Билим, меҳнат ва ҳаракат

Нафақат Фарғонада, балки мамлакатимизда ҳам Олтиариқни тадбиркорлар ва омилкорлар тумани деб бежиз айтишмайди. Бунинг сабаблари бор, албатта. Боиси, олтиариқликлар халқ хўжалигининг барча соҳа ва тармоқларида ташаббускорлик билан иш юритиб, самарали натижаларга эришиб келишмоқда. Уларнинг бу борадаги ташаббуслари вилоят ҳокимлиги томонидан мунтазам равишда қўллаб-қувватланяпти.

Бугунги кунда туман миришкорлари илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялардан ҳам унумли фойдаланмоқдалар. Қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари ва деҳқонлари ҳамкорлигида бу ерда ўзига хос тажриба ҳамда маҳорат мактаби вужудга келган бўлиб, янги навлар яратиш, хориждан олиб келинган янги нав, уруғ ва кўчатларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш, маҳаллий ва минерал ўғитларни амалиётда оқилона қўллаш, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида иссиқхоналар барпо этиш, ҳар қарич ердан омилкорлик билан фойдаланиш, томорқа хўжалигидан бир йилда 3-4 маротаба ҳосил олиш каби йўналишларда ўзига хос анъаналар шаклланган.

– Ҳаётбахш дастурлар доирасида яқин истиқболда ҳудудимизда 85 млрд. 236 млн. сўмлик ҳамда 430 минг долларлик чет эл инвестицияси ҳисобидан лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда, – дейди Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзов. – Айни пайтда биргина қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича 100 та истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилиб, ҳар бир йўналишда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан мунтазам равишда тизимли мониторинг олиб бориляпти. Ўтган йилнинг ўзида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 81 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 728 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳозир туманда боғдорчиликка ихтисослашган 187 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улар тасарруфидаги интенсив боғлар 788 гектарга, узумзор майдонлар эса 215 гектарга етказилди. Натижада бултур Олтиариқ туманидан 14 млн. 814 минг доллар қийматидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди ва экспорт ҳажмининг олдинги йилдагига нисбатан 2 баравар ўсиши таъминланди.

Қувонарлиси, олтиариқлик фермерлар нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳасида ҳам ҳамиша бир қадам олдинда бўлишга интилишади. Жумладан, ёш фермерлардан Исоқжон Бойматов раҳбарлигидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги тасарруфида 300 тонна ҳажмга эга музлатгичли омборхонадан унумли фойдаланиляпти. Олти гектар боғда узумнинг экспортбоп навларини парвариш қилган фермер-тадбиркор жорий йилда мева-сабзавот экспортидан катта даромад олишни режалаштирилган.

Ҳаёт давом этар экан тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Шу боис, ҳар бир олтиариқлик бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ меҳнат қилиш кераклиги, дунёга тийрак нигоҳ билан назар солиш зарурлигини жуда яхши билади. Шиддат билан янгиланиб бораётган бугунги даврнинг ҳам асосий талаби шу: билим, меҳнат ва ҳаракат. Ўз ҳаё­ти ва фаолиятини ана шу учта таянч нуқта атрофида ўзаро уйғунлаштира олган одам, албатта, ўз мақсадига эришади.

Баҳодир ЭРГАШЕВ.

Biznes Daily «Биржа» республика иқтисодий газетаси

biznes-daily.uz

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!