Чироқчида тарвуз пишди. Зойир Мирзаев деҳқонлар билан гаплашди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тарвуз етиштирувчи деҳқонлар 2020 йил 7 та давлатга 100 минг тонна тарвуз экспорт қилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, айрим деҳқонлар томонидан етиштирилган тарвузлар пишиб улгурган ва йирик савдо марказларига ҳам етказиб берилган.

Маълум бўлишича, 2020 йил 385 та фермер хўжалиги ва 591 та томорқа эгалари 14 минг гектар майдонда тарвуз етиштирмоқда. Шундан 5 минг гектардан ортиқ майдонга экилган эртапишар тарвуз 10 майдан бошлаб сотувга чиқади.

Миришкорлар етиштирган тарвуз Россия, Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Украина, Беларус каби 7 та давлатга чиқарилади. Ўтган йили 25 минг тонна тарвуз экспорт қилинган бўлса, жорий йил 100 минг тонна тарвуз сотиш режалаштирилган.

Шу муносабат билан куни кеча Чироқчи туманининг Утмайли маҳалла фуқаролар йиғинида тарвуз етиштирувчи деҳқонлар ва экспортчилар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилояти ҳокими З.Мирзаев бошчилигида ўтган очиқ мулоқотда республикамизнинг турли вилоятларидан келган экспортчилар ҳам иштирок этди.

Таъкидланганидек, Чироқчи тарвуз-қовунлари ва полиз экинлари маҳсулотларини дунё бозорларига олиб чиқишдан барча манфаатдордир, зеро, Ўзбекистонда етиштирилган ҳар қандай неъматга нисбатан жаҳонда талаб юқоридир.

Учрашув якунида ҳоким бошчилигидаги меҳмонлар лалми ерларда етиштирилаётган обиноввот тарвуз ва қовунлар парваришланаётган полиз экини далаларини айланишди.

Дўстларингизга ҳам улашинг!