Булунғурда қарийиб 2 минг гектар ерга картошка экилади

2021 йил ҳосили учун 1 минг 850 гектар майдонга картошка экиш режалаштирилди.

Тажрибали деҳқонлар картошкадан мўл ҳосил етиштириш асосан уруғнинг сифатига боғлиқ эканлигини яхши билишади. Шу мақсадда, мамлакатимиз Президенти ва ҳукумат томонидан картошкачиликни ривожлантириш, унинг иқлимбоп ва серҳосил навларини маҳаллийлаштириш юзасидан истиқболли лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда Самарқанд вилоятида 9 минг 414 гектар ерга картошканинг “Пекас”, “Гала”, “Фонтане”, “Эволюшн”, “Аризона” сингари R1 навлари экилган бўлиб,131 минг 557 тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олинди.

Президентимизнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга асосан, Булунғур туманининг Ф.Йўлдош, Х.Олимжон, Килдон, Навоий ва А.Махсумов агрофирмалари уруғлик картошканинг супер элита авлодини етиштиришга ихтисослаштирилди.

Қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан туманнинг Х.Олимжон агрофирмаси ҳудудида “Грен агро Зарафшон” картошкачилик кластери ташкил этилди. Кластер корхонасига ҳудуддаги 60 та фермер хўжаликларининг 435 гектар ер майдонлари бириктирилди.

2021 йил ҳосили учун 1 минг 850 гектар майдонга картошка экини экиш режалаштирилди. Шу мақсадда, “Шамсидин Жалилов” фермер хўжалиги томонидан Ф.Йўлдош, Х.Олимжон, Килдон, Навоий ва А.Махсумов агрофирмаси ҳудудларида асосий майдонларга экиш учун Голландия давлатидан 220 тонна элита авлодли уруғлик картошка келтирилади.

  “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати