Асаларичиликда ишлатиладиган асбоб ускуналар

Республикамизнинг табиий шароити кўплаб ўсимликларни ўсиши учун қулай ҳисобланади. Вилоятларимизда асалари боқиш асосан кўчма асаларичиликка асосланган. Кўчма асаларичилик зоналарида ширага бой ўсимликларнинг хилма-хиллиги, ўлкамизда узоқ вақт совуқ бўлмаслиги, асалариларнинг юввошлиги, уларни парвариш қилиш усулларининг оддийлиги кўплаб миқдорда асал олиш имконини беради.

Асалари боқишда ва асаларичилик маҳсулотларини қайта ишлашда қуйидаги асаларичилик асбоб-ускуналаридан фойдаланилади:
1) тўрбош — бетни ари чақишидан ҳимояловчи восита. Унинг юзга тутиладиган томони қора тўрдан, бошқа томонлари чит ёки сатиндан қилинади. Икки
томонига 2,5-13мм ли металл ҳалқа кийгизилиб, уст томони бошга кийиладиган қалпоқ гардишига тиқилади. Тўрнинг симдан қилинган хиллари ҳам
бўлади;
2) тутатгич — асал олишда, асалари оиласини текширишда асалариларни ҳайдаш учун қўлланилади. Тутатгич корпус ва зосқондан иборат, бир-бири
билан металл пластинка ёрдамида бириктирилган бўлади. Корпус қопқоғи тутунни тегишли томонга йўналтирадиган қилиб ясалади;
3) искана — асалари оиласини текширишда ишлатилади. Унинг ёрдамида асалари қутиси ва рамкалар қириб тозаланади. Мум катакли рамкалар олинади
ёки жойидан қўзғатилади. Шунингдек исканадан асалари қути корпуслари ва магазинларини бир-биридан ажратишда фойдаланилади. Искананинг бир
учи тўғри бурчак шаклида эгилган бўлади. Ўзи пўлатдан ясалади, узунлиги 18-20 см, эни 3-3,5 см ва қалинлиги 0,3 см бўлади;
4) она уя — асалари оиласидаги она арини вақтинча ажратиб қўйишда ишлатиладиган катакча. Сим тўрдан гугурт қутиси катталигида ясалади;
5) кўч сават — оиласидан бўлинган асалариларни ушлаб келиш ва уларни вақтинча ушлаб туришда ишлатилади. У тухум шаклда фанердан ясалиб, туби
ва очиладиган қопқоғи тўрдан қилинади;
6) она уя қалпоғи — мум катагидаги янги қўйилган она арини вақтинча ажратиб қўйишда ишлатилади. Металл гардишга кўзи 2,5-3 мм ли сим тўр ўраб
тайёрланади;

 

7) тўсиқ панжара — асалари оиласида бир неча она ари кетказишда ишлатилади. Ундан ишчи арилар ўтиб, она арилар ўта олмайди. Тунукадан 448х250
мм катталигида ясалади. Тирқишларининг эни 4,4 мм, узунлиги 28 мм бўлади.
8) қопқоқли ёғоч яшик — рамкаларни кўчириб юриш учун фойдаланилади. У 5-6 та рамкани олиб юришга мўлжаллланган бўлади;
9) тешгич — рамканинг 2 та ёндор ёғочини тешишда ишлатилади. Асосий қисмлари чюян корпус, ричагдаста, бигизли 4 та шток ва 2 та пружинадан
иборат бўлади;
10) асалариларга қўшимча озуқа бериладиган охурча;
11) ғалтак — сунъий мум катак четларини рамкага зичлаб ёпиштиришда ишлатилади. Асосий қисмлари ёғоч дастали думалоқ металл стержен ва ўқдан
иборат бўлади;
12) рамкаларнинг тўлдирилган мум катаклар устини кесадиган пичоқни ишлатишдан олдин қайноқ сувга тиқиб олинади;
13) ёпилган мум катаклар оғзини очиш учун ишлатиладиган стол корпусининг кўтарма қопқоқлари, жумракли идиш, иситиш асбобларини қўйиш учун
очиладиган ён столларидан иборат бўлади;
14) элак — мум катаклардан ажратиб олинган асални сузишда ишлатилади. Зангламайдиган тунука ва оқартирилган сим тўрдан қилиниб, асал
ажратадиган машина кранига осилади;
15) мум катагидаги асални ажратиб оладиган медогонка. Бу машина марказдан қочирма куч билан ишлайди. Радиал (катта) ва хоодиал (кичикроқ)
хиллари бор;
16) асал тиндириладиган идиш — алюмин ёки оқартирилган пўлатдан 285 ёки 570 литр ли қилиб ясалади. Идишга 400 ёки 800 кг асал кетади. Асални
тиндиришда сирланган идиш ёки ёғоч бочкалардан фойдаланилса ҳам бўлади;
17) мум катак оғзидан қирқиб олинган мумлар еритиладиган мослама. Бу мослама ёғоч корпус, кўтарма қопқоқ, ойна билан ўралган рама, тоғора ва
иситадиган материаллардан иборат бўлади. Йирик асаларичилик хўжаликларида буғ билан ишлайдиган мум еритгичдан фойдаланса ҳам бўлади. Бу
типдаги машинада бирйўла 25 рамка мум катагини эритиш мумкин;
18) асалари учун суғоргич — ёғочдан ёки алюминдан ясалади. Жўмракли бўлади, ҳамиша офтоб тушиб турадиган жойга қўйилади. Бунда асалариларга
доимо сув келиб туради. Асаларизорларга одатда 2 таси қўйилади. Бири чучук иккинчиси шўр сув билан тўлдирилади. Суви ҳар куни ёки кунора
алмаштирилади;
19) 2 ғилдиракли енгил аравача — асалари оиласи, асалари қутиси ва асалари асбоб ускуналарини кўчириб юришда ишлатилади.

Манба: «Чорвачилик ва паррандачилик асослари», М.З.Муртозаев, А.А.Кушаков, Т.А.Алибоев

Дўстларингизга ҳам улашинг!