Чироқчидан 100 минг тонна тарвуз экспорт қилинади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт ҳажмини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан саналади. Қашқадарё вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигида Чироқчи туман Кўкдала қишлоғида эртачи тарвуз етиштирувчи деҳқонлар ҳамда экспортёр тадбиркорлар билан ўтказилган учрашув айни шу масалага бағишланди.
Таъкидлаш лозимки, Чироқчи туманининг Кўкдала қишлоғидаги деҳқонлар тарвуз етиштиришда ўзига хос тажрибага эга. Лалми ҳудудга сув олиб бориб, деҳқончилик қилишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Лекин деҳқонлар бунинг йўлини топмоқда. Артезиан қудуқлари қазиб, 100-150 метр чуқурликдан сув чиқариб, тарвуз далаларини суғормоқда. Махсус қўлбола иссиқхоналарда йил бошида экилган кўчатларда айни кунларга келиб, ҳар бири 4-5 килодан кам бўлмаган экспортбоп тарвузлар етилган. Деҳқонларнинг таъкидлашича, бир неча кунлардан кейин улар ғарқ пишади ва сотишга тайёр бўлади.
Жорий йил кўкдалаликлар 14 минг гектар ерда тарвуз етиштиришни режалаштилган. 5 минг 30 гектар ерга эртачи, 4 минг 718 гектар ўртачи тарвуз етиштирилаётган бўлса, 4 минг 252 гектар ғалладан бўшаган майдонларга кечки тарвуз экилиши кўзда тутилган. Деҳқонлар 7 давлатга 100 минг тонна тарвуз экспорт қилишни мақсад қилган.
photo_2020-05-08_15-31-20.jpg
Вилоят раҳбари экспортёр тадбиркор ва деҳқонлар билан учрашувда бу йилги етиштирилган тарвузни тўлиқ экспортга йўналтириш, бунинг учун барча керакли чора-тадбирларни кўриш ҳақида сўз юритди. Шунингдек, вилоятнинг экспорт салоҳияти ҳамон пастлигича қолаётгани, ҳудудда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари бошқа вилоятлар орқали чиқиб кетаётгани, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани, натижада нафақат вилоятнинг экспорт потенциали тушиб кетаётгани, балки деҳқоннинг ҳам косаси оқармаётганини таъкидлади. Эндиликда бундай ҳолатга йўл қўйилмаслигини, экспорт бўйича барча ишлар қатъий назоратга олинишини таъкидлади.
Вилоят ҳокимининг айтишича, жорий йилда Чироқчи туманида 9 минг гектар лалми ер ўзлаштирилади. Артезиан қудуқлари қуриш учун 13 миллиард сўм маблағ ажратилиши мўлжалланмоқда. Умуман олганда туманда келгуси йилларда жами 19 минг гектар лалми ер суғориладиган майдонга айлантирилади.
– Имконият бор, шароит етарли, фақат ишлайдиган одам керак, олдин харидорни топиб, кейин экинни экиш зарур, уруғ танлашда адашмаслик энг муҳим масаладир, – дея таъкидлади вилоят раҳбари.
Жорий йилда такрорий экин экиладиган майдонларда харидоргир ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича тадбиркорларни ҳамкорликка чақирди. Бу борада уларнинг фикр мулоҳазаларини тинглади. Ушбу йўналишда кўпроқ хорижлик инвесторларни жалб этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
photo_2020-05-08_15-31-30.jpg
Учрашув давомида тарвуз шарбати ишлаб чиқариш линияси қуришни мақсад қилаётган эронлик инвесторнинг ҳам фикрлари эшитилди ва ушбу масала бўйича барча шарт-шароитлар яратиб берилиши қайд этилди. Шунингдек, учрашувда бир нечта тадбиркорнинг муаммолари ҳам эшитилди, уларга тез фурсатда ечим топиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими бошчилигида тадбир қатнашчилари тарвуз пайкалини айланди ва истиқболдаги режалар ҳақида суҳбатлашди.
photo_2020-05-08_15-31-36.jpg
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА. uza.uz
Дўстларингизга ҳам улашинг!