Беҳи парваришлаш

Экиш учун тавсия этиладиган беҳи навлари: Изобильная, Самаркандская крупноплодная ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрига 6–10 кг гўнг (чиринди), 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Беҳи 3×3 м схемада кузда – ноябрь ойида, эрта баҳорда – февралнинг охири–март ойи бошларида экилади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмининг 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонига олиб қўйилади.

Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 3 сотих бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонга беҳи навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 6 сотих бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 10 сотих бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

 

“Ёз меваси – қиш хазинаси”.

Халқ мақоли.

 

 

 

 

 

 

Парваришлаш. Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришининг олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, ҳалқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб ҳалқасимон шохлар калталаштирилади.

Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларининг кўпайишига олиб келади.

Томорқадаги беҳи дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади. Бўз тупроқларда беҳи дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Беҳи дарахтига зараркунандалардан беҳи қурти, касалликлардан монилиоз зарар келтиради.

Беҳи қуртига қарши Каратэ (100 л сувга 30–40 г), Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотих майдонга 15–20 мл) қўлланилади.

Монилиоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши дори воситаларини куртаклар ёзилгунига қадар ишлатиш талаб этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Беҳи асосан кузда сентябрь-октябрь ойларида пишади. Мевалар терилганидан сўнг етилиш даврини ўташи керак. Шундагина беҳи мевалари навга хос рангга киради, таъми етарлича ширин бўлади. Айни пайтда беҳи меваларидаги пектин моддасининг кўплиги ундан қайта ишланган маҳсулот (мураббо, жем, шарбат ва компот) ишлаб чиқариш учун қимматли хомашё бўлиб хизмат қила олади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.