиришда муҳим агротехник тадбир саналган суғориш ишларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, пахта далаларини «шарбат» усулида суғориш, ҳар қатраси олтинга тенг бўлган сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.

Ғўзани тўртинчи суғориш ишлари учун Самарқанд вилоятида 21 минг 152 нафар қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимлари, фермерлар жалб этилган. Уларнинг меҳнати эвазига бир кунда ўртача 11 минг 877 гектар ер майдонидаги қишлоқ хўжалиги экинлари оби ҳаётдан баҳраманд бўлмоқда. Жумладан, кунига 4 минг 595 гектар пахта майдони, 4 минг 326 гектар такрорий экинлар ва 4 минг 326 гектар томорқа ва бошқа экинлар суғорилмоқда.

— Пастдарғом вилоятнинг энг йирик аграр туманларидан бири. Жорий йилда 313 та фермер хўжалиги томонидан 16 минг 949 гектар ерга пахтанинг Омад, Бухоро-102 нави экилган бўлиб, қабул масканларига қарийиб 45 минг тонна сифатли саноат хом ашёси етиштириш юзасидан астойдил меҳнат қилинмоқда, — , дейди Инспекциянинг Пастдарғом тумани бўлими бошлиғи Одил Шомуродов. — Пахта майдонлари асосан, «Дарғом шохариғи» ва «Прогресс», «Эски анҳор», «Крес» каналлари орқали суғорилади. Бир кунда ўртача 900 гектар пахта майдони суғорилмоқда. Туман ирригаторларига етарли шароит яратиш мақсадида Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев ташаббуси билан хайрли ишга қўл урилди. Гап шундаки, туман ирригация бўлимининг 20 нафар сувчиларига бепул велосипед берилди.

Жорий йилда туман деҳқонлари 8 минг 195 гектар ер майдонига чигитнинг Султон, Бухоро-102 навларини экиб парваришламоқда. Агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши боис, ғўза ривожи авжида. Ғўза қатор ораларига сувни асосан тунда, «шарбат» қилиб оқизишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун далалар бошида қазилган ўраларнинг гектарига беш-олти тоннадан мўлжаллаб маҳаллий ўғит билан тўлдирганлиги қўл келмоқда. Суғоришда ушбу усулнинг афзалликлари кўп. Аввало, бундай майдонларда намлик узоқ вақт сақланиб, кейинги сувга бўлган талаб узайса, обиҳаётнинг иссиқда буғланиб кетишининг олди олиниши эвазига катта миқдорда бебаҳо неъмат тежалади. Бундан ташқари, «шарбат»га тўйган ғўза кўсаклари бўлиқ, пахта толаси эса майин ва сифатли бўлиши ўз исботини топган. Сувчи эътибор қаратиши зарур бўлган яна бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, зинҳор ғўзани суғоришда кўллаб кетишига йўл қўймаслик керак. Чунки кўллаб қолган эгатдаги сув иссиқда экин илдизига салбий таъсир кўрсатиб, ҳосил нишоналарини ташлаб юбориши, ғўза фақат бўйига ўсиб, ғовлаб кетиши мумкин. Мазкур муҳим агротехник тадбирлар ижроси инспекциянинг туман бўлими инспекторларининг доимий назоратида,-дейди инспекциянинг Пахтачи тумани бўлими бошлиғи Ойбек Аминов.

Демак, ғўзада ҳосил нишоналари кун сайин кўпаяётган август ойида барча қишлоқ меҳнаткашлари зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, астойдил меҳнат қилса, кузда хирмонимиз ҳар доимгидек баланд бўлиши, шубҳасиз.

Абдулазиз Йўлдошев,
(Халқ сўзи)

Дўстларингизга ҳам улашинг!