Асалари чаққанда қанча заҳар ажратади?

13
Асалари заҳари яъни апитоксин (лот. апис – асалари, юн.тохикон – заҳар) – ишчи асаларилар танасидаги ипсимон безлари ажратадиган ўткир ҳидли аччиқ, оч сариқ, шаффоф суюқлик. Асалари заҳари таркибида биологик фаол моддалар, ферментлар, эркин аминокислоталар, чумоли, хлорид, ортофосфат кислоталари, гистамин, холин, триптофан, олтингугурт, магний фосфат ва бошқа моддалар бор.

Асалари заҳари таркибидаги таъсир қилувчи моддалар гистамин гликозиди, липидлар, ҳайвонот сапонинларига яқин турадиган моддалардан иборат. Сувда тез, чумоли кислотада ва 60°C ли спиртда секин эрийди. Асалари чаққанда 0,2-0,3 мг заҳар ажратади. Асалари чаққан жойда қаттиқ оғриқ ва шиш пайдо бўлади.

Асалари чаққан пайтда, ўша жойга дарҳол валидол эритмаси ёки саримсоқ кесиб суртилса, оғриқ қолади, шиш пайдо бўлмайди. Асалари заҳаридан тиббиётда радикулит ва бод касалликларини даволашда фойдаланилади. Бунда организм бевосита асалариларга чақтирилади ёки таркибида асалари заҳари бўлган дорилар қўлланилади. Бу препаратлардан бронхиал астма, гипертония касалликларини даволашда ҳам фойдаланиш мумкин.

Бод ва радикулитни даволашда таркибида асалари заҳари бўлган вирапин (1 г вирапинда 0,15 мг асалари заҳари бўлади) суртма ҳолида қўлланилади. Таркибида асалари заҳари бор дорилардан қон томирларини кенгайтириш ва моддалар алмашинувини яхшилашда фойдаланилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!