Баланд адир даштликлари даромад манбаига айланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида иссиқхоналар мажмуасини барпо этиш лойиҳаси билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар бандлигини таъминлаш мақсадида доимий даромад манбаига кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берган эди. Бугун вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида «Бир жойда – минг оила иссиқхонаси» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Бу борадаги ишлар жадал бошлаб юборилган. Жумладан, «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати” МЧЖ Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдонда ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона қурмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағи ва тижорат банкларининг 6,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ҳозирга қадар 800 иссиқхона фойдаланишга топширилди. Уларда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш мумкин. Яна бир ойдан сўнг қолган 200 иссиқхона ҳам тайёр бўлади.

Президентга бу иссиқхоналарнинг афзаллик жиҳатлари, мавжуд шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Мутахассислар фикрича, иссиқхоналарда «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида сифатли, экспортбоп маҳсулотлар етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади. Яна бир қулайлиги, маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.

Иссиқхоналарда йилига 3 марта ҳосил етиштириш имкони бор. Битта иссиқхонада 700 туп помидор кўчати экилган. Ҳар бир туп кўчатдан 4-5 килограммдан ҳосил олиш мумкин. Демак, 1 килограмм помидорнинг ўртача нархи 3 минг сўм бўлиб турган шу кунларда, биринчи ҳосилнинг ўзидан 7-8 миллион сўм даромад қилса бўлади.

Лойиҳа асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган, камбағал оилалар аъзоларини қишлоқ хўжалиги касбларига ўқитиш учун Агробизнес ўқув моно марказини ташкил этди. Марказда лимончилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик каби йўналишларда йилига 2000 дан ортиқ ишсиз фуқаро касбга ўқитилади.

Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлашдаги ишларни тизимли давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Камида 10 мингта иш ўрни яратиш лозимлиги қайд этилди.

– Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак, – деди давлатимиз раҳбари. – Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз зарур.

Шу ерда вилоятда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, «Голден Натс Наманган» агро томорқа хизмати” МЧЖ томонидан интенсив боғдорчиликни (ёнғоқ, бодом, олма ва олча) ташкил қилиш, чорвачилик ва сутни қайта ишлаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!