АСАЛНИ «АСАЛ»ДАН ФАРҚЛАЙ БИЛИНГ

48

Бугун асални хоҳлаган бозор расталаридан ёки сизга таниш, нотаниш бўлган «асалнинг зўри»ни сотувчилардан топиш қийин эмас. Маҳсулот қанча кўп бўлса, истеъмолчи уларнинг энг сарасини танлашга ҳаракат қилади. Лекин кўпчилик бу неъматни ўзи таниган ёки ишончли асаларичилардан олишга ҳаракат қилади.

Бундан кўзланган мақсад оддий: аввало, асаларичи харидор таъбига қараб энг мақбул асал турини тавсия этади. Демак, биз асал турларидан яхши хабардор бўлишимиз зарур. Бундан ташқари, баъзан қиёмдан тайёрланган «асал» сотувчиларига алданиб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Хўш, тоза асални қандай фарқласак бўлади, унинг турлари бир-биридан нимаси билан ажралиб туради, нарх-навоси қандай?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида, нишонлик тажрибали асаларичи Мукаммал РАЖАБОВга мурожаат қилдик. — Асаларичилик менга ота касб, — дейди у ғурур билан. — Боларилар билан бирга улғайганман, десам ҳам муболаға бўлмайди. Лекин ҳанузгача соҳанинг сир-синоатини тўлиқ биламан деб айта олмайман.

Сиз жавоб сўраётган саволлар ҳақиқатдан, кўпчиликни қизиқтиради. Халқ орасида асосан тоғ ва чўл асали деган тушунча бор. Умуман олганда бу тўғри фикр. Одатда тоғ асали юқори сифатли ҳисобланади ва нархи ҳам шунга яраша бўлади. Улар «Ўзган асали», «Зомин асали», «Бойсун асали» тарзида жой номлари билан ҳам аталади. Чўл асали бироз бошқачароқ таснифланади. Айтайлик, бол қандай ўсимликдан олинган бўлса, ўша ўсимлик номи билан — «пахта асали», «кунгабоқар асали», «беда асали» деб аталади. Дашт ҳудудларидан олинган асаллар ҳам аксар ҳолларда чўл асали билан бир гуруҳдан саналади.

Лекин сифати, айниқса, шифобахшлиги борасида дашт асали тоғ асалидай бўлмаса ҳам, ундан кам эмас. Хусусан, ковул асали, оққурай асали ва бошқа дашт ўсимликларидан олинадиган асаллар жуда шифобахш ва хуштаъмдир. Унинг ранги оч бўлади ва бир турли ўсимликлардан олинганлиги учун таркиби тоғ асаличалик бой бўлмайди.

Тоғ асали турфа хил доривор гиёҳлар гулидан йиғилгани боис ранги тўқ (кўпинча тилларанг) бўлади. Ўзгача хушбўй ҳид таратиб туради. Шифобахшлиги ҳам бошқа асалларга қараганда юқори. Ҳозир бозорларимизда бу асалнинг бир килограмми 35-40 минг сўмдан сотилмоқда.

Бизда — хирмонда бу турдаги энг сара асал 24 минг, чўл асалининг энг паст нархи 19 минг сўмдан. Баъзан бозорларимизда, катта йўл ёқаларида шакар қиёмидан қандайдир «усул»ларда тайёрланган «асал» сотилади. Бундай «асал»лар таркибида ҳатто умуман асал бўлмаслиги ҳам мумкин.

Нотабиий бол таркиби асосан шакардан иборатлиги ва уни ҳақиқий асалга ўхшатиш учун ҳар хил кимёвий моддалар ёки турфа гиёҳлар қўшилиши сабабли соғлиққа зарар қилиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Тоза асалнинг ҳам баъзан паст нархда сотилишини инкор қилмаган ҳолда шуни айтиш жоизки, сунъий болнинг биринчи белгиси арзонлигидадир.

Сунъий ва соф асалнинг фарқли томонларидан бири шуки, тоза асалда табиий ширинликдан ташқари ёқимли таъм ҳам бўлади. Қолаверса, асални ширин дея таърифлаш унчалик тўғри эмас, аслида тоза бол сал нордонроқ бўлади. Димоқни қитиқлайди, қичитади. Аммо… ҳозир ҳид таратиш учун сунъий асалларга ҳам ҳар хил воситалар қўшишмоқда… Асалнинг рангсиз, оч сариқ, қаймоқранг, тўқ сариқ, қизғиш ва қаҳваранглари ҳам бўлади.

Тоза асал илиқроқ сувда эритилса, сал бўтаналашади. Яхши ва меъёрида «пишган» асал қотиш жараёнида бир хил кристаллашади, эришда ҳам. Бу хусусият кўпроқ тоғ асалига тегишли. Чўл асали эса устки қисмидан эриб келади. Глюкоза кристаллашувчанлик хусусиятига эга бўлганлиги учун одатда чўл асали тез қотади. Таркибида фруктоза кўпроқ бўлган тоғ асалида эса бу жараён секинроқ юз беради.

«Қўлбола» асал эса қишда ҳам қотмайди (ҳар хил воситалар билан қотирилиши мумкин). Умуман, қиш фаслида суюқ асал сотиб олишни тавсия қилмаган бўлардик. Чунки, тоза асал эритилган тақдирда ҳам шифобахшлигини йўқотади. Уни меъёрида сақлаш учун ҳарорат 60 даражадан ошиб кетмаслиги керак. Ҳақиқий ва сунъий асал орасида турадиган яна бир тур асал борки, уни нима деб аташни ҳам билмайсан киши.

Мавсум мобайнида табиатда шира кам бўлса, асалчилар асаларига шакарли сув беради. Асалари уни асалга айлантиради. Унда кам бўлса ҳам табиий асал хусусиятлари, компонентлари бўлади, лекин шифобахшлик даражасига қатъий кафолат бериб бўлмайди.

Хуллас, асални асалдан фарқлай билиш жуда муҳим. Яна бир оддий усул шундан иборатки, ёз ойларида асал гўё қуюқ пахта ёғидек бўлади ва ундан бироз олиб қошиқча билан идишга сузилганда, у худди ингичка ип каби «узилмасдан» тушаверади. Аксинча, сифатсиз яъни айтайлик, «шакар асал» бўлса, «узилиб-узилиб» қуйилади.

Мутахассилар фикрича, барча меъёрий талабларга жавоб берадиган асал ёпиқ идишда сувдан ва ҳаво намлигидан сақланса, юз йилда ҳам айнимайди. Бироқ асал вақт ўтиши билан кристалланиб, қотиб қолиши мумкин. Бунда уни суюқлаштириш учун кучсиз қиздириш керак бўлади.

Asalari соҳа истиқболи Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимизнинг тўкинлигини таъминлаб, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилмоқда. Хусусан, асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 26 январдаги «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, республикамизда асаларичиликни ривожлантириш дастурига мувофиқ ўтган 2014 йилда 834 та лойиҳа ишга туширилган. Уларда 41 минг 230 та (режага нисбатан 110 фоиз) асалари оилалари ташкил қилинди. Ушбу мақсадлар учун жами 19,2 миллиард сўм маблағлар йўналтирилган.

Эътиборлиси, бугунги кунгача жами асаларичилик субъектлари сони юртимизда 9 минг 618 тага етказилиб, уларда 424 минг 145 та асалари оилалари парвариш қилинмоқда. Ўтган мавсумда асаларичилик уюшмалари томонидан четдан 2 минг 320 та наслли она арилар оиласи олиб келинди ва шу ҳисобидан 80 мингдан ортиқ асалари пакетлари тайёрланган.

Ушбу пакетларнинг 37 мингтаси хорижий давлатларга экспорт қилинди, 43 мингтадан ортиғи янгидан ташкил этилган субъектларга етказиб берилди.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида асаларичилик маҳсулотларини сотадиган кўплаб махсус савдо дўконлари ташкил қилинмоқда. Жумладан, Сурхондарё вилоятида 2008 йилда 60 та асаларичилик субъекти фаолият кўрсатган бўлса, ўтган йилда уларнинг сони 536 тага етгани ҳамда вилоятда 500 тоннадан ортиқ асал етиштирилгани соҳа тараққиётига бир мисолдир. Қолаверса, республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам бу тармоқда жуда катта ўсиш, ривожланиш босқичларини кўришимиз мумкин.

Асаларилар қандай сув ичади? Асалариларга ҳам чучук сув, ҳам шўр сув керак. Шу сабаб битта челакка чучук сув, иккинчисига бир литрда бир ош қошиқ туз нисбатида шўр сув қуйинг.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!