Чорва наслчилиги – маҳсулдорлик демак

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида мутахассислар томонидан қорамоллар маҳсулдорлигини ошириш ва наслини яхшилашда сунъий уруғлантиришнинг аҳамияти, бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, чорвачиликда наслчилик-селекция ишларини самарали ташкил этиш, чорва молларининг насли ва маҳсулдорлик кўрсаткичларини яхшилаш аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бу жараёнда эса сунъий уруғлантиришни самарали ташкил этиш маҳсулдорликни ошириш, жумладан, гўшт ва сут маҳсулдорлигини кўпайтириш ҳамда уларнинг таннархини арзонлаштиришга имкон яратади.

Шунинг учун ҳам айни пайтда аҳоли хонадонлари, шахсий ёрдамчи, дехқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари бош сонини кўпайтириш ва чорвачиликда маҳсулдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу ишларни самарали ташкил этиш мақсадида “Ўзнаслчилик” давлат корхонаси томонидан наслли буқа уруғлари ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, жорий йилда корхона томонидан 1 миллион 350 минг дозадан ортиқ наслли уруғ ишлаб чиқарилиб, чорвадорларга етказиб берилди.

Сунъий уруғлантириш ишлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш чорвадорлар ва селекционерлар зиммасига қатор вазифалар, шу жумладан, чорва молларини Ўзбекистоннинг табиий экологик иқлим ва озуқа шароитларига мослашган ҳамда турли касалликларга чидамли, янги сермаҳсул зотларини кўпайтириш каби вазифаларни юклайди.

Сунъий уруғлантириш йўли билан олинган бузоқлар нисбатан тез ўсиши ва касалликларга чидамлилиги жиҳатлари билан ажралиб туради.

Соҳада наслчилик ишларини ташкил этишдан асосий мақсад – бу кам озуқа ва меҳнат сарфлаб, экологик тоза ҳамда кўпроқ ҳажмда маҳсулот етиштириш учун қорамоллар наслини узлуксиз яхшилаб боришдан иборат.

Қорамолларни сунъий уруғлантиришнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, 1-авлодда 25 фоиз, 2-авлодда 50 фоиз ва 3-авлодда 75 фоиз маҳсулдорлик ортади ва қорамол зоти яхшиланади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА