Боғ-токзорларда апрель ойида бажариладиган агротехник тадбирлар

Жорий йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида боғ-роғлардан юқори ҳосил олиш кутилмоқда. Шаклланган меваларни сақлаб қолиш ҳамда сифатини ошириш мақсадида айни кунларда боғларни минерал ўғитлар билан озиқлантириш зарур. Бунда соф ҳолда 100–120 кг азотли, 70–90 кг фосфорли, 45 кг калийли ўғитларни тупроққа чуқур солиб, кетма-кет суғориш керак.

Олинажак ҳосилнинг сифатини оширишда дарахтларда тоқалаш усулини қўллашнинг аҳамияти катта. Тоқалаш қуйидагича бажарилади: агар мева бандида 4–5 та мева ҳосил бўлган бўлса, улар ичидан нимжон, ривожланиш даврида бир-бирига халақит берадиган довуччалар олиб ташланади. Агар битта мева бандида 4–5 тагача мева бўлса, улардан 2 тасини қолдирилиб, 2–3 таси олиб ташланади. Ушбу усулни дастлаб ўрик, шафтоли ва олхўри, сўнгра олма, нок, беҳи каби дарахтларда ўтказиш зарур.

Акс ҳолда дарахтларда ҳаддан ташқари кўп мева бўлиб, дарахт ушбу меваларнинг яхши ривожланиши учун етарли миқдордаги озуқа моддалари билан таъминлай олмайди.

Боғларда тоқалаш усули тўғри ташкил қилиниб, ўз вақтида бажарилса, дарахтлардаги мевалар яхши ривожланиб, йирик, бир хил шаклдаги ҳосил олишга эришилади.

Жорий йил қиш ойларининг илиқ келганлиги боис кўпгина касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари ҳамда тухумлари сақланиб қолган бўлиб, уларнинг эрта ривожланиши кутилмоқда. Бунинг учун дарахтлар гуллаб бўлгач, тезлик билан уларни касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўндирилмаган оҳак қўшилади)ни пуркаш зарур. Ушбу пуркашни 8–10 кун оралатиб, 1–2 марта қайтариш керак. Бундан ташқари чуқур таъсир этувчи фунгицидлар билан ишлаш ҳам яхши самара беради.

Бунинг учун дарахтлар гуллаб бўлгач “Топсин-М” препаратини 0,1% қилиб (1 л/га) сепилади. “Вектра” (0,3 л/га), “Байлетон” (0,2–0,3 л/га), “Фоликур” (0,25 л/га) препаратларидан ҳам фойдаланса бўлади.

Резавор мевали экинлардан қулупнайзорларда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, тупроқда намлик меъёрида бўлган вақтда қулупнайзор қатор оралари культивация қилиниб, туп атрофлари қўлда юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланади. Қулупнай апрель ойининг бошларида қийғос гуллай бошлайди. Бу даврда ҳаво ҳарорати ва тупроқ намлигига қараб 1–2 марта суғорилади.

Қорағатзорлар қатор оралари 25–30 см чуқурликда юмшатилиб, соф ҳолда гектарига 120–150 кг азотли, 90–120 кг фосфорли ўғит солиниб, суғорилади.

Туп таглари 15–20 см чуқурликда юмшатилади ҳамда бегона ўтлардан тозаланади. Қорағат туплари қийғос гуллаётган вақтда бир марта суғорилади.

Иссиқхоналар ва хандакларда ўстирилаётган цитрус ўсимликлари (лимон, апельсин, мандарин) яхши ўсиб-ривожланиши ҳамда мева беришини яхшилаш мақсадида тупроқнинг намлик даражаси 70-80 фоизни ташкил этиши зарур. Март ойи охири-апрель бошларида цитрус ўсимликлари ғунчалай бошлайди. ўунчалаш босқичи кунлик ҳаво ҳарорати 18–20оС ҳамда тупроқ ҳарорати 14,5–17оС бўлганда 25–28 кун давом этади.

Апрель ойи бошларида ҳаво ҳарорати 18–22оС бўлганда цитрус ўсимликлари гуллай бошлайди. Бу вақтда ўсимликларни озиқлантириш зарур бўлиб, ҳосилли дарахтларнинг ҳар бир тупи тагига 20–25 кг чириган гўнг ва 80–120 г азотли, 80–100 г фофорли ҳамда 40–60 г калийли ўғитлар солиниб, туп таглари 25–30 см чуқур юмшатилиб, сўнг суғорилади.

Юқоридаги минерал ўғитларни иккига бўлиб икки муддатда: ярми март ойи охири-апрель бошида, қолган қисми май ойи охири-июнь бошларида берилади.

Цитрус ўсимликлари гуллаётган вақт­да дарахтларда гулларнинг яхши чанг­ланиши учун иссиқхона дарчалари очилиб қўйилади, яъни иссиқхонани шамоллатиб туриш зарур.

Кейинги йиллари иссиқхоналарда цитрус ўсимликларининг гуллаш даврида гулбанди ҳашаротлар билан зарарланиши кузатилмоқда. Бунда цитрус ўсимликлари юмшоқ сохта қал­қондор, ўсимлик битлари, шира, каналар билан зарарланади. Бу вақтда иссиқхоналарни шамоллатиш билан бирга зараркунандаларга қарши гуллашдан олдин ва гуллашдан сўнг кимёвий препаратлардан “Вэртемэкс” препаратининг 0,5–0,8 фоизли эритмаси 5–6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Бунда ўсимликнинг барча қисми, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур. Қоракуясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1 фоизли Бордо суюқлиги ёки 0,5 фоизли мис, хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалганда замбуруғлардан халос этилади.

Токзорларда токлар ердан очилиб, симбағазларга кўтариб боғлангач, қатор оралари 25–30 см чуқурликда ҳайдалиб, туп атрофлари қўлда чопилиб юмшатилади.

Қуриб қолган туплар ўрнини тўлдириш учун ток тупларида қолдирилган узун новдалардан пархама (пархиш) қилиб тўлдирилади.

Ток туплари симбағазларга кўтариб боғлангач, токзорларга 10–20 т/га гўнг, соф ҳолда 60 кг/га азотли, 45–50 кг/га фосфорли, 30 кг/га калий ўғитлари солиниб, суғорилади.

Токзорларда касалликлар ривожланишининг олдини олиш мақсадида ток тупларида 2–3 та чинбарг шаклланиши билан оидиум, антракноз ва милдью касалликларига қарши Бордо суюқлиги ёки ООҚ (олтингугурт оҳак қайнатмаси) ишлатилади. Пуркаш муддатлари 2–3 та чинбарг пайдо бўлганда ООҚ билан иккинчи марта 10–12 кундан сўнг Бордо суюқлигининг 1 фоизли эритмаси ҳамда 12–15 кундан сўнг олтингугурт 25–30 кг/га ҳисобида чангланади.

Ушбу агротехник тадбирлар ўз вақтида сифатли қилиб бажарилса, боғ-токзорлардан юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

Р.Абдуллаев, қ.х.ф.н.,

Х.Абдуллаева, Ж.Агзамходжаев, М.Исроилов,
илмий ходимлар, Академик М.Мирзаев номли БУваВИТИ.
Дўстларингизга ҳам улашинг!