Бўлғуси ветеринарлар чорва комплекси фаолияти билан танишди

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан Агроиқтисодиёт техникумининг «Ветеринария» бўлими ўқувчилари ҳудуддаги “Panaev Farms” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Чорвачиликка ихтисослашган мазкур хўжаликда Германия, Австрия, Испания давлатларидан келтирилган қорамоллар, қўй ва эчкилар боқилади. Чорвачилик комплекси автоматик тарзда бошқариладиган ускуналар билан жиҳозланган. Озуқа базасини яратиш учун хўжалик тасарруфида 500 гектарга яқин экин майдони мавжуд.

Чорва комплексининг гўшт маҳсулотлари хўжалик қошидаги цехда қайта ишланиб, ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга шартнома асосида етказиб берилмоқда.

Бўлғуси ветеринарлар хўжалик фаолияти, чорва моллари парвариши, қорамол, қўй ва эчкиларни турли касалликларга чалинишининг олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/posts/bolgusi-veterinarlar-chorva-kompleksi-faoliyati-bilan-tanishdi_255078