Бегона ўтларга қарши механизациялашган кураш чоралари

196

Бу йилги баҳорнинг серёғин ва илиқ келиши туфайли пахта майдонларида ғумай, ажриқ, саломалейкум, қўйпечак каби бегона ўтлар ғўза ниҳоллари билан бир вақтда униб чиқди. Биламизки, ғўза ниҳоллари секин, бегона ўтлар эса тез ривожланади. Чунки ғумай ёки ажриқ аслида бегона эмас – ернинг ўзиники, ғўза эса унинг вақтинчалик “меҳмон”и.

Бегона ўтлар тупроқдаги ғўзага аталган озиқ моддалар (азот, фосфор ва калий) ва намликнинг кўп қисмини ўзлаштириб олади; ўргимчаккана, кузги тунлам, ғўза тунламлари учун озиқа манбаи; поялари ва уруғлари билан кузда пахта ҳосилини ифлослантиради, нафақат машинада, балки қўлда териладиган ҳосил сифати ва салмоғини ҳам кескин пасайтириб юборади.

Бундай нохуш ҳолатлар ғўзанинг бутун вегетация даврида бегона ўтларга қарши тизимли кураш чораларини кўришни тақозо этади. Шундай самарали чоралардан бири – бегона ўтларни ғўза қатор ораларини культивациялаш ва далаларга гербицид эритмасини пуркаш орқали йўқотишдир.

Ғўза қатор ораларида униб чиққан бегона ўтларни йўқотиш мақсадида культиваторга қуйидаги иш органлари ўрнатилади (1-расм): дисксимон (1) юмшаткич – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 5–7 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; пичоқ (2) лар – 8 дона (4 таси чап кесувчи, 4 таси ўнг кесувчи), ниҳоллардан 9–10 см узоқликда ва 6–8 см чуқурликда; ўқёйсимон (3) панжалар – 5 дона, эгатнинг ўртасига 12–14 см чуқурликда.

Дисклар грядилларга тўғри ўрнатилса, яъни диск ва қатор ўқи орасидаги масофа (ҳимоя зонасининг кенглиги) ва дискнинг бўйлама ўқдан оғиш бурчаги тўғри ростланса, кесилган ва юмшатилган тупроқ эгат томон йўналтирилади, ёш ниҳолларни кўмиб қўймайди. Ишчи органларининг 1-расмда келтирилган жойлашиш схемаси бегона ўтларга қарши ўтказиладиган биринчи ва иккинчи культивациялаш пайтида амал қилади.

Ғўзани суғоришдан кейин қатор ораларида янгидан униб чиққан бегона ўт майсалари қатор ораларини қатламлаб юмшатиш йўли билан йўқотилади. Қатор ораларининг кенглиги 90 см бўлган пайкалларда ҳар бир қаторга икки дона ротацион юлдузча (1), еттита юмшаткич панжа (2) ва битта ўқёйсимон панжа (3) жойлаштирилиши керак (2-расм). Бу ҳолда ротацион юлдузча ниҳоллардан 3–5 см узоқликда, 4–6 см чуқурликда,биринчи жуфт юмшаткич панжалар ниҳоллардан 12–15 см узоқликда 5–7 см чуқурликда, иккинчи жуфт юмшаткич панжалар ниҳоллардан 25 см узоқликда 6–8 см чуқурликда, учинчи жуфт юмшаткич панжалар ниҳоллардан 35 см узоқликда 8–10 см чуқурликда, марказий юмшаткич ва ўқёйсимон панжа эса эгатнинг ўқи бўйлаб 14–16 см чуқурликда юрадиган қилиб жойлаштирилиши зарур. Ҳаммаси бўлиб культиваторга кенглиги 60 см бўлган қатор ораларини юмшатиш учун 8 жуфт ротацион юлдузча, 21 дона юмшаткич ва 5 дона ўқёйсимон панжа, қатор оралари 90 см бўлганда, 8 жуфт ротацион юлдузча, 29 дона юмшаткич ва 5 дона ўқёйсимон панжа ўрнатилади.

60х30 схемадаги қўшқаторли пайкаллардаги бегона ўтларни дастлабки культивациялаш жараёнида йўқотиш учун 60 см кенгликдаги қатор оралиғига ишчи органлар 1-расмдагидек ўрнатилади, 30 см кенгликдаги қатор оралиғига эса икки жуфт ротацион юлдузча ниҳоллардан 3 см узоқликда ва 4–6 см чуқурликда юрадиган қилиб жойлаштирилади. Сувдан кейинги ишловларда культиватор грядилларига ҳар бир қўшқатор учун биттадан чуқур юмшаткич ўрнатилса, бегона ўтлар илдизлари билан суғурилиб чиқади ва йўқолади.

Шуни эсда тутиш лозимки, култиваторнинг ишчи органлари доимо тупроқ билан ўзаро таъсирда бўлади. Натижада ротацион юлдузчанинг ниналари синади ёки эгилади, сферик дисклар ва пичоқларнинг тиғлари ўтмаслашади, юмшаткичлар тумтоқлашади, ўқёйсимон панжаларнинг туби едирилиб кетади. Бундай ҳолатга келиб қолган ишчи органлардан фойдаланиб бўлмайди – культивация сифати тубдан ёмонлашади. Шу боис носоз органлар дарҳол янгиларига алмаштирилади.

Шуни эсда тутиш лозимки, қатқалоқни ўз вақтида юмшатиш ва ғўза қатор ораларига майин ишлов бериш кўп ёғингарчилик натижасида ўсимликларда пайдо бўладиган гоммоз ва илдиз чириш касалликларга қарши курашнинг энг синалган усулидир.

Бегона ўтларга қарши агротехник кураш тадбирларидан яна бири – бу пахта майдонларига вентиляторли ОВХ-600, VP-1, штангали ОШУ-50, ОПШХ-12/5 ҳамда М-1600 пневматик қувурли пуркагичлар ёрдамида гербицид эритмасини сепишдир. Бунинг учун Давлат кимё комиссияси томонидан рухсат этилган Стомп каби танлаб таъсир кўрсатадиган гербицидлардан фойдаланилади. Стомп дориси ҳар гектарга 1–2 л миқдорда қўлланилади. Қатор оралиғининг кенглиги 90 см бўлган бир гектар пахта майдони учун 150 л, 60 см бўлганда 200 л ишчи эритма тайёрланади, пуркагич бакларига солинади ва пуркалади.

Эритманинг елкага осиладиган ОРПД-12М (12 литрли бак) ёки ОГ-101 “Аида” русумли (16 литрли бак) енгил қуроллар ёрдамида тасма усулида бевосита ниҳоллар устига сепиш мумкин. Самара жуда юқори бўлади.

Эритма ғўза барги ва поясига теккач, унинг ичига сингиб киради, илдизи томон ҳаракатланади ва маълум вақтдан ўтгандан кейин ўсимликни сарғайтириб қуришга мажбур этади.

Пуркагичлар сепаётган дори зарраларининг майдалиги, эритманинг агрегат қамров кенглиги бўйича бир текис тақсимланишини таъминлаш учун қуйидаги талаблар бажарилиши зарур:

пуркагичлар техник жиҳатдан соз бўлган пахтачилик чопиқ тракторларининг бирига осилади;

насос, редуктор ва манометрдаги мой сатҳи текширилади. Манометр корпуси ичида эритма бўлишига йўл қўйилмайди;

барча бирикмалар маҳкамланади, резина шланглардан эритма томчиламаслиги, ҳаво сўрилмаслиги керак;

вентилятор паррагини айлантирувчи ва кожухини тебратувчи механизмлар текширилади. Вентилятор кожухида тешик ва ёриқлар бўлмаслиги керак;

трактор осиш механизмининг марказий тортқиси ёрдамида вентилятор ўқининг тик ҳолатидан орқага (трактор ҳаракатига тескари томонга) қияланиш бурчаги 10–12 градусга тенг бўлсин;

суюқлик тўзитгичларни соплонинг ўртасига тик ҳолатда ўрнатилган қувурдаги резьбали тешикларга қўлда қотиринг. Барча тўзитгичлар юзалари қувурга параллел бўлсин;

босим регуляторини трактор кабинасининг ўнг томонига шундай ўрнатингки, бунда унинг дастагини қўлда бураш қулай бўлсин ва монометр шкаласи тракторчига яққол кўриниб турсин. Дастак соат стрелкаси йўналишида буралса, системадаги босим ва эритма сарфи ошади, тескарисига буралса, камаяди. Пуркагичнинг ҳамма қисмлари соз ва тўғри ростланган бўлса, системадаги суюқлик босими 2–4 атм. чегарасидан чиқмайди;

манометр стрелкаси 1 атмосферадан паст босимни кўрсатганда фильтр ифлосланган ёки насос бузилган ёхуд баклар бўшаган бўлади;

агрегатни бакларда эритма тамом бўлгунча ишлатиш асло мумкин эмас, бу ҳолда насос тез ишдан чиқади;

тўзиткичларни сим билан тозалаш ман этилади.

Шундай қилиб, пахта далаларидаги бегона ўтларга қарши механизациялаш кураш чораларини қўллаш муҳим вазифалардан биридир.

М.Тошболтаев, т.ф.д., А.Қорахонов, т.ф.н., А.Ибрагимов, т.ф.н.,(ҚХМИТИ).

Дўстларингизга ҳам улашинг!