Асалари канаси қандай зарар келтиради?

Варроатоз инвазион касаллик бўлиб, асалари оиласидаги личинкани ҳам етук арини ҳам жароҳатлайди. Касалликни варроа якобсон канаси қўзғатади. Табиий шароитда варроатоз ўрта ҳинд асалариларида учрайди. Каналар асалариларнинг қанотлари тагида, қорнида кўпинча бўйнида жойлашади. Каналар оғиз аппарати билан сегмент оралиғида жойлашиб, олд гавдаси асаларининг хитин қопламига ёпишиб беркилган бўлади.

Битта асаларининг танасида 10 та ва ундан ортиқ кана жойлашган бўлиши мумкин. Қиш вақтида урғочи каналар арилар устида қолиб кетади, натижада уларнинг айрим қисми қишда ҳалок бўлиб арихонанинг тубига тўкилади, қолганлари эса қишлаб чиқади.

Асалари оиласида янги личинкалар пайдо бўлиши билан каналар кўпая бошлайди. Улар баҳорда тухум қўяди. Бу пайтда асаларининг усти очиқ (шувалмаган) наслининг гемолимфа суюқлиги уларга қўшимча озиқ вазифасини ўтайди.

Асаларилар личинкасининг ғумбаклик даврида каналар тухум қўя бошлайди. Агарда ғумбак жойлашган катакчага бир-нечта урғочи каналар кирган бўлса, улар ғумбак устига ҳар қайсиси учтагача тухум қўяди, агарда битта урғочи кана кирган бўлса у 4-5 та тухум қўяди. Тухумларнинг ярмида урғочи, ярмида эркак кана ривожланади. Урғочи каналар 8-9 кунда, эркак каналар 6-7 кунда етилади. Каналарнинг урчиш даври ёш ариларнинг катакчадан чиқиш даврига тўғри келиб, катак ичида бўлади.

Катак ичида урғочи кана билан эркак кана қўшилгандан сўнг, эркак каналар катак ичида ҳалок бўлади. Эски урғочи каналар, янги, ёш урғочилар билан бирга катакдан чиқаётган ёш асалариларга қўшилиб уядан чиқади. Баҳорда урғочи каналарнинг аҳволи оғирлашиб иқлим шароитига чидамсиз бўлади. Ёзда чиққан каналар анча чидамли бўлиб, улар ёзнинг ҳар қандай шароитига мослашади.

Каналар ҳар хил шароитда ҳам озиқсиз 3-5 кундан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво ҳарорати 30-34˚C ва 60% намлик каналарнинг кўпайишига қулай бўлади. Ҳавода кислород миқдори етарли ва атмосфера босими 0,3-0,8 Па бўлганда бир дақиқада 120-240 тебранишга чидаб арилар устида сақланиб қолади. Бу каналар 42-44˚C иссиққа ва 0-2˚C совуққа ҳам чидайди.

Намлик 10-12% бўлганда улар нобуд бўлади. Қуёш нурларини ёқтирмайди.

Варроатоз касаллигида ғумбаклик даврига ўтган личинкаларнинг ўлиши, катакчалардан ўсиб чиққан ёш ариларнинг майиблиги кузатилади. Оиладаги майиб асалариларнинг сонига қараб каналарнинг ривожланганлик даражасини аниқлаш мумкин.

Ўлган личинкалар қўланса ҳид чиқаргани боис, катакчалар ичидан осон олинади. Кана ёпишган арилар безовталанади, катакчалардан чиқиб арихонанинг тагига тўкилади. Кана босган оилалар нотинч бўлиб, қишловга киришда бир ерга йиғила олмайди. Уларнинг ўсиши ва асал йиғиши камаяди, бу оилаларда она арининг тухум қўйиши эрта кузда тўхтайди. Кузда кучсизланиб қолган оилага кучли оила арилари ҳужум қилади. Уяларининг кўриниши худди европа чириш касалидагидек бўлади.

Оила касалга секин-аста чалинади: биринчи йили оиланинг ҳосилдорлиги юқори бўлиб, икки йил ўтгандан сўнг 20-30% гача асалариларни кана босади. Айрим вақтларда кана жуда ривожланиб, қисқа вақт ичида оиланинг ҳалок бўлишига олиб келади.

Манба: “Асалари – фойда бари” (Собиржон Мамасотиев, Неъматжон Ҳошимов, “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриёти, Тошкент-2012) қўлланмаси.

Дўстларингизга ҳам улашинг!