Чироқчида уруғсиз ва сариқ мағиз тарвуз етиштирилмоқда

Ушбу хабарни эшитишимиз билан Чироқчи тумани томонга шошилдик.

Таъкидлаш лозимки, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Утамайли қишлоғи деҳқонлари бир неча ўн йиллардан буён тарвузнинг эртачи ва кечки навларини етиштириб, экспорт қилиш бўйича барчага ўрнак бўлмоқда. Ўша ҳудудлик тажрибали деҳқон “Равшан ҳожи” полизчилик ва сабзавотчилик фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Жуманазаров тарвуз етиштириш борасида янгилик яратиб, жорий йилдан бошлаб хорижлик селекционерлар томонидан яратилган қизил мағизли уруғсиз ва ананас таъмли сариқ мағиз тарвуз етиштиришни йўлга қўйди.

– Жорий йилда четдан келтирилган уруғсиз тарвуз навини хорижлик ҳамкорларимиз таклифига асосан 1000 дона синов тариқасида экиб кўрдик, – дейди Улуғбек Жуманазаров. – Натижаси биз кутгандан ҳам аъло бўлди. Ҳозирда ҳосил пишиб етилди. Ҳамкорларимиз тарвузлардан намуналар олиб кетишди ва сифатини юқори баҳолашди. Кейинги йилда 100 тонна ҳудди шу маҳсулотдан етиштириб бериш бўйича келишувга эришдик.

Деҳқоннинг таъкидлашича, мазкур уруғсиз тарвуз парвариши ҳам аввалгилари билан деярли бир хил, аммо уруғларни кўкартириб олиш жараёни бироз машаққатли. Белгиланган агротехник талабларга амал қилинмаса, уруғларнинг бехато кўкариши қийин кечади ва йўқотишлар катта бўлади. Ҳозирда бу йилги орттирилган тажрибалардан келиб чиқиб, мутахассислар тавсиялари асосида уруғларни бехато кўкартириш бўйича ҳам билим ва кўникмалар орттирилмоқда. Ҳосилдорлиги ҳам одатдаги тарвузлар билан бир хил.

– Биласизми, бугунги кунда истеъмолчи диди нозиклашиб бормоқда, – дейди У.Жуманазаров. – Масалан, тарвузни уруғлардан тозалаш, ҳажми йириклиги ва ҳоказо ҳолатлар истеъмолчиларда ноқулайлик туғдиради. Кўринишидан ўзимизнинг кечки лалми тарвузни эслатиб юборадиган ушбу нав эса олимлар томонидан ҳар томонлама қулайлаштириб яратилган. Яъни, ўртача катталикда, 3-4 килограммни ташкил қилади. Деярли уруғсиз. Фақат тотли ва сувли мағизнинг ўзи. Қойил қолмай илож йўқ. Энг муҳими, серқуёш заминимизнинг ўзига хослиги унинг ширинлиги ва мазасига ижобий таъсир қилган. Хорижлик ҳамкорлар эътиборини тортган томони ҳам аслида мана шу.

У.Жуманазаров фаолияти давомида ўз соҳасида юз бераётган янгиликларга алоҳида эътибор қаратади. Уруғсиз тарвуз билан биргаликда, ватани Жанубий Корея бўлган сариқ мағизли, ананас таъмини берадиган тарвуз навини ҳам синов тариқасида 1000 туп экиб парваришлади. Омилкор деҳқоннинг қайд этишича, ушбу тарвузнинг ҳам харидори жуда кўп. Шу боис сариқ мағизли тарвузга қизиқувчилар ҳозирданоқ деҳқон билан боғланишга ва уни экспорт қилишга интилмоқда.

Қаловини топсанг, қор ҳам ёғади деганларидек, утамайлилик деҳқонлар чўл шароитида тарвуз етиштириш ортидан мўмайгина даромад топиб, ўзини ҳам, давлатни ҳам бой қилмоқда. Маълумотларга кўра, биргина жорий йил май ойининг охирги 10 кунлигида ҳудуд деҳқонлари томонидан гектаридан 20 тоннадан зиёд эртачи тарвуз етиштирилиб, хорижга экспорт қилинган. Ҳали далада ҳосил мўл.

Шу ўринда яна бир гап. Тарвуз экилган далаларга борар эканмиз, ҳудуд деҳқонларининг машаққатли меҳнати натижаларини, харидорларнинг кўплигини, ҳар бир дала бошида маҳсулотлар экспортга юкланаётганини кўриш билан бирга, далаларга олиб борувчи йўлларнинг ниҳоятда таъмирталаблигининг ҳам гувоҳи бўлдик. Ҳақиқатдан Утамайли маҳалласи оралаб ўтадиган умумфойдаланувдаги йўлнинг аҳволи ниҳоятда ачинарли. Далаларга олиб борувчи йўлни-ку умуман таърифлаш қийин. Кўпчилик деҳқонларнинг таъкидлашича, келаётган харидорлар маҳалла оралаб ўтадиган йўлдан доим нолишади.

Вилоят экспортини кўтариш учун фалон сўм маблағ сарфлаймиз, юзлаб лойиҳаларни амалга оширамиз, деган мутасаддилар аввал утамайлилик деҳқонлар учун муҳим бўлган қишлоқ оралаб ўтган йўлни таъмирлаб беришса, нур устига аъло нур бўларди. Гувоҳи бўлганимиздек, улар маблағни ҳам, харидорни ҳам ўзи топади. Фақат шароит яратиб бериш керак, холос.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.