Асални қандай қилиб тозалаш ва навларга ажратиш мумкин?

Асал таркибида икки хил механик аралашма бўлади: табиий ва кейин тушган ҳар хил аралашмалар. Чанг ва крахмал заррачалари, сувўтлари ҳужайралари, ачитқи ва бошқалар табиий механик аралашмаларга киради, уларнинг асалга тушиши асаларичига боғлиқ эмас.

Бошқа аралашмалар – мум парчалари, ёғоч, ўлган асалари танаси ёки унинг қисмлари, асалари личинкаси, ёрдамчи майда-чуйда ахлат заррачаларининг тушиши асаларичига боғлиқ. Аризордан асал жуда тоза чиқиши, унда ҳеч қандай аралашмалар бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, ифлосланган асални тайёрлов-савдо базаларида тозалашга тўғри келади, бунинг учун асал иситилади, бу эса унинг сифатини анчагина туширади.

Асал ифлосланишининг олдини олиш учун асаларичи бир қатор қоидаларга риоя қилиши керак: асаларилар учиб кира олмаслиги учун асални ойнаси майда катакли тўр билан тўсилган бино ичида ҳайдаши, ромлардан асалга ёғоч парчалари, мум парчалари тушиб кетмаслиги учун мум инларни эҳтиётлик билан очиши, арихоналарни текшириш вақтида уни ерга қўймаслиги керак, чунки унга тупроқ, ўт, ёғоч парчалари ва бошқалар ёпишиб қолиши, кейинчалик улар асалга тушиб қолиши мумкин.

Ажратилаётган асал албатта элакдан ўтказилиб, асал тиндириладиган бакда сақланиши керак.

Аризорда ёғоч ёки темирдан асал тинитгич тайёрлаш мумкин. Бунинг учун асал тинитгични иситиб, ичига эритилган мум қуйилади ва мум бутун ички юзасини қоплагунча бак айлантирилади. Ортиқча мум тўкилади. Мум қатлами юпқа, мустаҳкам ва тежамли бўлиши учун асал тинитгични яхши қизитиб эритилган мумни кўпроқ олиш учун иложи борича уни тезроқ айлантириш керак.

Асални яхши тозалаш учун тинитгич оғзининг қирраларига ёғоч таёқчадан ром тайёрлаб қўйиб бак ичига осилиб турадиган сим тўр боғлаб қўйилади. Асал қизиб кетмаслиги керак, чунки иссиқдан фермент ва витаминлар парчаланиб кетиши мумкин. Асал қайнаб кетса, у карамеллашиб кетади, бунда инверт қанд мураккаб углевод карамелга айланиб, унинг ранги ва мазаси ёмонлашади. Асалнинг бузилганини унинг диастаза сони кўрсатади, бу сон асалнинг ферментатив фаоллигини, яъни асалдаги ферментларнинг бутлигини кўрсатади. Диастаза сони (10 дан паст) бўлса, бу диастаза, инвертаза ва бошқа ферментларини юқори ҳароратда ёки бошқа таъсирлар туфайли бузилганини кўрсатади.

Асални 60˚C дан юқори ҳароратда иситиш тавсия этилмайди, қисқа вақтда 70˚C гача иситиш мумкин, фақат жуда тез совитиш керак. Асал тиниқ оқ рангдан қорамтир ранггача бўлади. Асалнинг мазаси рангига боғлиқ ҳолда ўзгариб боради. Тўқ рангли асал баъзан мазаси жиҳатдан оч ранглисидан яхшироқ бўлади. Савдо амалиётида асални 3 хил нав – оч, қаҳрабо ва тўқ ранглига бўлиш кифоя қилади.

Ҳозирги пайтда асал бир хил “табиий асал” – деб сотилади. Бу ҳолат мутлақо нотўғри, чунки сифати бўйича асал жуда хилма-хилдир.

Бир грамм асалдаги диастаза ферменти томонидан бир соат ичида парчаланган 1 фоизли крахмал эритмаси миқдорига диастаза сони дейилади.

Маълум бир сифатга эга бўлган асал олиш мақсадида ҳар хил навларни аралаштиришга купажирлаш дейилади. Купажирлаш орқали асалнинг мазасини, хушбўйлигини, ранги ҳамда қуюқ-суюқлигини яхшилаш мумкин.

Юртимизда оч рангли асаллар – оқ қурайдан, пахтадан, тўқ рангли асаллар эса тоғли ҳудудлардаги ўсимликлардан олинади.

Манба: “Асалари – фойда бари” (Собиржон Мамасотиев, Неъматжон Ҳошимов, “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриёти, Тошкент-2012) қўлланмаси.

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.