Бодринг

45

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Ранний–645, Ўзбекистон–740, Зилол, Парад, Конкурент, Наврўз, Омад, Талаба ва Голландия Fдурагайларидан Алиби, Астерикс, Регал, Аякс, Суперина.

Уруғ танлаш. Экиладиган бодринг уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор, зарарланмаган бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илиқ сувда 1–2 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан сифатли қилиб тозаланади. 1 сотихга 200 кг (10 сотихга 2 тонна) чириган гўнг солинади. Чириган гўнг билан биргаликда 1 сотихга фосфорнинг 75, калийнинг ҳам 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич 1,6 кг аммофос, 1,2 кг калий хлорга тўғри келади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдалангач, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари (пол) олинади.

Экиш муддати ва схемаси. Эртаги бодринг жанубий минтақаларда очиқ майдонларга 1–10 апрельда, марказий минтақада жойлашган ва водий вилоятларида 10–20 апрельда, шимолий минтақаларда 20–30 апрельда; ўртаги муддатда жанубий вилоятларда 20 апрель–5 май, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–10 май, шимолда 1–15 май, кечки бодринг жанубда 10–20 июльда, марказий минтақаларда 15–30 июнь, шимолий минтақаларда 15–25 майда экилади. Эртаги маҳсулот етиштириш учун плёнкали ёпқичлар остига март ойининг 2–3-ўн кунлигида 70х140×40 см оралиқда уруғ ташланади. Очиқ майдонда қўлда 70×30, 90×20 см схемада 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи 1 сотихга 50–60 г (10 сотихга 500–600 г). Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор ораларини қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда ўсимлик атрофи билан юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15–16 см чуқурликда юмшатилиб борилади.

Ўғитлаш. 1 сотих ердаги бодринг соф ҳолда 5,8 кг сульфат аммоний, 2,2 кг аммофос, 1,5 кг калий хлор ўғитлари билан озиқлантирилади. Сувга талабчанлиги жиҳатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда туради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади. Вегетация мобайнида эртаги бодринг 14–15 марта, кечки бодринг сизот суви чуқур ерларда 10–11, юза жойларда эса 8–9 марта суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Бодринг уруғи эрта баҳорда қуруғича экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлса экишдан олдин уруғ бир сутка давомида сувда ивитилади. 1 кг уруғга (2 фоизли 34% Витавакс, 1,5% ли 60,7% Превикур) пуркаб, уруғни зарарсизлантириш тавсия этилади.

Бодринг зараркунандаларига – каналар, пашшалар, ширалар, трипслар, оққанотлар киради. Ўсимликнинг ўсув даврида 10 сотих ерга каналарга қарши ҳосилни йиғишдан 20 кун олдин икки марта Атилла супер 10% м.к. ёки Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) сепилади. Антракноз, пероноспороз, аскохитоз, доғланишлар, бактериоз ва ун шудринглар касалликларга қарши Колосаль Про м.к. (200–300 г/л), Пинко 10% эм.к. (0,25 л/га), Курзат Р н.кук. (200–250 г)  ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувга таёрланган аралашма ишлатилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Бодринг мевалари 5 см. дан катта бўлгандан бошлаб йиғиб-териб олишга киришилади. Йиғим-терим жараёнида бодринг новдаларига зарар етказмаслик лозим. Вақтида териб олинмаган бодринглар сарғайиб кетади.

Манба: mehnat.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!