Апрель ойи — биринчи асаларилар оиласини сотиб олишингиз учун энг қулай вақт, чунки бу пайтда асаларилар қишки уйқудан чиққан, биринчи парвозини бажарган бўлади ва сиз уларнинг сифатларини тўлақонли баҳолай оласиз. Аммо асалариларни сотиб олишдан аввал уларни қаерга жойлаштириш ҳақида ўйлаб кўришингиз керак.
Асалари хўжалигини тинч, кучли шамол ва елвизаклардан ҳимояланган ерда жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Агарда жой очиқ бўлса, хўжалик атрофида ўсимликлардан ҳосил қилинадиган иҳота экиш, боғ барпо этиш ёки девор ясаш (масалан, қамишдан) ҳақида ўйлаб кўришингиз керак.
Асалари хўжалигини имкон қадар катта сув ҳавзалари яқинида жойлаштириш керак эмас, чунки бу асал берадиган ўсимликлар ўсиши учун жой чекланганлигини билдиради. Шунингдек, асаларилар гул ширасини излаб сув ҳазваси устидан учиб ўтар экан, орқага қайтиш пайтида нобуд бўлиши мумкин.
Кичик сув ҳавзалари, дарё ва ирмоқлар борлиги эса асалариларга ижобий таъсир кўрсатади. Асалари хўжалиги учун жой зах бўлмаслиги керак, чунки захликдан асаларилар кўпроқ касалланади.
Бундай хўжаликлар электр узатиш линиялари ва уяли алоқа марказларидан ҳам узоқроқда жойлашган бўлиши мақсадга молик. Бундан ташқари, хўжаликда уяли телефонлардан жуда кўп, яъни узлуксиз фойдаланиш ҳам ўзи мақсадга мувофиқ эмас, чунки бу асалариларнинг эркин ҳаракатланишига халал беради.
Даставвал, асаларилар уяси ва бошқа зарур анжомларни сотиб олиш лозим бўлади. Айниқса, кичик кўламда асаларичилик билан шуғулланиш учун сизга бир неча оддий мосламалар зарур. Масалан, бевосита асаларилар уялари (шу ерлик асаларичилар фойдаланадиган) ёки ўн олтита рамка сиғадиган уялар сотиб олган маъқул.
Шунингдек, куракча, сунъий мумкатакни силлиқлаш учун ғалтакмола, искана, чўтка, тутатқич, юзни ёпиш учун тўр ва оқ халат ҳамда каноп ва ҳар бир уя учун ёстиқ керак бўлади. Сотиб олинган асаларилар уялари янги, қуруқ ва тоза бўлиши лозим.
Уларни шундай жойлаштирингки, кўзи кўзига қараб турмасин. Бу хавфсизлик техникасининг биринчи талаби.Юртимизнинг иссиқ ва қурғоқчил иқлим шароитида уялар кўзини шарққа ёки шимоли-шарққа қаратган маъқул. Шунда асаларилар ишга эртароқ киришади, кундузги жазирама қуёш нурлари бевосита уларга тушмайди.
Манба: mehnat.uz
















