БОҒЛАРНИ ЗАРАРКУНАНДА ВА КАСАЛЛИКЛАРДАН ҲИМОЯЛАШ

Мева боғларининг маҳсулдорлигини оширишда асосий омиллардан бири касаллик ва заракунандалардан ўз вақтида ва сифатли ҳимоя тадбирларини бажаришдир. Охирги йилларда зараркунанда ва касалликлар боғларга катта путур етказмоқда.

Уруғли мева боғларига зараркунандалардан калифорния ва гунафша ранг қалкондорлар, олма қурти, гилофли ва гирдак куялари, мева куяси, нок шира бургаси, мева қўнғир рангли ва ўргимчак канаси, бир қанча шира турлари ва тоғ ва тоғолди минтақаларда калмараз, ун шудринг касалликлари кенг тарқалган. Охирги йилларда монилиоз касаллиги ҳам кенг тарқалмоқда.

Юртимизда боғ ва токзорларни ҳимоялаш тадбирлар тизими асосан агротехник ва қисқартирилган кимёвий кураш чораларининг уйғунлашганлиги билан характерлидир.

Шу асосда боғ ва токзорларда, уларнинг парвариш даражасига боғланган ҳолда, эҳтиёжга қараб, 2–3дан то 4–5 маротаба пуркаш ишлари ўтказилади.

Калифорния, гунафша ранг қалқондорлар, нок шира бургаси, каналар ва бошқа зараркунандаларнинг захираларига қарши олма, нок ва беҳизорни эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар 5 фоизли (1 гектарга сарфи 60–100 кг) № 30 препарати пуркалади. № 30 препарати бўлмаса, шу даврда Золон ёки Карбофос препаратларининг 0,6–0,8 фоизлигини қўлласа ҳам бўлади.

Данитол, Фуфанон препаратлари (1 гектарга сарфи 1,5–3 кг) ҳам самаралидир.

Нок шира бургасига қарши нокзорлар гуллаш арафасида шу препаратлар билан такрор дориланади.

Олма қурти республикамизнинг ҳамма минтақаларида тарқалган хавфли заракунандадир. Кураш чоралари олиб борилмаса олма меваси 80-90 фоизгача тўкилиб кетади.

Олмазорларни мевахўр қуртидан ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида зараркунанда капалагининг учиш муддати аниқланиб турилади. Баҳорда биринчи капалакнинг учиш даври олманинг Ренет Симиренко, Голден Делишес навлари гуллаб бўлган вақтга тўғри келади. Иккинчи авлод берадиган капалакнинг оммавий учиш даври олма гуллагандан 45–47 кун, учинчи авлодиники эса 92-96 кундан кейин бошланади.

Тоғ ва тоғолди ҳудудлар шароитида ёз анча салқин бўлади. Шунинг учун биринчи авлод берадиган капалагининг учиш даври олманинг Ренет Симиренко нави гуллаб бўлгандан 10–12 кун кейин, иккинчи авлод капалагининг учиш вақти эса 55–60 кун ўтгач бошланади.

Дорилаш муддатларини феромонли тутқичлар билан ҳам аниқласа бўлади. Тутқичлар 3–5 гектарга 1 тадан илинади. 5 кун ичида ҳар бир тутқич билан ўртача 5–10 тадан капалак тутилса, ўша боғда ишловлар бошланади.

Дорилаш ишлари олманинг ривожига қараб белгиланганда биринчи пуркаш Ренет Симиренко навли олма гуллаб бўлгандан сўнг ўтказилади, 12–15 кундан кейин такрорланади. Учинчи дорилаш олма гуллагандан бир ярим ой кейин эрта пишиб етиладиган Жоноқи, Самарқанд тўнғичи, Тошкент баровинкаси каби навлар фақат икки маротаба дориланади.

Кўрсатилган муддатларда қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос ёки Золон (Бензофосфат) ёки БИ-58 (100 л сувга 200–300 г, 1 гектарга 2–4 л) ёки Каратэ (100 л сувга 30–40 г, 1 гектарга 0,4–0,8 л) ёки Донитол, Фуфанон (100 л сувга 100 г, 1 гектарга 1,5–3,0 л), Децис, Суми-альфа, Талстар препаратлари ҳам самаралидир.

Бордию боғларда мева каналарининг кўпайиш хавфи бўлса, бунда юқоридаги пуркашларда каналарга қарши қўлланиладиган препаратлардан (ҳўлланиладиган олтингугурт, омайт) қўшиб омухта қилиб пуркалади.

Ҳаваскор боғбонлар томорқа шароитида кўрсатилган муддатларда Карбофос ёки Бензофосфат (Золон) препаратини 10 л сувга 20 г солиб пуркашлари мумкин.

Тамаки қайнатмасидан ҳам фойдаланилса бўлади. Бунда 1 кг тамаки чиқиндиси 10 л қайноқ сувда бўктирилади ва 1 суткадан кейин сузиб олиниб, 2 баробар сув қўшилади. 10 л қайнатмага 40–50 г совун қўшиб ишланади.

Дарахтларга тутқич белбоғлар боғлаб йиғилган қуртлар йўқ қилинса химикатларни камроқ ишлатиш имкони туғилади. Белбоғ олма гуллагандан 15–20 кун кейин боғланади. Ҳафтада бир маротаба ечиб, тўпланган қуртлар йўқ қилингач яна боғлаб қўйилади. Шунингдек, тўкилган олмалар кечқурун (эрталаб эмас) териб олинади. Уларда учраган қуртлар қириб ташланади. Белбоғлардан август ойигача фойдаланилади.

Мева каналари. Мева дарахтлари, айниқса олмага кўп зарар етказади. Кана баргнинг ширасини сўради, оқибатда барги қовжирайди, қўнғир тусга киради ва тўкилади. Оқибатда дарахт ривожланишдан қолади.

Барглар ёзилгунга қадар қалқондорларга қарши ўтказиладиган тадбирлар мева каналарига қарши ҳам самаралидир.

Бордию бу тадбир ўтказилмаган бўлса, каналарга қарши кураш тадбирларини олма қуртига қарши ишлов бериш билан биргаликда олиб бориш мумкин. Қуртга қарши тайёрланган иш суюқлигига намланувчи ёки каллоидли олтингугуртни 100 л сувга 0,6–1 кг ҳисобидан қўшилади ёки бўлмаса Данитол, Омайт, Неорон препаратларини 100 л сувга 150 г ҳисобидан қўшиш мумкин. Оҳак-олтингугурт қайнатмасининг 10 лиги ҳам самаралидир. Боғларни туйилган олтингугурт билан чанглатса ҳам бўлади.

Нок дарахтига асосан нок барг бургаси, нок шира бити ва олма қурти кўп зарар келтиради.

Нок барг бургаси (шира бургаси) нокнинг энг хавфли зараркунандаси ҳисобланади. Бурга ва унинг личинкалари куртак, барг, новда ва меваларнинг ширасини сўради ҳамда шу билан бирга ўзидан ёпишқоқ ширин суюқлик шира ажратади. Зараркунанда кўпайган даврда дарахтлар ёпишқоқ нок бургаси чиқиндилари билан қопланади, барглари қораяди ва тўкилиб кетади. Мевалар қаттиқ бўлиб қолади, дарахтлар заифлашади, келгуси йил ҳосили камаяди.

Кураш чоралари. Нок шира бургасига қарши эрта баҳорда қалқондорларга тавсия этилган тадбирларни қўллаш самарали натижа беради. Мавсумда олма қуртига қарши ўтказиладиган пуркашлар нок дарахтларида ҳам ўтказилади.

Томорқа шароитида ҳашарот кўпая борса Карбофос ёки Бензофосфат, Золон (10 л сувга 20 г) ёки бўлмаса тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин.

Мамлакатимиз шароитида нок мевасини олма қурти кўп шикастлайди. Шунинг учун кураш чоралари олма дарахтида қандай олиб борилса, нок дарахтида ҳам шундай амалга оширилади.

Олма ва нокнинг парша касаллиги (калмараз) серёғин, салқин тоғ ва тоғолди шароитларида анча кенг тарқалган. Замбуруғ барг, гул, мева ва ёш новдаларни зарарлайди. Уларда тўқ жигарранг, деярли қора рангли доғлар пайдо бўлади. Зарарланган новда ва мевалар шакли ўзгаради, ёрилади. Гул ва барглар тўкилади. Касаллик юқуми тўкилган баргларда, нокда эса новдаларда қишлайди.

Юртимиз шароитида кўкламда ёғингарчилик кўп бўлган йилларда қўтир касаллиги авж олади.

Кураш чоралари. Ҳимоя тадбирларини кузда – барглар ёппасига тўкилиш даврда ёки эрта баҳорда – дарахтлар барг ёзишидан аввал ўтказиш тавсия қилинади. Бу даврларда Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Унинг иложи бўлмаса темир купороси (100 л сувга 2–3 кг) ёки мис купороси (100 л сувга 1 кг) сепилади. Мавсум давомида пуркаш ишлари такрорлаб турилади.

Дастлабки ишлов бериш куртаклар ёзила бошлаганда ўтказилади ва у пайтда Бордо суюқлигининг 1 фоизли (100 л сувга 1 кг мис купороси ва + 1 кг оҳак ёки 1 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки Вектра (100 л сувга 30 г) ёки Сапроль (100 л сувга 100 г) эритмаси пуркалади. Ёғингарчилик бўлиб турса, кейинги пуркашлар олма қуртига қарши кураш билан биргаликда амалга оширилади.

Беҳи дарахтларига асосан олма қурти ва монилиоз касаллиги кўп зарар келтиради. Беҳи гулдан чиққач мевасининг сирти жуда сертук, эти қаттиқ бўлади. Шу сабабли беҳи олма қуртининг биринчи авлодидан деярли зарарланмайди. Аммо олма қуртининг кейинги авлодлари жуда жадал ривожланади. Оқибатда беҳи меваси қурт билан кўп зарарланади.

Кураш чоралари. Беҳи дарахтлари зараркунанданинг иккинчи ва учинчи авлод қуртларига қарши дориланади.

Биринчи пуркаш олма дарахтлари гуллагандан 45–47 кун ўтгач июннинг ўрталарида ўтказилади. 12–15 кундан сўнг такрор дориланади. Учинчи дорилаш эса июлнинг охири-августнинг бошларида амалга оширилади. Бунда олма ва нок дарахтида олма қуртига қарши ишлатиладиган препаратлардан бири қўлланилади.

Монилиоз (монилиал куйиш) касаллиги охирги 4–5 йилда кенг тарқалмоқда. Беҳининг мева тугунчалари ва барглари тукли бўлгани учун ёғингарчиликдан ва шудринг тушишдан кейинги нам кўпроқ сақланади ва замбуруғнинг авж олиб ривожланишига қулай шароит туғдиради. Оқибатда гул ва мева тугунчалари кучли шикастланади ва қуриб қолади.

Кураш чоралари. Эрта баҳорда куртаклар бўртиш арафасида ёки кузда дарахтларни 3–4 фоизли Бордо суюқлиги билан жиққа ҳўллаб ювиш зарур. 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ИСО) ёки 3 фоизли темир купоросини қўлласа ҳам бўлади.

Дарахтлар гуллар арафасида ва гулдан чиққач 1 фоизли Бордо суюқлиги билан 1–2 марта дориланади. Топсин-М препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш ҳам самаралидир.

Беҳи гулдан чиқиб, зарарланган мевалари ва новдалари аниқ бўлгач (гуллагандан сўнг 15–20 кун ўтгач) барча шикастланган мевали новда ва шохлар кесиб олиниб ёқиб ташланади. Зарарланиб тўкилган барглар ва мева тугунчалари дарахт атрофини 20–30 см чуқурликда ағдариб чопиш йўли билан йўқ қилинади.

Данакли мева дарахтлари бир қатор ширалар, қалқондорлар ва сохта қалқондорлар, олхўри қурти, касалликлардан клястероспориоз, гоммоз (елим чиқиши) монилиал куйиш ва шафтолининг барг бужмайишидан кўп шикастланади.

Олхўри қурти олхўри, тоғолча мевасини кўп зарарлайди. Қурт тушган мевалар пишиб улгурмасдан тўкилиб кетади ва истеъмолга ярамайди. Тухумдан чиққан қурт мевани тешиб киради. Кемириб ичкарига кирган жойда елим ҳосил бўлади. Иккинчи авлод берадиган капалаклар олхўри гуллаб бўлгандан 1,5–2 ой кейин учади. Иккинчи авлод қуртлари «Исполинская» каби кечпишар навларни кучли зарарлайди.

Кураш чоралари. Дарахт илдиз буғизининг атрофи ва дарахт қатор оралари ағдариб чопилади. Дорилаш дарахт гулдан чиққандан икки ҳафта кейин ўтказилади. Иккинчи маротаба эса биринчи дорилашдан 1,5–2 ой ўтгандан кейин пуркалади. Олма қуртига қарши мўлжалланган препаратлар қўлланилади.

Сохта қалқондорлар олхўри, тоғолча, гилос, шафтоли дарахтларини кучли шикастлайди. Май ва июнь ойларида дарахтларни шира босиб кетади. Личинкалари новда, шох ва барг ширасини суради. Оқибатда новдалар ва шохлар қуриб қолади.

Кураш чоралари. Уларга қарши курашда қалқондорлар учун тавсия қилинган эрта баҳорда ўтказиладиган кураш тадбирлари қўлланилади. Бу жараёнда зарарланган дарахтларни озиқлантириш ва суғориш ишларига кўпроқ эътибор берилади. Дарахтлар гулдан чиққандан кейин дарҳол олма ва олхўри қуртига қарши тавсия этилган препаратлар қўлланилади.

Ўрик дарахтларида клястероспориоз кўп зарар келтиради. Шафтоли, олча, бодом, гилосни камроқ шикастлайди. Шох-шаббалари қалинлашиб, мевага кирган ўрик дарахтлари бу касалликдан кўпроқ зарарланади. Баргнинг зарарланган жойидаги тўқималар тўкилиб кетади ва тешикчалар ҳосил бўлади. Меваларда эса қўнғир тусли шишлар пайдо бўлади, елим чиқади. Касалланган куртаклар қуриб қолади. Новдаларнинг пўсти ёрилиб кетади ва елим чиқаради, гуллари тўкилиб кетади.

Кураш чоралари. Ўрик дарахтларига кузда ва келгуси йил эрта баҳорда гул куртаклари бўрта бошлаган даврда 3 фоизли Бордо суюқлиги пуркалади. Дарахтлар гулдан чиққач Бордо суюқлиги 1 фоизли қилиб сепилади. 8–10 кундан сўнг пуркаш такрорланади.

Шафтоли ва олхўри дарахтларига эрта кўкламда куртаклар бўртишидан олдинроқ бир марта 3 фоизли Бордо суюқлиги пуркалади. Гулдан чиққач 1 фоизли Бордо суюқлиги 1–2 марта сепилади. Бу тадбирлар шафтолининг барг бужмайиши касаллигига қарши ҳам самаралидир. Мавсумда Топсин-М, Вектра, Топаз препаратларини қўлласа ҳам бўлади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!