Асалари оиласини боқишдаги асосий талаблар

Асалариларнинг ҳаёти ниҳоятда мураккаб оилани ташкил этади ва ҳар бир индивид маълум бир вазифани бажаради. Шунинг учун оилада насл берадиган она ари, наслсиз урғочи ари, яъни ишчи ари ва эркак арилар (трутенлар) пайдо бўлиб, улар тузилиши ва физиологик хусусиятларига кўра бир-биридан фарқ қилади ва бу полиморфозм дейилади. Полиморфозм, одатда, ҳар бир индивид оилада маълум бир вазифани бажаришидан келиб чиқади, яъни бажариладиган ишнинг тақсимланиши бевосита уларнинг морфологик фарқига боғлиқ.

Арихоналарда етиштирилиб кўпайтириладиган кучли асалари оиласида ёз мавсумининг ўрталарида 60–70 минг, дурагай зот ари оиласида 80–90 мингтагача ариси бўлади. Оилада ишчи ариларнинг сони кўп бўлиши эвазига улар қисқа вақт, яъни 20–30 кун ичида кейинги йилги шарбат ташиш давригача етадиган озиқ тўплай оладилар. Кўп сонли арилар жамоа бўлиб яшаши натижасида асаларилар қишки совуқ кунларда уяларида зарур муҳитни, керакли иссиқни ушлаб турадилар.

Оиланинг кучи арилар тўлиқ қоплаб олган мумкатак инчали ромлар сонига қараб аниқланади. Арилар 5–6 та инчали ромда бўлса, бундай оила тўла кучли оила бўлади.

Личинкалар сони мумкатак инчали ромлардаги усти беркитилган личинкалар сонига қараб аниқланади. Агар она ари инчаларга бир текисда тухум қўяётган бўлса, у ҳолда сифатли, агарда инчаларга онда-сонда тухум қўяётган бўлса, сифатсиз она ари бўлади.

Озиқнинг миқдори мумкатак инчали ромлардаги асалга қараб чамалаб аниқланади. Катта ҳажмдаги 435 × 300 миллиметрли мумкатак ромларда 3,5–4 кг гача, кўп қаватли уяларнинг 435 × 250 мм инчали ромларида эса 3 кг гача асал бўлиши керак. Оиланинг ичидаги инчали ромларнинг сифати она арининг тухум қўйишга яроқлилигига қараб аниқланиб, моғор босган, сичқон кемирган, ҳажми кичрайиб, қорайиб кетган ва эркак ари инчалари кўп бўлган сифатсиз мумкатак ромлар олиб ташланади.

Агарда оилада баҳорда озиқ модда бўлмаса, у ҳолда она арининг тухум қўйиши камаяди. Чунки озиқ бўлмаса, личинкаларнинг ривожланиши сусаяди, ҳарорат кўтарилишига дош бера олмайди. 10–12 кг гача озиқаси бўлган оила яхши ривожланади. Ҳар бир ари оиласининг 1 та кучига 1 кг озиқ керак бўлади.

Ари оиласи меъёрида яхши ривожланаётган даврда 30 кг асал истеъмол қилади. Шундан 8–10 кг озиқни асаларичи уяга солиб қўяди, 18–20 кг ни асалариларнинг ўзи эрта гуллайдиган ўсимлик гулларидан олиб келади.

Баҳор келиши билан оилани иситиш мақсадида бўш ромлар олиб қўйилади. Асаларилар нечта ромни қоплаб турган бўлса, шунча ром қолдирилади. Оиланинг ички ҳажми қанча қисқартирилса, оила шунча тез ривожланади.

Баҳорда оила сунъий, яъни ёстиқчалар ёрдамида иситилади. Асалариларни кўчириш пайтида, иложи бўлса, юқори ёстиқчаларни олиб ташлаб, ўрнига бўш ромлар қўйиш керак.

Ари оиласининг аҳволи аниқланаётган бир вақтда унинг ички ҳажми ҳам тартибга келтирилади, яъни ари оиласини жадал ривожлантириш учун шароит яратилади. Бунинг учун уянинг ички ҳажмини тартибга келтиришда оилада етарли озиқ ва она ариси тухум қўйишига яроқли тоза ҳамда сифатли мумкатак инчали ромлар бўлиши таъминланади: ортиқча ва яроқсиз мумкатак инчали ромлар олиб қўйилади, уянинг ички ҳажми кераклигича қисқартирилиб, иситгич ёстиқчалар ёрдамида ўраб қўйилади. Айниқса, кучсиз ари оилаларида бўш мумкатак инчали ромлар ажратиб олиниб, керакли озиқ билан таъминланади.

Баҳорги тафтиш натижалари алоҳида рўйхатга ёзиб қўйилади. Асаларичи ари оиласини тўлиқ текшириб тафтиш қилиш билан ҳар қайси ари оиласининг аҳволи ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!