Асаларилар кўчга чиқишининг олдини олиш

Ариларнинг оилада ривожланиши, ўсиши, кўпайиши уларнинг кучини оширади. Кучли ари оилаларидан табиий йўл билан кўчга чиқиш орқали янги
оилалар ташкил бўлади. Асосан, яхши ривожланаётган ари оилалари баҳорнинг иккинчи ярмида, кун иссиқ ва об-ҳаво яхши бўлган кунларда кўпроқ
кўчга чиқади. Кўч чиқарган асосий ари оилаларининг ўша йили маҳсулдорлиги паст бўлиб, асал тўпланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун мутахассислар азалдан ари оиласининг кўчга чиқиш сабаблари билан қизиққанлар.

Арихонада жадал кўч чиқмаслиги учун қуйидаги қоидаларга риоя қилиш керак:
ари оилаларида кам тухум қўядиган қари она ариларни (2 ёшдан ошганини) алмаштириш;
кўчга чиқиш мавсумида арилар кўп асал ташиши учун уларни шарбат ажратувчи ўсимликлар кўп жойларга кўчириш ёки бўлмаса махсус асал ажратувчи ўсимликлар экиб, ариларни шундай озиқ билан таъминлаш;
ариларнинг кўчини шарбат ташиш ва катак мумларини тортишга йўналтириш;
оиланинг ички ҳажмини ўз вақтида сифатли мумкатак ромлар билан кенгайтириб туриш зарур;
ари оилаларининг уясини қуёш тушадиган жойда қолдирмаслик;
жазирама иссиқ кунлари ариларнинг уя тешикларини кенгайтириб, ҳаво алмашиб туришига шароит яратиш.

Бундан ташқари, арилар ҳажми кенг уяларда боқилса, уларнинг кучидан самарали фойдаланилади ва арилар кўчга чиқишга кам интилади. Юқорида айтилганларга амал қилинганида ҳам, арихонада кўч чиқишини бутунлай бартараф этиб бўлмайди. Шунинг учун кўч чиқмаслигининг олдини олишнинг энг қулай йўли ўз вақтида янги ёш оила ажратиш ҳисобланади. Асаларичилик яхши йўлга қўйилган арихоналарда ҳали ҳам кўчга чиқиш ҳолатлари учраб туради. Бундай пайтларда асаларичи нима иш қилишни яхши билиши керак.
Ўзбекистон шароитида, асосан, ари оилалари ётоқ уяларда боқилгани учун, асосий шарбат тўплаш даврида яхши қишлаш учун яроқли бўлган сифатли асал берувчи ўсимликлар гуллаши даврида мумкатак ромларнинг ярмида ёки ярмидан кўпроқ қисмида асали бор ромлар ажратиб олиниб, алоҳида зич ёпиладиган уяларга солинади. Арихона атрофида жойлашган уяларда, вагонларда, ертўлаларда арилар кеч кузгача сақланади. Кузда ари оиласининг ички ҳажмини қишлашга тўплаш даврида оила ичидаги пахта ёки қишлашга яроқсиз деб ҳисобланган асалли ромлар ажратиб олиниб, уларнинг ўрнига махсус ёпиқ уяларда сақланаётган сифатли гулларнинг асали бор ромлари қўйилади. Алоҳида ажратиб қўйилган асалли ромларда гулчангларнинг борлигига эътибор бериш керак.

Манба: «Асаларичилик фермер хўжаликларини ташкил этиш ва юритиш», Р.Х.Пулатова

Дўстларингизга ҳам улашинг!