Бол етиштириш истиқболлари

Асалариларни қишга тайёрлашга ҳам боғлиқ

Куз ойларидан бошлаб асалари оилаларини келгуси мавсумга ҳозирлай бошлаган асаларичигина кўп асал олади. Етарли миқдордаги сифатли озуқа жамғариш, қишловга кучли оилаларни ҳозирлаш, асалари қишлови учун яхши шароит яратиш келгуси йилда асал мўл бўлишининг асосидир.

Агар асаларичи кузда бунинг ғамини емаса, баҳорда қўлдан чиқариб юборилган имкониятларини қайтара олмайди. Асаларичининг куз давридаги муҳим вазифаларидан бири 8-10 рамка миқдоридаги ёш асалариси бор бўлган кучли оилаларни шакллантиришдан иборатдир.

Бунда асал йиғими даврида чарчаган қари ишчи асаларилар ўрнини эгаллайдиган ёш асалариларни кўпайтириш лозим. Шу боис, кузда асосий эътиборни она асаларини юқори даражада тухум қўйишига ва уядаги ёш асалариларнинг озиқлантирилишига қаратиш лозим.

Қишлов учун асалари уясида қолдирилаётган рамкалар асаларилар кучига мос тушиши керак. Ортиқча рамкалар уянинг совиб кетишига сабаб бўлади, натижада бундай совуқ ҳарорат асалари оиласида ҳар хил касалликлар келтириб чиқариши мумкин.

Кузги назоратни амалга ошириш жараёнида асаларичи асалари оиласи учун барча шароитларни яратиши ва қўшимча озуқа бериб бориши лозим.

Қишловга кираётган асаларилар ҳаётининг давомийлиги унинг тухумдан чиқиш вақтига боғлиқ. Охирги тухумдан чиққан асаларилар шакар шарбатини қайта ишлашга ва асалари оиласини қишловга тайёрлашда қатнашмайди ва ўзининг физиологик ҳолати бўйича қишловни яхши ўтказади.

Асалари оиласини қишловга тайёрлаш учун, албатта, асалари оиласини кузги текширувдан ўтказиш лозим. Бунинг учун оила кучига эътибор бериш (у 5-6 рамкадан кам бўлмаслиги керак), она асалари зоти ва ёши, қўйган тухумларининг миқдори ва сифати, уяда қолдирилган рамкаларининг сифатига ва ундаги озуқанинг миқдорига алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.

Кузда кўп учрайдиган ўғри асалариларнинг ҳужумидан сақлаш мақсадида асалари уясидаги учиш туйнукларини имкон қадар кичрайтириб, бир-иккита асалари кирадиган даражада торайтириб қўйилади. Асалари оилалари орасида кучсиз, оч қолган, ночор, она асалариси бўлмаган оилалар бўлмаслиги лозим. Оилани текширувдан ва озиқлантиришдан сўнг уялар олдида асал томчилари, шарбат қолдиқлари, мум бўлаклари, озиқлантириш идишларини қолдириб бўлмайди. Текширув ишларини эрталаб ёки кечки пайт тезкорлик билан сифатли ўтказиш мақсадга мувофиқ. Асалари қутиси қопқоқларини узоқ вақт очиқ қолдирмасдан, балки имкон қадар рамкалар устига ёпқич мато ташлаб, текширув ишларини ўтказиш лозим.

Асалари оиласини узлуксиз озиқлантириш учун уларга сифатли кристалланмайдиган, қотмайдиган асал озуқаси қолдириш ёки асал озуқаси кам бўлган оилаларга эса қишловга кетадиган оилаларга рацион асосида озуқа шакар шарбати тайёрлаб бериш лозим.

Қишлов учун ёш асалариларни кўпайтириш мақсадида ҳар бир асалари оиласига 200-250 граммдан, 50 фоизли шакар шарбати тайёрлаб берилади. Бундай боқув қишловга кираётган асалари оилаларидаги ёш асалариларнинг кўпайишида муҳим ўрин тутади. Озиқлантириш учун зарур шакар шарбатини қуюқроқ қилиб тайёрлаш ва уларга 2-3 грамм сирка ёки лимон кислотаси қўшиб нордонлаштириш лозим. Бу эса шакар таркибидаги сахарозанинг таркибий қисмлари бўлган глюкоза ва фруктозанинг тезроқ парчаланишига, асалариларнинг қишки озуқа учун берилган шакар шарбатини қайта ишлашини кучайтиришга ёрдам беради.

Асалари оиласини қишловга тайёрлашдан олдин уларнинг ҳар хил касалликларига ҳам қарши курашмоқ лозим. Қишловга кираётган асалари оилаларида варроатоз, акарапидоз, ҳар хил кана ва битларга қарши “Байварол”, “Флюцин”, “Бипин-т” каби дорилардан уч маротабагача қўллаш ҳамда кемирувчи зараркунандаларга қарши тадбирларни амалга ошириш лозим. Бунинг учун асалари қутисидаги учиш туйнукларини битта асалари кириб чиқадиган даражада торайтириб қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Асалари оиласида очиқ ва ёпиқ насл бўлмаган даврда “Бипин-т” препаратидан фойдаланиш яхши натижа беради. Ўтказилган ҳар бир ишловдан сўнг, албатта, варроа канасининг бор-йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун қўшимча равишда ташхислар ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Агарда қишловга кираётган асаларилар танасида 1 фоиздан кўп кана борлиги аниқланса, унга қарши такрорий ишлов ўтказиш керак, кана миқдори ҳар 100 та асалари танасида 1 фоиздан кам бўлган тақдирда, бундай асалари оилаларига канага қарши ишлов берилмаса ҳам уларни қишловдан соғ-омон чиқишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Қишловни намунали ўтказиш мақсадида қишловга кираётган асалари оиласи сақланаётган қутиларда, қишнинг совуқ кунларида етарли даражадаги иссиқликни сақлаб қолувчи чораларни кўриш, қутидаги барча тешик ва ёриқларни суваб, беркитиш лозим.

Асалари оиласи қишловини намунали ўтказишни таъминлаш мақсадида асалари оилалари жойлаштириладиган қишлов майдончаларини тўғри тайёрлаш лозим. Бунинг учун кучли шамол эсадиган йўлларни тўсадиган ихота дарахтлар, иморатлар бўлиши ва шунга ўхшаш асалари қишловига халақит бермайдиган жойларни тўғри танлаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир.

Асалари оиласи қишловининг муваффақиятли ўтиши бу ҳар бир асаларичи учун синовдир. Бу синов юртимизнинг тез ўзгарувчан иқлим шароитида бутунлай ўзгача ва мураккаб ҳолда ўтиши билан характерланади. Қолаверса, асалари оиласини қишловга тайёрлашда амалга ошириладиган чора-тадбирлар даври турли ҳудудларда турлича бўлиши мумкин. Лекин бу ишлар негизида асалари оиласини қишловдан соғлом, талафотсиз олиб чиқиш чораларини кўриш ва асосий асал йиғими давригача кучли асалари оилаларини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.

Омон Тўраев, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

Отабек Маҳмадиёров, Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ўқитувчиси.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!