Асалари қишлови Ўзбекистоннинг тез ўзгарувчан иқлим шароитида бутунлай ўзгача ва мураккаб ҳолда ўтади.
Тоғли ҳудудларда ёз фаслининг кўпинча қурғоқ келиши, ёғингарчилик бўлмаслиги оқибатида гулли ўсимликлар тез қурий бошлайди, гулшира ва гулчангнинг келиши эса бутунлай тўхтаб қолади, она асалари тухум қўйишни камайтиради.
Натижада асалари оилалари қишловга қари, ёши улғайган асаларилар билан киради. Бу эса кўплаб салбий оқибатларга, қишловнинг муваффақиятсиз ўтишига, кўпинча асалариларни ўлимигача олиб келади.
Қурғоқчилик келиши, дарахтлар ва бутасимон ўсимликлар барглари томонидан ҳар хил турдаги ўткир шираларнинг (падь) ажралишига имконият яратади. Маълумки, қишловга қолдирилган озуқа асал таркибида оз микдордаги ўткир ширанинг бўлиши асаларилар учун ўта хавфлидир. Ўткир шира таркибидаги кўпгина минерал моддалар ўзининг салбий хусусиятлари билан, қишлов даврида асалариларнинг ўрта ва орқа ичаклари яллиғланишини ва бошқа касалликларини пайдо қилади. Натижада асалари хавфли нозематоз касалига дучор бўлиб, ўлиб қолиши мумкин.
Нозематоз касаллиги асосан эрта баҳорда, асалариларнинг биринчи парвози даврида қўзга ташланади. Нозематоз касаллигида асаларининг орқа ичаги, қишлов даврида ўткир асал таркибидаги ортиқча минерал моддаларнинг тўпланиб қолиши таъсирида яллиғланади, орқа ичак эса шикастланади. Натижада улар ҳолсизланиб ичи кетади, асалари қутиси деворлари, уядаги ромлар, кути қопқоқпари сариқ рангли ахлатлар билан булғанади. Нозематоз билан касалланган асаларилар эса уя атрофида ўралашиб, безовталанади, бироз вақт ўтгач, улар ўлиб қолади.
Асалари оиласида варроатоз каналарининг бўлиши уларнинг қишловига салбий таъсир кўрсатади. Қиш мавсумида ҳар юзта асалариларда 25-30 та кана бўлиши оила
ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда кўпгина вилоятлардаги асалари оилаларида уларнинг варроа канаси билан зарарланиш даражаси 15-20% дан ошмоқда (ҳар 100 асалари танасида 15-20 кананинг бўлиши). Хусусан, тоғли ҳудудларда баҳорнинг кеч келиши варроа канаси кўпайишига кўпроқ сабаб бўлмокда.
Баҳор фаслида очиқ ва ёпиқ наслни, хусусан эркак асалари наслининг кўпроқ бўлиши ҳамда зоотехникавий қоидаларни қўлламаслик натижасида, (эркак асалари наслини кесиб ташламаслик, эркак асалари инли мумпардаларни тўқитмаслик ва бошқалар), шунингдек, варроа канасига қарши кураш чораларини ўз вақтида ўтказмаслик оқибатида асалари оиласидаги каналар сони 2-2,5 баробарга ошиши мумкин.
Бундан ташқари, варроа каналари асалари оиласида ҳар хил вирусли, юқумли инфекцион касалликларини ҳам келтириб чиқаради. Бу даврда асалари қанотлари деформацияланган шаклда бўлиши, яъни чала қанот, қийшайган қанотларнинг пайдо бўлиши ва шунга ўхшаш вирусли касалликларни вужудга келтириш билан характерланади.
Варроатоз касалига қарши кураш чораларини ўз вақтида, доимий равишда ўтказиш лозим. Ёз фаслида ҳар 100 та асалари танасида 7-10 та кана бўлишига йўл қўймаслик керак. Ҳар бир асал тортишдан сўнг канага қарши кураш тадбирларини ўтказиш лозим.
Асал тортишдан сўнг акарацид ўсимликлардан ҳисобланган талқон ёки чилим тамаки ўсимлиги барги ва поясидан тайёрланган кукунидан фойдаланиш яхши натижа бера-
ди. Талқон кукуни асалари танасидаги каналарни максимал даражада туширишга ёрдам беради ва қишловга соғлом, ҳаётчан асаларилар киради.
Ўткир шира токсикози, нозематоз ва бошқа ичак тизими касалликлари даврида қишловга кетадиган асалари оилаларида мумкин қадар кўпроқ ёш асаларилар
етиштириш лозим. Сентябрь-октябрь ойларида туғилган ёш асаларилар йилнинг бошқа ойларида туғилганларга нисбатан, қишловнинг ҳар қандай ноқулай шароитларига чидамли бўлади.
Бундай асалариларда ёғ таначалари ҳамда ўрта ичак шиллиқ пардасини ҳимоя қилувчи периферик мембраналар яхши ривожланган бўлади. Асаларининг орқа ичагидаги каталаза ферменти ичак чириш жараёнини тўхтатади.
Табиатда гулшира келмай қолган тақдирда, асалари оиласига рағбатлантирувчи шакар шарбатидан бериб туриш лозим. Бунинг учун сентябрь-октябрь ойларида ҳар бир асалари оиласига фақат кечқурунлари 250-300 мл шакар шарбатидан бериб туриш мақсадга мувофиқ.
Асалариларни лабораторияда текширув даврида, орқа ичагида нозематоз споралари аниқланган даврда, шакар шарбатига оз миқдорда фумагилин ёки нозематол препа-
ратларидан қўшиб бериш мумкин.
Асалари қишловида ўткир асал қолдиқлари аралашмаси қўшилган озуқалар ва тез кристалланадиган асаллардан фойдаланмаслик лозим, Бундай озуқаларни сифатли асал озуқалар билан алмаштириш ёки 1,5:1 нисбатдаги шакар шарбати билан озиқлантириш лозим.
Асалари оиласи қишловга кам озуқа захираси билан кирган бўлса, бу даврда уларга январь-февраль ойларида асал ва шакар аралашмасидан тайёрланган хамирсимон кандилар тайёрлаб, уядаги рамкалар устидан бериб, озиқлантириш мумкин. Даволовчи кандилар қуйидагича тайёрланади: 4 кг шакар уни, 1 кг суюлтирилган асал, 50 мл сув ва 1 флакон фумигиллин ёки бир пакет (10 дона) ноземат препаратидан қўшиб тайёрланади. Бундай даволовчи қанди озуқаси ҳар бир асалари оиласига 2-3 кг
миқдорда берилади ва асалари уяси яхшилаб ёпилади, асалари ромларининг устки томонидан ёстиқчалар билан иситилади. Қишлов даврида суюқ шакар шарбатидан ҳам
бериш мумкин. Бунинг учун 1:1 микдордаги шакар шарбати тайёрланади ва улар шиша банкаларга солиниб, оғиз томонидан 3-4 қаватли дока билан ўралади ва банка уя ичига оҳисталик билан тўнкариб қўйилади. Хамирсимон қандилардан фойдаланиш шакар шарбатига нисбатан энг оддий ва фойдали усул бўлиб, бундай озуқаларни асалариларга бериш асалари оиласини ортиқча безовталантирмайди.
Асалари оиласи қишловини соғлом ва самарали ўтказиш учун қуйидагиларга амал қилиш керак:
— қишловга кетадиган асалари оилаларига куздан бошлаб, ёш асаларилар сонини кўпайтиришга шароит яратиш;
— қишловдан олдин асалариларнинг овқат ҳазм қиладиган аъзоларида инфекцион касалликлар – қўзғатувчи нозематоз, амёбиоз ва бошқа хил касалликлар бор-йўқлигини билиш;
— қишлов учун асалари оиласини сифатли ва етарли миқдорда озуқа асал билан таъминлаш чорасини кўриш;
— қишлов даврида асалари уясини ортиқча намликдан асраш мақсадида шамоллатиш воситалари ва мўътадил ҳароратни таъминлаш учун уяни иситишни таъминлаш;
— қишлов даврида асалари оиласини ортиқча безовталантирмасдан, уларни ҳар хил кемирувчи зараркунандалардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш.
Манба: «Асаларичилик» Тузувчилар: Д.Р.Жўраева – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти таянч докторанти. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ




















