Баракалла! Сирдарйода “Саховатли ёшлар” лойиҳаси

1

Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Ёш фермерлар Кенгаши Сирдарё вилояти бўлими томонидан “Томорқа – даромад манбаи” шиори остида “Саховатли ёшлар” ҳаракати ташкил этилди.

“Саховатли ёшлар” вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишди. 100 та хонадонга кириб, турли юмушларни бажариш баробарида томорқаларга ишлов берилди.

Жами 6 минг дона помидор, 12 минг дона булғор қалампири, 6 минг дона бақлажон ва 3 минг дона карам кўчатлари, шунингдек, 20 кг укроп ва кашнич ҳамда 100 пачка бодринг уруғлари экилди.

Ёшлар шу билан чекланиб қолишмади. Кўчатлар парвариши, униб чиқиши ва ҳосилга кириш жараёнларини ҳам Бошланғич ташкилот аъзолари ўз зиммаларига олди.

Хайрли ишларга ташаббускор, одамлар корига яраётган бундай ёшларни кўриб, ҳар бир хонадон соҳиб ва соҳибалари беҳад қувонди.

Айниқса, Мирзаобод туманидаги Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомад қилувчи 97 ёшли отахон уларни кўзида севинч ёшлари билан қаршилади. Бахтга қарши, уч ўғлидан эрта жудо бўлиб, аччиқ айрилиқ дардини туйган экан. Отахон ёшларни ўз фарзандидек меҳр билан қаршилади.

Лойиҳа Сайхунобод, Боёвут, Ховос, Сирдарё, Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод, Гулистон туманлари ва Гулистон, Янгиер, Ширин шаҳарларида ҳам давом этди. Янгиер шаҳрининг меҳнатсевар ёшлари лойиҳа давомида фаоллик бобида пешқадамликни ҳеч кимга беришмади. 2000 нафардан зийод ёшларни қамраб олган лойиҳа, бир сўз билан айтганда, саховат байрамига айланиб кетди.

– Бугунги кунда ёшларимиз жуда ақлли, меҳнатсевар. Биз кексаларни кўнглини олишни, оғирини енгил қилишни ўйлашибди, кам бўлишмайди. Уларни бирлаштирган Ёшлар иттифоқига раҳмат. Қани эди ёш бўлсам, мен ҳам шу Ёшлар иттифоқига аъзо бўлардим, – дейди сайҳунободлик 89 ёшли Хожархон она.

Одамларнинг хурсандчилиги ва мамнуниятини кўриб, ёшларнинг ўзларига бўлган ишончи янада ошди. Энди улар яна 500 та хонадонга кирмоқчи! Баракалла! Ёшларнинг ушбу ҳаракати таҳцинга лойиқ.

yi.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!