БОҒЛАРНИ ЎҒИТЛАШ

Ҳосилли боғга 2–3 йилда бир маротаба гўнг (гектарига 20–40 т) ҳар йили минерал ўғит (гектарига соф ҳолда 120 кг азот, 90 кг фосфор, 70 кг калий) солинади. Гўнг бўлмаса ўғитлар миқдори 30–40 % кўпайтирилади. Уч йилда бир маротаба фосфор-калий (гектарига Р180К90 кг соф ҳолда) ўғити солиб, ер чуқур (40–45 см) шудгор қилинади. Фосфор, калий ўғитлари ва гўнг кузги шудгор олдидан солинади, азот ўғити дарахт гуллашидан 2–3 ҳафта олдин гектарига 120 кг (соф ҳолда) миқдорида 20–25 см чуқурликка солинади.

Шағалли тупроқ ерларда ўғитлар миқдори 50% кўпайтирилади, азот уч маротаба – баҳорда, июнь ва июль ойларида солинади.

Йил давомида 800–1000 мм ёғин тушадиган тоғ ҳудудларида (денгиз сатҳидан 800–1200 м баландликда) ўғитлар қуйидаги тартибда солинади. Кузда (октябрь-ноябрь ойларида) ҳар гектар ерга азотнинг умумий миқдорининг 30–40% аммофос билан сульфат аммоний сифатида, соф ҳолда калий 30–40 кг, фосфор 60–70 кг органик ўғит билан биргаликда берилади. Азот ўғитининг қолган қисми (60–70%) баҳор ойларида (март-апрель) 10–12 см чуқурликда солинади. Органик минерал ўғитларнинг ушбу муддатларда солиниши уларнинг ёғинлар таъсирида тупроққа тез сингишини таъминлайди.

Ўғитлар ерга РОУ-5, НРУ-0,5, МПВ-1, КСЛ-5, ПТ-4 машиналари ёрдамида солинади.

Дарахтлар экилган қумлоқ, бўз ерларга солинадиган минерал ўғитларнинг меъёри қуйидагича: азот 120, фосфор 90., калий 45 кг/га.

Азот ўғити икки маротаба – апрель ва июль ойларида тенг миқдорда, фосфор ва калий кузда ва июль ойида тенг иккига бўлиб солинади. Бу ёзнинг иккинчи ярмида ҳосил куртакларининг шаклланишига ҳамда дарахтнинг қишга яхши тайёргарлик кўришига ёрдам беради. Ер ҳайдалган бўлса, ўғит марказдан қочирадиган НРУ-0,5 сочувчи осма механизм билан сепилади. Фосфор ва калий ўғитларини ерга чуқурроқ 20–22 см қилиб солиш учун МПВ-1 машинасидан фойдаланилади.

Боғ гўнг шалтоғи, парранда гўнгги билан озиқлантирилса яхши самара беради. Бу ўғитларга 5–6 ҳисса сув қўшиб, бир текисда суюлтириб солинади ёки сув улар солиб қўйилган чуқур орқали оқизилади.

Чиринди ва азотга бой тупроқли, оддий шох-шаббали, юмалоқ тупли боғлардаги ерга гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор, 45 кг калий солинади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!