Бухорода пилла топшириш бошланди

Бухоролик пиллакорлар жорий йилда 42 минг 36 қути ипак қурти уруғларини парваришлаб, 2 минг 354 тонна “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган.

Ҳар доимгидек, бу йилги мавсумда ҳам Пешкў тумани пиллакорлари вилоятда биринчилардан бўлиб, пилла топширишни бошлаб берди.

Жорий йилда туманда 2 минг 659 қути ипак қурти уруғлари боқилиши кўзда тутилган. Шундан биринчи мавсумда 2 минг 127 қути ипак қурти парваришланди. “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонаси билан қарийб 150 тонна пилла шартномаси тузилган бўлиб, шундан 60 тонна пилла фермер хўжаликлари, 90 тонна касаначиларга белгиланган. Бунинг учун мавсум олдидан мавжуд тут плантацияларини бутлаш ишлари амалга оширилди. Фермер хўжаликлари ва касаначилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномалари имзоланди.

Туманнинг энг илғор ва ташаббускор пиллакорлари бу йил вилоятимизда биринчилардан бўлиб, пилла топшириш мавсумини бошлаб бердилар.

Бугун, 21 май куни “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонасига қарашли Пешкў пилла қабул қилиш масканида  вилоят ҳокими Ботир Зарипов, секторлар раҳбарлари, пилакорлар пилла топшириш жараёнининг илк кунида иштирок этдилар.

Вилоят раҳбари қимматбаҳо хомашёни етиштиришнинг машаққатлари, соҳага давлатимиз раҳбарияти томонидан қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди. Пиллакорларни қизғин қутлаб, меҳнати учун ташаккур билдирди.

Мавсумда биринчи бўлиб, “кумуш тола” етиштириб топширган пиллакорлар совғалар билан тақдирландилар.

— 50 йилдан бери шу юмуш билан шуғулланиб келаман, – дейди Чоробод қишлоғилик Саида Бобожонова. — Бу йил 3 нафар келинларим билан 3 қути пилла қурти олиб боққандик. Шартнома режамиз 180 килограмм эди. Қуртларни яхши парвариш қилдик. Тут барги билан озиқлантиришни мунтазам ошириб бордик, ҳатто, ярим тунда ҳам озиқлантиришни давом эттирдик. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлиб, режани ортиғи билан бажардик. Юзимиз ёруғ бўлди. Бундан ташқари, бир ойлик фаолияти учун келинларимга бир йиллик меҳнат стажи ёзилди. Албатта, олинган даромад рўзғоримиз тўкинлигига хизмат қилади. Хуллас, пиллачилик билан шуғулланиб ҳам меҳнат стажи кетяпти, ҳам яхшигина даромад оляпмиз. Бундан мамнунмиз.

Яна бир муҳим жиҳат. Пилла қурти боқиш орқали хонадон эгаларига 1 қути ипак қурти учун олдиндан бир қопдан олий навли ун, 10 кг ўсимлик ёғи, 100 минг сўмдан аванс маблағи берилгани, шунингдек, шартнома режасидан ташқари хирмонга топширилган ҳар бир килограмм учун 30 минг сўмдан тўлов қилинаётгани оилалар даромадини оширмоқда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати