БИР ҲОВЛИДАГИ РИЗҚ

Ёнғоқ Juglans regia L. – ёнғоқдошлар оиласига мансуб, ёнғоқмевали дарахт. Ёнғоқ дунёдаги барча мамлакатларда, жумладан марказий Осиё давлатларида кенг тарқалган.

Ёнғоқ дарахтининг бўйи 25-30 метргача, диаметри 1,5-2 метргача етади, шох-шаббаси шарсимон ёки қуббасимон, илдиз тизими бақувват 4 метр чуқурликкача кириб боради. Ёнғоқ анчагина беор ўсимлик, нам етарли бўлган, карбонатли, қумоқ, шағалли тупроқларда яхши ўсади, иссиқсевар ўсимлик ҳисобланади, аммо қиш фаслида ҳаво ҳарорати 27-28о С гача пасаядиган ҳудудларда ҳам ўстирилади. Унинг ривожланиш даври 165-210 кун. Ёнғоқ дараҳти 300-400 йил яшайди. Ҳосилга кирган ёнғоқ дарахтидан 100-150 кг , айрим тупларидан 500 кг гача ҳосил йиғиш мумкин, 25-30 ёшга кирганда серҳосил бўлади.

Ёнғоқ дарахтининг асосий зараркунандалари ёнғоқ қурти, ёнғоқ ғалла канаси, барг ўровчилар. Уларга қарши курашда инсектицидлар, 05% ли оҳакли олтингугурт қайнатмаси қўлланилади.

Ёнғоқнинг турган битгани «хазина» дейишади. Унинг сўлим салқин соясидан тортиб, тўйимли ва шифобахш мағзигача, метин ёғочидан баргигача фойдалидир . Ёнғоқнинг таркибида 45-72 фоиз ёғ, 8-21 фоиз оқсил, 20 фоиз атрофида углеводлар, кўп миқдорда витамин С, витамин В, В1, провитамин А ва В ва каротин моддлари мавжуд. Булардан ташқари ёнғоқ мағзида минерал тузлар ва микроелементлар ҳам бор. Кўк қобиғида 25 фоиз, баргида 12 фоиз танид моддаси ҳамда 0,1 фоизгача эфир мойи сақланади. Ёнғоқ мағзи ейилади ва қандолациликда фойдаланилади, барги ва мева қобиғи эса тиббиёт ва порфюмерия саноатида ишлатилади. Халқ табобатида ёнғоқ кўпдан кўп касалликларга даво сифатида қўлланилади. Ёнғоқнинг хомлигидаги қобиқ шираси экзема, дерматоз каби тери касалликларини даволашда ишлатилади. Абу Али Ибн Сино ёнғоқнинг барг ширасини илиқ ҳолда қулоқ ичи йиринглаганда томизган. Ёнғоқнинг мағзи эндигина сут йиққан пайтида жуда фойдали бўлади. Бу даврда унда витаминлар кўпаяди. Шу боисдан ҳам ёнғоқнинг ҳали тўла пишмаган мевасидан саноат миқёсида витаминли концентратлар олинади. Ревмотизм, рахит ва тери касалликларида ёнғоқ баргларидан тайёрланган қайнатмали ванна жуда фойдалидир. Уй шароитида ёнғоқдан дамлама тайёрлаш учун қуритилган ва кукунлаштирилган ёнғоқ баргидан 1 чой қошиқ миқдорда олиб 1 стакан қайноқ сув билан дамлаб қўйилади. Дамлама совугандан сўнг, докадан сузилади, шарбати ажратилади ва кунига 3-4 маҳал 1 қошиқдан ичилади .

Ёнғоқ мағзини майдалаб, асал билан аралаштириб кунига 3-4 ош қошиқдан еб турилса, танага қувват беради. Шунингдек, простата бези яллиғланиши, аденома, ошқозон-ичак, жигар ва буйрак касалликларининг олдини олишда ҳам ёнғоқ ейиш тавсия қилинади. Атеросклероз, юрак-қон томир дардлари, семизлик, камқонликка дучор бўлишни истамаганлар учун ёнғоқ бебаҳо кўмакчи. Мағзидаги фосфор ва калций рахитнинг олдини олишда фойдали. Унда магний ҳам мавжуд, томирларни кенгайтириш ва пешоб ҳайдаш хусусиятига эга.

Агар қўл тез-тез терласа ёнғоқ барги қайнатилган сувда ювиш лозим. Милк яллиғланганда эса баргидан тайёрланган дамлама билан оғиз чайилса шифо бўлади.

Ёнғоқлар калориялилиги бўйича оқ нондан 2 баравар юқори, 100 г ёнғоқ мағизида – 850 ккал мавжуд.

Ёнғоқнинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги номи «тўртта мия» маъносини англатади. Ўрта асрларда ёнғоқ бош оғриғида ёрдам беради, деган фирк мавжуд бўлган. Қадимги юнон тарихчиси Геродот эса, ёнғоқ ақлий фаолиятга ижобий таъсир қилгани боис Қадимги Бобил коҳинлари оддий одамларга ёнғоқ ейишни таъқиқлашгани ҳақида ёзади. Коҳинлар оддий фуқарога бу нарса шарт эмас, деб фикрлашган. Аммо ёнғоқ бизга ҳозир жуда керак!

Албатта, ёнғоқнинг сири унинг миясимон шаклида эмас, балки таркибидадир. Агар кунига ҳеч бўлмаганда 2 та ёнғоқ истеъмол қилинса, хотира анча яхшиланади. Кунига истеъмол қилинган 4 та ёнғоқ эса, организмни антиоксидантлар билан кучлантиради, иммунитетни ва ҳужайралар ҳимоясини яхшилайди.

Ёнғоқларнинг қарийб 70 фоизи ёғдан иборат бўлишига қарамасдан, бу ёғларнинг аксарият қисмини тўйинмаган, фойдали ёғлар ташкил этади.

Шундай бўлсада, уларни эртадан кечгача ейиш мақсадга мувофиқ эмас. Ёнғоқнинг ҳар бир тури фақатгина меъёрида истеъмол қилинганда, ўзига хос озуқавий ва шифобахш хусусиятларга эга бўлади.

Муаттар ДОЛИМОВА, ТДАУ Андижон филиали ЎХ ва МСУ факультети талабаси

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!