Бақлажон

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Аврора, Замин F1, Феруз.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, синмаган, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Уруғ сепиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 150–200 кг (10 сотихга 1,5–2 т) чириган гўнг солинади. Ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати. Уруғлар қўлда сепилади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади. Бақлажон кўчатларини жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрельнинг II–III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрельнинг III ва майнинг I ўн кунлигида экиш тавсия этилади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тўлиқ тутиб олгач бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Бақлажон ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қуйилгани маъқул.

Ўғитлаш. 1 сотих майдонга тук ҳолда 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ҳайдовдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 18–20, сизот суви юза ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли ерларда 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5–7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Колорадо қўнғизи ўсимликларга жиддий зарар етказади. Бу зараркунандага қарши курашда 10 сотихга препаратлардан Атилла супер 10 эм.к. (40 мл) ёки  Каратэ 5% к.э. (10 мл) препаратларини қўллаш мумкин. Ўргимчакканага қарши к.э. (150 мл), Омайт 57% эм.к. (150 мл) ёки Ниссорон 5% эм.к. (30 мл), оққанотга Моспилан 20% н.кук. (25 мл) препаратларини 60 литр сувда яхшилаб аралаштириб пуркаш тавсия қилинади.

Ҳосилни йиғиштириш. Бақлажон техник жиҳатдан етилганда меваси йириклашади, пўсти тўқ бинафша ранга кириб, усти ялтираб туради. Айни шу вақтда меванинг эти нозик, тахирсиз ва уруғи қотмаган бўлади. Бақлажон ҳосили 6-7 кун оралатиб банди билан узиб олинади. Совуқ тушиши олдидан ҳосилнинг ҳаммаси, жумладан, тузлашга кетадиган майда, пишиб етилмаганлари ҳам йиғиб олинади. Пишиб кетган бақлажоннинг ранги оқара бошлайди.

Манба: mehnat.uz